КАСАБА УЮШМАЛАРИ УМУМКОНФЕДЕРАЦИЯСИ ЙИҒИЛИШИ

1192

2021 йилнинг 2 апрель куни Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (КУУ) Ижроия қўмитасининг навбатдаги видеоконференц алоқа шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитаси аъзолари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ­Қудратилла Рафиқов ва Федерациянинг ­масъул ходимлари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятида ҳар томонлама манфаатли халқаро алоқаларни ривожлантириш соҳасида Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (КУУ) билан ҳамкорликни кучайтириш масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги кунда мазкур ташкилотга Россия, Беларусь, Озарбайжон, Арманистон, Молдова, Грузия, Қирғизистон каби давлатларнинг касаба уюшмалари марказлари, шунингдек, қатор халқаро тармоқ касаба уюшмалари бирлашмалари аъзо ҳисобланади.
Йиғилишни Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси президенти Михаил Шмаков очиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан атрофлича маълумот берди.
Шундан сўнг Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси бош котиби ўринбосари Альберт Потапов Касаба уюшмалари Умумконфедерациясига аъзо ташкилотлар мамлакатларида Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларини ратификация қилиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маъруза қилди.
Маърузада Касаба уюшмалари Умумконфедерациясига аъзо ташкилотлар томонидан мазкур йўналишларда қатор ижобий ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Мазкур йўналишлардаги ишлар коронавирус пандемияси шароитига қарамай давом этгани, халқаро меҳнат меъёрларига риоя этиш масаласи доимий диққат марказида бўлиб келгани қайд этилди. Шу жумладан, Ўзбекистон томонидан охирги йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг 3 та конвенцияси, хусусан, «Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида»ги 144-сонли, «Саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисида»ги 81-сонли, «Қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисида»ги 129-сонли Конвенциялари ратификация қилингани, уларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътироф этилди.
Ижроия қўмитанинг видео­конференц алоқа шаклидаги йиғилишида Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси ва унга аъзо ташкилотлар тадбирларини ўтказишда видеоконференц алоқа тизимидан фойдаланиш: бу борадаги амалиёт, ­тажриба ва тавсиялар» тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Пандемия даврида мазкур тизимнинг муҳим аҳамият касб этгани, ­кўплаб тадбирлар видеоконференц алоқа шаклида ўтказилгани боис хавфсизлик таъминланиб, фаолиятнинг устувор йўналишларидаги ишларни давом эттириш имкониятлари яратилгани таъкидлаб ўтилди. Бу борадаги Ўзбекистон тажрибаси ўтказилган видеоконференц алоқа тарзидаги тадбирлардан яққол кўрингани, Ўзбекис­т­он касаба уюшмалари Федерацияси мақсадли ва ўз Уставида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган тадбирларни мазкур алоқа шаклидан фойдаланган ҳолда фаол ўтказиб келаётгани қайд этилди. Шу мақсадларда замонавий техник жиҳозлар билан таъминланган ҳолда кўплаб касаба уюшма марказлари, шу жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солишга оид масалаларда ўз ижтимоий ҳамкорлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни давом эттираётгани таъкидланди.
Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитаси йиғилишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов маъруза қилди.
– Касаба уюшмалари Умумконфедерациясининг бугунги Ижроия қўмитаси йиғилишида муҳокама этилаётган масалалар пандемиянинг давлатлар ривож­ланиши, одамларнинг турмуш даражасига қай даражада таъсир этганини кўрсатиб турибди, – деди Қудратилла Рафиқов. – Бундан кўриниб турибдики, бу ­шароитда ишлаш учун фаолият шакл ва усуллари самарадорлигини янада оширишимиз зарур. Охирги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча соҳаларда, айниқса, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли ҳаёти сифатини ва турмуши фаровонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу жараёнда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг ижтимоий шериклиги ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси видео­конференц алоқа тизимини тат­биқ этиш ва ундан самарали фойдаланиш борасида Ўзбекис­тон касаба уюшмалари тажрибасига ҳам тўхталиб ўтди. Айни пайтда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Марказий студия, Федерациянинг ҳудудий кенгашлари ва Малака ошириш институтида 15 та ҳудудий студия энг замонавий техник воситалар билан жиҳозланган. Ушбу тизимнинг яратилгани пандемия даврида айни муддао бўлди. Бош кенгаш, Ижроия қўмита йиғилиш­лари, касаба уюшма органлари мутасаддилари ва ходимлари билан селектор мажлислари, респуб­лика даражасидаги ва халқаро миқёсдаги семинар ва вебинерлар видеоконференц алоқа тизими орқали ўтказилмоқда.
Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитаси йиғилишида яна бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон касаба
уюшмалари Федерацияси
Матбуот хизмати