Ўзбекистонда “Hotel Business Forum — 2021” бўлиб ўтди

9

Тошкент шаҳрида «Меҳмондўстлик саноатини қайта ишга тушириш 2020/21: Имкониятлар ва истиқболлар» мавзусидаги халқаро бизнес форум ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Отельерлар Ассоциацияси томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида ташкил этилди. Форумни Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов очиб берди. “Сайёҳлар оқимининг камайиши натижасидаги йўқотишлар иқтисодиётнинг барча соҳалари кўрсаткичларига таъсир кўрсатди ва дунё саноатининг ривожи учун туризм соҳасининг қанчалик аҳамиятга эга эканини намоён қилди. Пандемия билан боғлиқ мураккаб вазиятни англаган ҳолда Ўзбекистон ҳукумати ва мен шахсан ўзим сайёҳлик соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқдамиз, ва бу ўринда меҳмонхона бизнеси вакиллари соҳа учун устувор ўрин эгаллайди. Туризм соҳасини, жумладан, меҳмонхоналар фаолиятини қайта тиклашдан асосий мақсадимиз — соҳа мутахассисларини, айниқса ёшларни иш билан таъминлашдан иборат, бу эса ўз навбатида халқимиз ҳаётининг иқтисодий фаровонлиги омили бўлиб хизмат қилади. Биз тез орада инқироз давридан чиқиб кетамиз ва туризм соҳасини Сизлар билан биргаликда яна бир бор мамлакатимиз иқтисодиётининг илғор соҳаларидан бирига айлантирамиз ва мен бунга ишонаман!”, – дейди Бош вазир ўринбосари. Шунингдек, тадбирда онлайн равишда “UNWTO” Бутунжаҳон туризм ташкилоти вакили Аллесандра Прианте, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раис маслаҳатчиси Садик Бадаклар фаол иштирок этишди. Мазкур тадбирда 150 га яқин маҳаллий ва хорижий меҳмонхона вакилларини, (онлайн шаклида ҳудудлардан 160 дан ортиқ меҳмонхона вакиллари), дипломатик корпус вакиллари, хорижий меҳмонхона бизнеси экспертлари, маркетологлар, IT-компаниялар ва бир қатор туризм соҳа вакиллари ҳам қатнашди. Форумда меҳмонхона бизнесини тиклаш ва саноатни оптималлаштириш, пандемия даврида инқирозга қарши ечимларни излаш учун бизнес моделларни қайта тузиш, янги стратегияларни шакллантириш, коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини бартараф этиш ҳамда туризм соҳасидаги асосий масалалар муҳокама қилинди. Форум доирасида Президентимизнинг 2020 йил 19 майдаги «Туризм соҳасини санитария-эпидимиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора тадбирлари тўғрисида»ги 4755-сонли қарорига мувофиқ янги жаҳон стандартларига асосланган “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” (Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат КАФОЛАТЛАНГАН) тизими жорий этилганига доир тегишли маълумотлар берилди. Пандемия шароитида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар саломатлигини ҳимоя қилиш энг асосий вазифа эканлигини англаган ҳолда, уларнинг мамлакатимиз ҳудудида бўлган даврда “COVID-19” инфекциясини юқтириб олган тақдирда, уларга компенсация маблағлари Хавфсиз туризм жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилиши, ҳозирги кунда ҳукумат томонидан ушбу жамғармага 20 млрд. сўм ўтказилганлиги таъкидлаб ўтилди. “Hotel Business Forum — 2021”да 17 нафар спикерлар томонидан инқирозни енгиб ўтишга доир энг яхши тажрибалар сўзлаб берилди. Жумлaдан, “UNWTO” вакили ўзининг муваффақиятли тажрибаларини ҳамда Ўзбекистон туризм соҳасида юқори салоҳиятга эгалиги борасида сўз юритди. “Hotel Business Forum — 2021” — халқаро даражадаги етук мутахассисларни ягона манзилда мужассамлаштириб, меҳмондўстлик соҳасидаги долзарб тенденцияларни муҳокама қилиш учун кенг майдон бўлиб хизмат қилди.

Гули МАХКАМОВА