Бадахлоқ хушахлоққа ибратми?

988

Ахлоқни ахлоқсиздан ўрган, деган ибора бор. Агар ушбу даъватдан келиб чиқсак, у ҳолда бизни ахлоққа ахлоқсиз ўргатар экан-да?! Қизиқ, бу даъватда нима ибрат бор? Бу саволга жавобни кундалик ҳаётдан излаш керак бўлади.

Пойтахтдаги 17-йўналишдаги автобусдаман. Йўловчилар ишга, ўқишга шошилади. Ичкари кириш жуда қийин.
– Орқангдаги сумкангни қўлингга олсанг, яхши бўларди, – дейман ёш йигитчага. Чамаси у коллеж ўқувчиси. У индамай тенгдошига ўгирилади. Тиқилинч озгина автобусда силжишнинг имкони йўқ. Тушаётган йўловчилар ҳалиги йигитчага халақит беряпсан, деган маънода қараб қўйишади. У эса бепарво, ёнидагининг ҳам сумкаси орқасида. Уларга чидай олмай ёнимдаги киши дакки беради.
– Бобай, уйингизда ўтирмайсизми? Ни гап эрталаб мошинда? Свою тачку надо иметь. Спокойни кетасиз.
Ёшлик максимализмга мойил деган ўйга бораман, аммо «бобай» деган сўз куни билан кўнглимни хижил қилади.
Ўйга қайтаётиб, «Дамас»га ўтирдим. Ҳайдовчи ёш йигитча, соқол қўйган. Бир оз юргач, сигарет тутатди. Ёнидаги болали аёл индамади, мен ҳам ўзимни тийдим. Йигитча қувиб етаётган шеригига нималарнидир айтиб, хо-холаб кулди. Кейин вангиллатиб мусиқа қўйиб юборди.
– Секинроқ, ука! – деди ёнимдаги мижоз. – Ўзингга ҳам қулоқ керак-ку?
Шофёр ўзини эшитмаганга олади. Сигаретни бармоқлари орасида ўйнатиб, мусиқага монанд елкаларини қимирлатади.
– Ўчир мусиқангни! – бақирдим чидолмай.
– Бор, туш ёқмаса! Машина маники!
Вазиятнинг кескинлашиб кетиши хаёлимга келмаган эди. Шофёр йигит «Дамас»ни тўхтатиб, эшикни очиб, туш, бор, ҳеч қаерга бормайман, деса бўладими?! Уйга келсам, укам оёғини кўтариб ётганича телефонда томоша кўриб ўтирган экан.
– Бориб, ишдан обкелсанг бўларди-ку? – дедим унга аччиқ таъна билан.
– Айтсангиз борардим.
– Қачонгача айтиб юраман. Ўзингда фаҳм, фаросат йўқми?
Укам бунақа гапларни мендан кутмаган эди. Аламимни ундан олаётганимни билиб турсам-да, ўзимни тия олмай, уни ноўрин хафа қилиб қўйдим.
Инсон ғаройиб мавжудот. Яхшилик истайди, ахлоқни улуғлайди, лекин буларни ўзидан изламайди. У ўзидан, нега ўзимда етарли бўлмаган нарсаларни бош­қалардан талаб қилишим керак, деб сўрамайди. «Аввал ўзингга боқ, кейин нағора қоқ».
Ахлоқни фақат одоб ва хатти-ҳаракатлар тизимидан иборат, деб тушунмаслик керак. У инсон борлиғига оид воқелик.
Маънавият Шарқнинг идеали, бу идеал сиёсат, иқтисодиётга чуқур синг­ган. Ғарб идеални амалиётда, ижтимоий ҳаётни тинмай ўзгартириш, такомиллаштиришда кўради. У учун прагматизмга қурилган ахлоқ муҳим. Шарқ учун эса барча амаллар ахлоқ орқали баҳоланиши керак. Прагматизм кишини серҳаракат, креатив қилади, унга вақтдан самарали фойдаланишни, янги-янги нарсалар яратиб яшашни ўргатади. Наф, фойда кўриш унинг мақсади. Бозор иқтисодиёти пул муносабатларига қурилган. Шундай экан, ахлоқ ундан чеккада қололмайди. Биз ҳанузгача буни тўла тасаввур қила олмаяпмиз. Ахлоқ ва пул мавзусини эслашдан, тилга олишдан қўрқамиз. Тўғри, ахлоқ пул билан ўлчанмайди, аммо пул ахлоқни ҳаракатга келтириши мумкин. Шундай бўлса, пул ахлоққа айланиш кучига эга. Ушбу парадокс, агар бадахлоқ пулга эга бўлса, у бош­қаларга, айниқса, пули йўқ, қашшоқ кишига ахлоқ намунаси туюлади, деган хулосага олиб келади. Ғарб пулни ­хушахлоқ яратишга таъсирини кучайтириш борасида кўп ташаббуслар кўрсатяпти. Масалан, филантропик мақсадларда фондлар ташкил этяпти. Аммо пул ўжарлик билан кишилар хатти-ҳаракатларига кўпинча дес­труктив таъсир этаётгани кузатилади. АҚШда жиноятларнинг ярмидан зиёди пул билан боғлиқ. Ўзимизда ҳам иқтисодий жиноятлар йилдан-йилга ошиб бормоқда. Буларга пул сабабчи эмас, аммо уларда пулнинг деструктив таъсири борлигини рад этиш мушкул.

Бугун ахлоқ ва ҳуқуқ уйғунлашиш томон бормоқда. Ҳатто ахлоқни ҳуқуқ доирасида шакллантириш дидактиканинг вазифасига айланаётгандек. Яхши ният, лекин ҳуқуқни ахлоққа хизмат қилдирган маъқул. Ахлоқдаги инсонсеварлик тамойиллари қонуншуносликка сингдирилиши лозим. Биз ­бадахлоқликдан батамом қутулолмаймиз, бундай жамият йўқ. Бироқ ­бадахлоқдан ­хушахлоқлик қидириш одатидан қутулишимиз керак.

Виктор АЛИМАСОВ,
фалсафа фанлари доктори