Сумалак сузинг, она

660

Байрамлар байрами – Наврўз шифобахш ва қадимий таом – сумалак билан суюкли ҳамдир. Сумалакка дуо кетган дейишади. У ҳақда кўпгина ривоятлар бор.

Қадимда одамлар очарчиликдан азият чекишар, Аллоҳдан мўлчилик, ризқ-рўз сўраб нола қилишар экан. Бир бева аёлнинг болалари: «Онажон, очмиз, нон-овқат беринг», дея оналарини ҳоли-жонига қўйишмабди. Боши қотган бечора она нима қиларини билмай супрасини қоқса, ярим ҳовучгина ун чиқибди. Ёғ идишдан бир қошиқ мойни сидириб олибди. Сўнг топганини қозонга ташлабди. Овқатга солгани туз тополмаган она, болаларим таомни бирпасда еб қўйишади, агар унга тош қўшсам, балки уларни ялаб овунишар, дея туз ўрнига қозонга тош солибди. Сўнг худодан тўқчилик сўраб, масаллиқни ковлайверибди. Вақт ўтибди, бир маҳал қозондаги овқат қизғиш рангга кириб пишибди. Она тайёр бўлган таомни сузиб болаларига берибди. Шу тариқа ун, ёғ, сув ва тошдан мазали таом – сумалак тайёр бўлган экан.
Сумалак – ҳамжиҳатликда тайёрланиб, баҳам кўриладиган таом. Аслида, сумалакни тайёрлашнинг ўзи бир байрам. Айниқса, болалар учун. Беғубор болаликнинг гардсиз дамлари кечган қишлоғимизда момолар ва қиз-жувонлар Наврўз арафасида ва ундан кейин дошқозонларда сумалак пиширишар эди. Бундай пайтларда ҳеч ким четда қараб турмас: болалар тош териб келишар, эркаклар ўтин ёришар, хотин-қизлар эса момоларга қарашар эди.
Ҳар ким ўз тегишидаги вазифани адо этиб бўлгач, эркаклар бир чеккада базм қилиб, гурунглашиб ўтиришар, болалар эса оналари бугун тергамаётганидан хурсанд бўлганча яйраб ўйнашарди. Момолар ёш хотин-қизларга Наврўз, сумалак, ҳаё, ибо, одоб-аҳлоқ ва азалий урф-одатлар ҳақида сўзлаб, уларни эзгуликка, ҳалолликка, пок­ликка ундашарди. Бундай маънили, ширин суҳбатлар сумалак пишгунга қадар, яъни, тонггача давом этарди.
Тонгда ширингина уйқудаги болакайни онаси оҳиста уйғотади. Эринибгина кўзини очган боланинг қулоғига волидаи муҳтарамаси «…жон, тур, тура қолгин, манави бир коса сумалакни …ларникига элтиб бер», деб шивирлайди. Сумалак сўзини эшитган бола ирғиб ўрнидан туради-да, апил-тапил ювиниб, сумалак ялайди. Сўнг онасининг айтганини қилиш учун кўчага чопади. Яқинларига, қўни-қўшниларга бир косадан сумалак улашаётган бола, аслида сумалак эмас, меҳр-оқибат, ризқ-рўз ва эзгулик улашади, гўё.
Айтишларича, сумалак пишираётганда ҳамманинг кўнгли пок, нияти тўғри бўлиши керак экан. Шундагина тонгда фаришта унга панжа уриб кетар, панжа урилган сумалак эса жуда ширин бўлар экан. Яна айтишадики, қозон ковлаётганда кимда-ким яхши ният қилса, нияти албатта, ижобат бўларкан.
Мана, дошқозонда сумалаклар, кўнгилларда шодликлар қайнар фасл ҳам келди. Борди-ю, ўша болаликдаги каби менга ҳам яна капгир айлантириш насиб этса, бир ният қилган бўлардим:
Оналар, тонгда сумалак сузингизлар!
Болалар, тонгда сумалак кўтариб, эшик қоқингизлар!

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch»