Автоспорт тарихидаги энг даҳшатли кун
Бундан етмиш йил олдин автоспорт тарихидаги энг ҳалокатли фожиа рўй берди. Бу “Ле Манда 24 соат” мусобақаси давомида содир бўлди. Пойгачи Майк Ҳоторннинг маневридан кейин олдинда бораётган Пер Левег ва Лэнс Маклин ўртасидаги тўқнашув француз спортчиси ва трибунадаги бошқа 83 томошабиннинг ҳалок бўлишига олиб келди. Бахтсиз ҳодиса мусобақаларда хавфсизликка ёндашувнинг ўзгаришига сабаб бўлди. Бундан ташқари, Левег бошқарган Мерcедес-Бенц русумли автомобиллар кўп йиллар давомида автопойгада фойдаланилмади.
1955 йил 11 июнь - автоспорт тарихидаги қора сана ҳисобланади. Ўша куни машҳур “Ле Манда 24 соат” пойгаси вақтида автоҳалокат содир бўлиб, Мерcедес-Бенц ҳайдовчиси Пер Левег ва 83 томошабин ҳалок бўлди. Бундан олдин ҳам, ундан кейин ҳам пойга йўлларида бундай йирик авария содир кузатилмади. Ўша пайтда, яъни 70 йил олдин, Ле Манда спорт автомобиллари бўйича жаҳон чемпионатининг тўртинчи босқичи бўлиб ўтаётганди. Учта йирик компания - Феррари, Мерcедес-Бенц ва Ягуар энг яхши автомобил ишлаб чиқарувчи унвонига даъвогарлик қилишди. Улар доимо юқори тезликка интилиб, деярли ҳар бир пойгага турли хил янгиликларни киритиб, тобора такомиллашган автомобилларни яратдилар.
Бироқ, пойга ташкилотчилари соатига 300 км тезликка эриша оладиган автомобиллар бўйича ютуқларга эриша олмадилар. Етмиш йил муқаддам хавфсизлик масалаларига ҳам камроқ эътибор берилган. Қолаверса, ҳайдовчилар хавфсизлик камарини тақишлари шарт эмас эди. Агар машина тўсатдан юқори тезликда йўлдан учиб кетса, нима бўлиши мумкинлиги ҳақида одамлар деярли ўйламасди.
1955 йилги пойга фаворитларидан бири 49 ёшли Мерcедес-Бенц ҳайдовчиси Пер Левег эди. Унинг ҳақиқий фамилияси Боен эди - у автоспорт кашшофи бўлган амакиси шарафига бошқача но олди. Левег “Формула-1”нинг дастлабки иккита чемпионатида муваффақиятсиз қатнашди ва 1952 йилда Ле-Манда шахсий автомобил рулида 22 соат давомида қолиб, шов-шувли тарзда пойгада етакчилик қилганида эътибор қозонди. Техник муаммолар туфайли Левег мусобақада биринчи ўринни эгаллай олмади, лекин у автопойга оламида шуҳрат қозонди.

Уч йил ўтгач, француз спортчиси Мерcедес-Бенц ҳайдовчиси бўлди ва ўз даврининг энг илғор пойга автомобилларидан бири — кумушранг 300 SLR автомашинасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлди. У 3,0 литрли В8 двигатели механик ёнилғи қуйиш билан жиҳозланган, бу ўша вақт учун ҳақиқий инқилоб эди. Магний қотишма корпуси автомобилнинг оғирлигини 900 кг гача камайтиришга имкон берди. Ушбу машина тўғри чизиқда осонгина 300 км / соат тезликка эриша оларди. Шу билан бирга, автомобил барабан тормозлари билан жиҳозланган бўлиб, улар янги киритилган дискли тормозларга қараганда унчалик самарали эмас эди.
Левегнинг асосий рақиби британиялик Майк Ҳоторн ўзининг Ягуар Д-Type`да барабанли тормозлардан фойдаланган. У “Ле Манда 24 соат” мусобақасининг биринчи давраларида пешқадамликни қўлга киритди. Унинг энг яқин таъқибчиси Хуан Мануэл Фангио эди, у ҳам Мерcедес-Бенц ҳайдади. 35-даврада Ҳоторн олтинчи бўлган Левегни ортда қолдирди ва тўғри финишга етиб келди. Ана ўшанда даҳшатли фожиага олиб келган воқеалар занжири бошланди. Ҳалокат пойгачиларнинг бири-бирини тушунмаслиги ва эҳтиётсизлиги оқибатида юзага келди.Британиялик спортчи Хоторн ўзининг Остин-Ҳалей номли машинасида Ленс Маклинни ортда қолдирди, у атайлаб тўғрига ҳаракат қилди. Шу вазиятда у ўнгга бурилиб, секинлашиши керак эди. Бу Маклинни чалкаштириб юборди. Вазият Ҳоторннинг тўсатдан секинлашиши туфайли ёмонлашди, чунки у ўша пайтда энг яхши тормозларга эга эди.

Тўқнашувга йўл қўймаслик учун Маклин кескин тормоз босди ва чапга бурилиб, тезлашаётган Левег йўлига тушди, у спортчи Фангиодан ўзиб кетиш учун навбатини кутаётган эди. Левегда бурилиш ёки тезликни пасайтириш имконияти йўқ эди. Охирги лаҳзада у Фангиони эмас, Маклиннинг машинасига урилди.
Левегнинг машинаси ҳавога учиб, мусобақа майдонини томошабинлардан ажратиб турган тўсиққа бориб урилган. Ҳайдовчи машинадан учиб кетган ва бошидан оғир жароҳат олган, машина эса яна айланиб, трибунага ўтиб кетган. Зарба автомобилни парчалаб ташлади. Унинг қолдиқлари кенг майдонга тарқалиб, ўнлаб томошабинларни бир зумда ҳалок қилди ва кўплаб кишилар жиддий жароҳат олди. Кейин ёнилғи баки портлади. Машинанинг магнийли корпуси ёниб кетди, бу эса яна қурбонларга сабаб бўлди. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчилар оловни сув билан ўчиришга киришган. Сув магний билан реакцияга киришди ва фақат оловни кучайишига сабаб бўлди.
Ҳодиса жами 84 кишининг ҳаётига зомин бўлди, яна 120 томошабин жароҳат олди. Бироқ, даҳшатли фожиа ташкилотчиларнинг пойгани эрта тугатишига сабаб бўлмади, чунки улар мухлисларни зудлик билан уйларига жўнаши тез ёрдам машиналари учун тирбандлик юзага келишига сабаб бўлади деб ўйладилар. Бошқа спортчилар фожиа кўламини билмаган ҳолда, пойгани давом эттирдилар. Бир неча соат ўтгач, бутун Мерcедес-Бенц жамоаси, жумладан, пешқадамликни қўлга киритган Фангио ҳам пойгани тарк этди. Воқеа компания раҳбариятига шу қадар таъсир этдики, улар ўнлаб йиллар давомида барча автопойга фаолиятини бутунлай тўхтатдилар. Фақат 2010 йилда “Мерcедес” “Формула 1”га завод жамоаси сифатида қайтди.
Майк Ҳоторн Ле Мандаги мусобақада ғолиб чиқди. Француз газеталари унинг ўз ғалабасини шампан виноси билан нишонлагани учун танқид қилиб, фожиани байрам қилишда айблади. Бироқ, кейинги текширувлар авария тасодиф эканлиги ва кўплаб қурбонлар хавфсизлик чораларининг етарли даражада кўрилмагани сабабли кузатилган деган хулосага келди.
![]()
Эътиборли томони, Майк Ҳоторннинг ўзи тўрт йилдан сўнг автоҳалокатда вафот этди. Ажабланарлиси шундаки, у ёмғирли ҳавода “Мерcедес” русумли машина ҳайдаб кетаётган “Формула-1” жамоаси менежери Роб Уокерни қувиб ўтиш пайтида дарахтга бориб урилган.
1955 йил 11 июндаги фалокат автоспортга катта таъсир кўрсатди. Кўпгина мамлакатлар янги хавфсизлик стандартларига жавоб бериши учун мусобақа майдонлари ва тўсиқлар қайта қурилмагунча пойгаларни тақиқлади. Швейцарияда автопойгаларни тақиқлаш ўз кучида қолди, фақат электромобиллар учун истисно ҳолатлар мавжуд.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0