Янги ўлчов имкониятлари хориж лабораторияларига мурожаатни камайтирмоқда

373

Ўзбекистон миллий метрология институтида шу кунгача назорат-ўлчов учун хориж лабораторияларида  қилинган айрим назорат ишлари эндиликда  ўзимизда амалга оширилмоқда.

Масалан, йўлларга ўрнатилган “фоторадар” яъни фото-видео фиксация қурилмалари шу пайтгача Германия лабораторияларида текширилиб, бунга йирик миқдордаги хориж маблағлари сарфланиб келинарди. 2020 йилда юртимизда  Германиянинг “Atlas International” компанияси билан имзоланган 93 052 Евро миқдоридаги шартнома асосида фото-видео фиксация тизими техникаси ва ускуналарини ўлчаш бўйича лаборатория ташкил этилди. Шунингдек, ЎзММИ  ходимлари Германиянинг “Jenoptik Robot GmbH” корхонасига хизмат сафарида бўлиб, “MultaRadar” ва “Traffistar” русумли ҳаракат тезлигини фото-видео фиксация қилиш, турини тасдиқлаш ҳамда давлат синовидан ўтказиш ишларини ўрганиб келишди.

Жорий йилнинг феврал ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан 87 366 дона ўлчаш воситалари (шулардан 945 дона ўлчаш воситаси яроқсиз деб топилган) метрологик текширувдан ўтказилди. Кўрсатилган метрологик хизматлардан 83 467 дона қиёслаш, 2 865 дона аттестация ва 1 034 дона калибрлаш ишларини ташкил этади. Юридик ва жисмоний шахсларнинг 28 473 та мурожаатларига асосан электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) қиёслаш ишлари амалга оширилди.

Бундан ташқари Халқаро атом энергияси агентлигининг 171,4 минг Евро миқдоридаги (ХАЭА) молиявий кўмаги асосида ЎзММИнинг дозиметрия лабораторияси 4 дона юқори аниқликдаги ўлчаш воситалари билан таъминланиб, аҳоли томонидан истеъмол қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларидаги радиацион кўрсатгичларни аниқлашда фойдаланиладиган гамма спектрометрлар, гамма нурланиш манбаларини метрологик текширувдан ўтказиш имконияти яратилди.

Март ойининг ўзида метрология институтига қарашли масса, босим ва ҳарорат катталиклари бўйича кўрсатиладиган калибрлаш хизматлари лабораториялари Туркиянинг аккредитатлаш агентлиги (TÜRKAK) томонидан халқаро даражада аккредитациядан ўтказилди. Эндиликда калибровка йўналиши 58 тадан 72 тага кўпайиб, лабораторияларнинг далолатнома ва хулосалари 60 дан ортиқ давлатларда тан олинадиган бўлди. Бу ўз-ўзидан тадбиркорларнинг маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш жараёнидаги сифат текширувларининг камайишига, маҳсулот савдосидаги назорат билан боғлиқ муаммоларнинг ўз ечимини топишига сабаб бўлмоқда.

Зебо НАМОЗОВА