Журналистларга вояга етмаган маҳкумлар шароити таништирилди

36

Яқинда Ўзбекистон Республикаси  ИИВ ижро этиш бош бошқармаси Ахборот хизмати томонидан оммавий ахборот воситалари  вакиллари учун Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 24-сон тарбия колониясига пресс-тур ташкил этилди.Тадбир бошида тарбия колониясида ташкил этилган касб-ҳунар маркази ва тўгараклар фаолияти, колония қошидаги мактабда олиб борилаётган таълим жараёни билан яқиндан танишишди. Шундан сўнг, яшаш шароитлари, тиббий ёрдам олиш, овқатланиш жойларида бўлиб, колонияда тарбияланаётган вояга етмаган маҳкумлар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.

2020 йил тарбия колониясида жазо муддатини ўтаётган вояга етмаган маҳкумлар яшаш шароитларини янада яхшилаш, таълим олиши, касб-ҳунар ўрганишига зарур шарт-шароитлар яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўлишди. Хусусан, тарбияланувчилар ётоқхонаси, яқинлари билан узоқ муддатли учрашув хонаси халқаро стандартлар талабларига мувофиқ қайта реконструкция қилинган. 2019-2020 ўқув йилида тарбия колонияси қошида Зангиота тумани Ҳалқ таълими бўлимига қарашли 35-умумтаълим мактабининг филиали ўз фаолиятини бошлади. Ушбу мактабда 14 нафар олий тоифадаги ўқитувчилар тарбияланувчиларга таълим бериб келмоқда.

2020 ўқув йили якунида 9-синфни тугатган 10 нафар тарбияланувчи шаҳодатнома ва 11-синфни тугатган 29 нафар тарбияланувчига аттестат берилди. Тарбияланувчиларга касб-ҳунар ўргатиш мақсадида  “Автомобиль ва жихозларга техник хизмат кўрсатиш”, “Сантехник ишлари”, “Компьютер ва компьютер тизимларини созлаш ва таъмирлаш техниги” йўналишлари бўйича ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилган. Касб-ҳунар сирларини яхши ўзлаштирган тарбияланувчиларга сертификатлар бериб келинмоқда.

Тошкент вилояти Зангиота тумани “Ҳунармандлар уюшмаси” ҳунармандлари томонидан “Уста-шогирд” анъанаси асосида “Ёғоч ўймакорлиги” ҳамда “Тикувчилик сирлари” тўгарагида машғулотлар олиб борилиб, 22 нафар тарбияланувчи ўрганган ихтисосликлари бўйича сертификатга эга бўлишди. Шунингдек, ўтган йиллар мобайнида “AVTOTEST REPORT” МЧЖ билан ҳамкорликда жазо муддатини ўтаётган тарбияланувчилар ўртасида  “В”  тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш ўқув курслари ҳам ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 20 нафар тарбияланувчилардан Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ томонидан синов имтиҳонлари олинди ва ҳайдовчилик гувоҳномалари берилди.

Жазо муддатини ўтаётган 15 нафар тарбияланувчига фуқаролик паспорти расмийлаштириб берилди. Муассасада 3800дан ортиқроқ китоб фондига эга бўлган кутубхона мавжуд бўлиб, тарбияланувчилар куннинг исталган вақтида китоб мутолаа қилишлари учун имкониятлар яратиб берилган. Пресс-тур давомида Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси раҳбарияти ва масъул ходимлари билан журналист ва блогерларнинг учрашувлари ташкил этилди.

Матбуот анжумани тарзида ўтказилган учрашувда масъуллар ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Ўз мухбиримиз