Бўш иш ўринлари маоши сизга маъқулми?

2235

Пойтахтимизнинг ҳар бир ҳудудида туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мавжуд. Уларнинг ҳар ойда мавжуд бўш иш ўринлари учун эълон қилиб борадиган дафтари бор. Қизиқишим ортиб, февраль ойи учун ёзилган дафтарларини бирма-бир кўздан кечирдим.

Олмазор туманидаги 100-сонли махсус умумтаълим мактаби: ошпаз – 757.339 сўм, фаррош – 679.330 сўм, 191-умумтаълим мактаби ўқитувчиларига – маоши 1.900.363 сўм, кутубхоначи – ярим ставка – 1.000.000 сўм, Умид номли 194-сон МТТ инглиз тили ўқитувчиси – ярим ставка – маоши 863.802 сўм, мактабгача тарбия услубчиси – 0,75 ставка 590.200 сўм.
Чилонзор туманидаги 538-сонли болалар боғчаси мусиқий ходим – 0,5 ставка – 930.000 сўм, жисмоний тарбия бўйича тарбиячи – 0,5 ставка – 715.000 сўм. Истиқлол санъат саройи – фаррош – 0,5 ставка – 715.334 сўм, кўча тозаловчи – 0,5 ставка – 356.670 сўм, чипталарни текширувчи – 1 ставка – 862.070 сўм.
Шайхонтоҳур туманидаги Ўзбекистон Ёшлар театри – либосчи – 0,5 ставка – 469.580 сўм, электромонтер – 0,5 ставка – 375.669 сўм, чилангар-сантехник – 0,5 ставка – 357.660 сўм, 27-мактабгача таълим ташкилоти – мусиқа раҳбари – 1 ставка – 600.000 сўм, инглиз тили ўқитувчиси – 0,25 ставка – 670.000 сўм, Тошкент матбаа-ношир коллежи – психолог – 0,25 ставка – 836.470 сўм, иқтисод фани ўқитувчиси – 0,25 ставка – 270.000 сўм. Тошкент давлат консерваторияси – катта маъмур – 1 ставка – 751.339 сўм, бош овоз режиссёри – 0,5 ставка – 1.022.392 сўм, оператор – 0,5 ставка – 786.664 сўм, курьер – 1 ставка – 679.330 сўм.
Узундан-узун рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Ҳар бир ойда «Аҳоли бандлигига кўмак­лашиш марказ»лари қанчадир иш ўрни яратилгани ҳақида, яна ишга йўлланма бергани, ишга жойлаштиргани, ҳаттоки, касбга ўқитгани ҳақида ҳисобот тайёрлайди. Нима ҳам дердик: савобга йўғрилган ишлар. Аммо иш ставкалари маошларига назар ташлаб, беихтиёр ҳисоб-китоб қила бошлайсиз. Агар бу ташкилотларга иккита транспортда қатнайдиган бўлсангиз, бир ойга тахминан 128.800 сўм йўл кирага, тушликка ўртача ҳисобда 20.000 сўмдан 460.000 сўм кетади. 600 ёки 700 минг сўм маош оладиганлар уйига нимани олиб боради? Бу маошга оиласини боқадими, фарзандининг боғчасини ёки контракт пулини тўлайдими ёки рўзғорнинг ғорини тўлдирадими?
Хўш, оладиган маошингиз сизни қониқтирмаса, нима қилиш керак?

Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист