АЁЛЛАР ҲАЁТИГА БАҲОР НАФАСИНИ ОЛИБ КИРАЁТГАН ТАШАББУС

2408

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федарацияси раиси Қудратилла Рафиқов «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Хоразм вилоятида бўлди.

Ҳар бири бахтга муносиб

Сайёра ўтган йили сентябрда жазони ўташ муассасасидан қайтди. …Кичкинагина уйи янада ғариблашибди. Катта қизи олий ўқув юртига контракт асосида ўқишга кирган, пулини қандай тўлайди – боши қотди.
«Аёллар дафтари»ни шакллантириш мақсадида ўтказилган хатлов Сайёра учун айни муддао бўлди. У уйига келган ишчи гуруҳ аъзоларига дардини тўкиб солди.
Орадан кўп ўтмай Сайёрани яна йўқлаб келишди. Ва қувончли хабар – қизининг контракт тўловларининг бир қисмини тўлаб берувчи ҳомий топилганини айтишди. Қолган қисми учун таълим кредити олиш таклиф қилинди.
Буни қарангки, аёлнинг яхши кунлари олдинда экан. Имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳақидаги нияти ҳам амалга ошди. Ҳозирда уйида пишириқлар пиширяпти.
– Давлатимиздан мингдан-минг розиман, – дейди Сайёра. – Менга кўрсатилган эътибордан қанчалик мамнунлигимни ифодалаб беролмайман. Энди аввалги Сайёра эмасман. Нима қилишни, қандай яшашни биламан. Фаолиятимни кенгайтираман. Ҳали кўрасиз, туманимизнинг энг олди тадбиркорларидан бирига айланаман.
Ҳа, Урганч туманилик Сайёра Ҳасанованинг ҳаёти бир юз саксон даражага ўзгарди…

«Биринчи марта ойлик олишим»

Боғот туманидаги «Боғот Сити» хусусий корхонаси иссиқхонасида «Аёллар дафтари»га киритилган 29 нафар аёл ишли бўлди.
– Умримда биринчи марта ойлик олдим, – дейди «Гулшан» маҳалласида яшовчи Матлуба Абдуллаева. – Шошиб қолдим. Онамга рўмол, болаларимга ширинлик олиб бердим. Оиламизга барака кирди. Энди фарзандларимнинг яхши ўқиши учун шароит яратиб бера оламан.
Иссиқхонада иш бошлаган Манзура Аҳмедова, Гулчеҳра Аллаберганова, Зебо Бобожонова ҳам бир миллион сўмдан маош олишгани, ҳар куни тушликда иссиқ овқат билан таъминланганлигидан мамнун.
Шовот туманидаги юзлаб оиланинг иқтисодий шароитини яхшилашга ҳисса қўшиб келаётган «Темирйўлобод» чорвачилик хўжалигида сутни қайта ишлаш цехи фаолият бошлаши «Аёллар дафтари»даги 16 нафар хотин-қизнинг ҳаётини ўзгартириб юборди.
– Узоқ йиллар ишсиз эдим, – дейди улардан бири Нилуфар Искандарова. – Жамиятда ўз ўрнимни топганимдан мамнунман. Биз ишлаб чиқараётган 6 хилдаги сут маҳсулотлари аҳолига манзур бўлмоқда.
Янгибозор туманида «Аёллар дафтари»га кирган 40 нафар хотин-қизга 0,2 гектардан ер экинга тайёр ҳолда ажратиб берилди.
Наврўз айёми арафасида Янгиариқ туманида «Қўриқтом текстиль» корхонаси фаолият бошлагани қишлоқ хотин-қизлари учун айни муддао бўлди. Айни пайтда бу ерда 50 нафар аёл бандлиги таъминланди.
– Болалар кийимлари, мавсумбоп ­кийим-кечаклар тикяпмиз, маҳсулотларимиз қисқа фурсатда ички бозорда ўз харидорини топа бошлади, – дейди иш ­бошқарувчи Холида Отажонова. – Бежирим либосларни улкан шаҳарларда эмас, Қўриқтомдай чекка қишлоқда тайёрлаётган оддий аёлларнинг кўп нарсаларга қодирлигини кўрган опа-сингилларимизнинг рағбати ошиб бормоқда. Бу ерда ишлаш ниятидагилар сафи кенгайиб, яқинда улардан 20 нафарини қисқа ­курсларда ўқитдик.
Умуман, шу кунга қадар вилоят бўйича «Аёллар дафтари»га ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсизлар сифатида қайд қилинган 41859 нафар аёлдан 17 мингдан зиёдининг бандлиги таъминланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси вилоятдаги тўртта сектор раҳбарлари билан учрашиб, хотин-қизлар банд­лигини таъминлаш борасида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар ҳақида суҳбатлашди. Ҳар бир аёл билан меҳнат шартномаси тузилиши шартлиги алоҳида қайд қилинди. Уч ойлик жамоатчилик ишларига жалб қилиш орқали аёллар банд­лигини таъминлаб бўлмаслиги, иш ўринлари муқим бўлиши таъкидланди.

Имтиёзли кредит  муаммога ечимми?

Қўшкўпир туманидаги «Шеробод» маҳалласида яшовчи «Аёллар дафтари»га киритилган Нодира Аллакова 15 миллион сўм кредит эвазига 10 та тикув машинаси олиб, МФЙ биносининг бир қисмида тикувчилик фаолиятини йўлга қўйди. Ҳозирда у «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган яна 10 нафар хотин-қизга тикувчилик сир-асрорларини ўргатяпти.
Урганч туманида «Аёллар дафтари»га киритилган Д.Машарипова эса 29 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига Аёллар гўзаллик салони фаолиятини йўлга қўйди. Тадбиркор ўзи билан бир қаторда «аёллар дафтари»да турувчи 5 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлади.
Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин.
Шу кунга қадар номлари «Аёллар дафтари»да қайд этилган 1239 нафар аёл имтиёзли кредитлар асосида ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишди. Кредит ажратишдан олдин бизнес сирлари бўйича бир ҳафталик ўқишлар йўлга қўйилгани натижасида улар билим ва малакага эга бўлиб, қатъият ва ишонч билан ишга киришмоқда.

«Ҳунарни асрабон нетгумдир охир…»

Янгиариқ туманининг «Каттабоғ» ­қишлоғида бунёд этилган кулолчилик марказини бетакрор сайёҳлик маскани сифатида таърифласак, муболаға бўлмас. Бу ерда еттита уста кулоллар оиласи фаолият бошлади. Марказда аёллар ва ногиронлиги бўлган болалар учун касб-ҳунар мактаблари ҳам ташкил қилинган.
Ҳунарманд Барно Раҳимова «Аёллар дафтари»даги 20 нафар ишсиз хотин-қизга кулолчилик сирларини ўргатяпти.
– Ўзим ҳам турли иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирганман. Шу боис, ҳеч бир аёл ҳаётда қийналишини истамайман. Кулолчилик нафақат ҳунар, балки гўзал санъат ҳам, – дейди у. – Бу ҳунарни пухта эгаллаган инсоннинг хонадонидан файз-барака аримайди.
Федерация раиси кулолчилик сирларини ўрганаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашди.
– Икки фарзандим олий ўқув юртида контракт асосида таҳсил олади, – дейди Насиба Жуманиёзова. – Кулолчиликни пухта ўрганиб, ҳунарим орқали оиламизнинг иқтисодий шароитини яхшилашга ҳисса қўшмоқчиман.
Ҳа, бирон касб-ҳунарни пухта эгалламасдан туриб, муқим иш ўрнига эга бўлиш қийин. Шу боис, вилоятда аёлларни ҳунарга ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни кунларда Қўшкўпир туманида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизнинг 46 нафари аҳоли бандлигига кўмак­лашиш маркази томонидан Қўшкўпир уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш коллежида касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Ўқув курслари 3 йўналишда ташкил қилиниб, айни вақтда улар ошпазлик, тикувчилик, компьютер технологиялари бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлишяпти.
Вилоят бўйича 4278 нафар аёл касб-ҳунарга ўқиш нияти борлигини билдирган. Ҳозирда уларнинг 2010 нафари ўқитилиб, бандлиги таъминланди.

Энг муҳими – саломатлик

Гурлан туманида «Аёллар дафтари»га киритилган аёллардан 21 нафари 1-гуруҳ ногирони. Патронаж ҳамширалар бу аёллар хонадонига тез-тез ташриф буюриб, саломатликларини назорат қилиб боришмоқда.
Умуман, туманда «Аёллар дафтари»га киритилганлар саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича тегишли чоралар белгиланган. Яқинда улардан 163 нафари тиббий кўрикдан ўтказилиб, 130 нафар фуқарода турли касаллик аниқланиб, амбулатор ва стационар шароитда даволаниш учун йўналтирилди, 2 нафарига вилоят тиббиёт муассасаларида бепул даволаниш учун ордер, 4 нафар ҳомиладор аёлга витамин тўпламлари, 60 ёшдан ошган 7 нафар фуқарога кальций препарати тарқатилди. Чуқурлаштирилган тиббий кўриклар вилоятнинг бошқа туманларида ташкил қилиниб, аёллар соғлиғини тиклаш юзасидан тегиш­ли тавсиялар берилмоқда.
Янгиариқ туманида хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида фитнес клуби ташкил қилинди. Бу ерда каратэ бўйича Ўзбекистон чемпиони, қора белбоғ соҳибаси, спорт устаси Интизор Қўчқорова машғулотлар олиб бормоқда.
Федерация раиси хоразмлик мутасаддилар билан мулоқот жараёнида аёллар саломатлиги доимий эътиборда бўлиши кераклигини, биргина тиббий кўрик ташкил қилиш билан чекланиб қолмаслик зарурлигини таъкидлади.
Вилоятда аёлларга кўрсатилаётган ҳуқуқий, психологик ёрдамлар ҳам таҳлил қилиниб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан тавсиялар берилди.

«Ўз уйим – ўлан тўшагим»

Федерация раиси Гурлан туманидаги таъмирдан чиқарилган ётоқхона биносини кўздан кечирди. Бу иншоот боқувчисини йўқотган ва уй-жойсиз аёллар учун мўлжалланган. Ушбу турар-жой таъмири учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си томонидан 2 миллиард 300 миллион сўм миқдорида молиявий маблағ ажратилган. Бино тез кунда фойдаланишга топширилади.
Бугунги кунда Хоразм вилоятида 244 нафар 1-гуруҳ ногирони бўлган аёлнинг уй-жойи таъмирга муҳтож. 100 нафар аёл нотурар уйларда истиқомат қилади. Айни пайтда ишчи гуруҳи томонидан ушбу хотин-қизларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Янгибозор туманидаги «Қоратепа» маҳалласида истиқомат қилувчи Умида Адамбоеванинг уч нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи кўп йиллардан буён ногирон. Маҳаллада ижарама-ижара ҳаёт кечирар, кичик бир бош­панага муҳтож, фарзандлар эса кундан- кунга катта бўлишмоқда эди.
Умидага туман ҳокимлиги ва ҳомийлар ёрдамида қуриб битказилган 3 хонали уйнинг калити топширилди.
– Ўз бошпанам бўлишини орзу қилардим. Бугун ана шу орзуимга эришдим. Энди ўз уйимда оилам билан бахтли ҳаёт кечираман, – дейди Умида Адамбоева.

Маслаҳат кенгашлари фаолияти қониқарлими?

Навбатдаги оилавий жанжалдан сўнг Гулойим кўзёшларини тия олмай, тўғри маҳалла фуқаролар йиғинига йўл олди. Сабр косаси тўлди, ажрашади. У ерда ўзини психолог деб таништирган аёл у билан суҳбатлашди.
Психолог унинг сўзларини бўлмасдан тинглади, кейин эридан калтак еб, хаста бўлган аёллар, етим қолаётган болалар тақдири ҳақида сўзлаб берди.
Бир соатдан зиёд давом этган суҳбатдан сўнг келинчак уйига шошилди.
Аёллар маслаҳат кенгаши аъзолари уни табассум билан кузатиб қўйишди.
…Янгиариқ туманининг «Қўриқтом» маҳалла фуқаролар йиғинида фаол, кайвони, тадбиркор аёллардан ташкил ­қилинган «Аёллар маслаҳат кенгаши» қисқа фурсатда қишлоқ аёлларининг ҳақиқий маслаҳат марказига айланди. Бу ерда нафақат оилавий муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашилмоқда, балки кайвонилар қиш­лоқ аёлларининг фаоллигини ошириш, турмуш шароитларини янада яхшилаш юзасидан ҳам ўз таклифларини билдирмоқда.
Камсуқум ўзбек аёли ўз қалбини ҳаммага ҳам очавермайди. Уйдаги гапни кўчага чиқарма, нақлига қатъий амал қилади. Оқибатда эса аксар аёллар ўз ёғига ўзи қовурилиб, дардига дармон топмай ич-ичини еб келаётгани сир эмас. Ҳар бир маҳаллада ташкил қилинган «Аёллар маслаҳат кенгашлари» ана шундай хотин-қизлар учун кўмакдош бўлиши лозим. Гулойим каби қийинчиликлар олдида чўчиб турган аёлларни тўғри йўлга солиш, қўллаб-қувватлашда ушбу кенгашларнинг аҳамияти катта. Ким ижтимоий ёрдамга муҳтож, ким тиббий, ким психологик, ким ҳуқуқий ёрдам олишни истайди? Маслаҳат кенгаши аъзолари буларни ўрганиб, мутасаддилар олдига қўйишлари керак. Шунинг учун ҳам кўпни кўрган, элда обрў-эътибор қозонган кайвонилар аъзоликка жалб қилинган.
Маҳаллада 117 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилган. Уларнинг 68 нафари ишсиз, 7 нафари касб-ҳунарга ўқиш истагини билдирган, 21 нафари кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни, 4 нафари томорқадан даромад олиш истагида эканини билдирган. 11 нафарининг боқувчиси йўқ, 4 нафари 2 гуруҳ ногирони, 1 нафарининг уй-жойи таъмирталаб, 1 нафари тиббий ёрдамга муҳтож.
– Шу кунга қадар 34 нафар аёлнинг бандлигини таъминладик, – дейди маcлаҳат кенгаши раиси Нигора Бекжонова. – 2 нафар аёлга имтиёзли кредит ажратилди. Яна беш нафар аёл кредит олиш мақсадида ўз малакасини оширмоқда. 2 нафар аёл томорқада банд қилинди. Боқувчисини йўқотган 2 нафар аёлга субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди. 2-гуруҳ ногирони бўлган Муяссар Досовага ногиронлик аравачаси тақдим этилди Юрак хасталиги билан ҳисобда турувчи Ширин Ибодуллаевага тегишли тиббий хизмат кўрсатилди.
Федерация раиси Янгиариқ туманидаги «Қўриқтом», Шовот туманидаги «Арбек», Хонқа туманидаги «Гулистон», Урганч туманидаги «Туркманлар» маҳаллаларидаги «Аёллар маслаҳат кенгашлари» фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу маҳаллаларда «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар билан учрашди. Муаммоларни тегишли тартибда ҳал қилиш юзасидан ўз тавсияларини берди.
Ҳа, вилоятда хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар тўққиз тоифадаги 26 мингдан зиёд аёлнинг муаммоларига ечим топилди. Бу эса узоқ йиллар қийинчиликлар гирдобида қолган опа-сингилларимиз ҳаётига баҳор насимлари янглиғ хуш ҳаво олиб кирмоқда, ҳаётга муносабатини ўзгартириб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига, бошини баланд тутиб юриши учун бош омил вазифасини ўтамоқда.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»