“Ўзсаноатқурилишбанк”да фаолиятни трансформация қилишнинг учинчи босқичи бўйича жараёнлар бошланди

33

Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган тадбирда маълум қилинишича,  шу кунгача молия муассасасида жаҳон стандартларига мос корпоратив бошқарув ташкил этилди, риск менежмент тизими такомиллаштирилди. Бунинг учун банкда корпоратив бошқарув хизмати ҳамда корпоратив маслаҳатчи лавозими жорий қилинди. Кенгаш таркибига 4 нафар халқаро тажрибага эга мустақил аъзо қўшилиши билан бирга 5 та янги – “Стратегия”, “Тайинлаш ва рағбатлантириш”, “Йирик ва манфаатли битимлар”, “Таваккалчиликларни назорат қилиш” ва “Аудит” каби қўмиталар ташкил қилинди.

Амалда эришилаётган муҳим ўзгаришлардан яна бири шуки, илгари банкка келган мижоз алоҳида хонада пластик карта очдирган, яна бошқа ходимга учрашиб кредит олиш масаласини гаплашган, яна бошқа ходим билан терминал ускунасини расмийлаштирган бўлса, эндиликда мижозга барча хизматларни битта ходим амалга оширмоқда. Бундай мижозбай хизмат кўрсатувчи универсал ходимларнинг ҳар бир янги хизмат бўйича малакаси мунтазам ошириб борилмоқда. Жумладан, 2020 йилда 3532 нафар ходим қисқа муддатли онлайн курсларда ўқитилган бўлса, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг онлайн платформасида 1816 нафар, банкнинг ўзида ташкил этилган “E-learning” тизимида 1339 нафар, видеовебинарларда эса 421 нафар ходимлар малакаси оширилди.

Банк хизматларини мижозларга яқинлаштириш мақсадида банк хизматлари офислари 42 тага, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш марказлари (24/7) 89 тага етказилди. Яқин орада яна 100 га яқин банкоматлар келтирилиши кутилмоқда.

Рақамли банк хизматларини кўрсатиш йўлида аҳоли учун мутлақо янги 58 та хизмат турини ўз ичига олган “Joyda” мобил иловаси ишга туширилди. Илова билан биргаликда хизмат ва товарларни истеъмол кредити ҳисобига масофадан сотиб олиш имконини берувчи электрон савдо майдончаси (маркетплейс) ташкил этилди. Visa карталари учун 3D Secure ҳимоя тизими ишга туширилди.

Мижозларни тезкор кредитлаш мақсадида тадбиркорлар учун 26 турдаги, йирик корхоналарга 8 турдаги ва аҳоли учун 22 турдаги модулли кредитлар жорий қилинди. Аҳамиятлиси, ҳозирги кунда банкка омонат қўяётганларнинг 50 фоизи онлайн тарзда маблағларини омонатга қўймоқдалар. Бу шаффофликни, жараёнларда инсон омилининг тобора камаяётганини кўрсатади. Андеррайтинг тизими эса кредит олиш тизимининг босқичлари камайишига туртки бўлмоқда. Сабаби ушбу тизим орқали аввалги 5 поғонали кредитлаш тизими 2 поғоналига туширилди.

– Жорий йилдан банк фаолиятини трансформация қилишнинг 3-босқичи бўйича жараёнлар бошланди, – дейди Банк Ахборот хизмати раҳбари Б.Бозоров. – Бу йилги лойиҳаларнинг ҳам ҳар бири мижозларга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир. Банк филиаллари ихчам сотув каналларига айлантирилади, мижозбай ишлаш тизими йўлга қўйилади, Бэк-офис функциялари марказлаштирилади, мижозларга республиканинг исталган ҳудудида “ягона ойна” тамойили асосида хизмат кўрсатиш имконини берувчи CRM тизими ишга туширилади ва ҳ.к.

Зебо Намозова,

ishonch.uz