Иш берувчидан 584 миллион товон пули ундирилди
Агар у меҳнат муҳофазасига сарфланганида эди....
Яқинда ОАВда бир хабар тарқалди: “Тошкентда ноқонуний қурилиш майдонида эркак зинадан йиқилиб вафот этди”. Маълум бўлишича, ушбу фожиали ҳодиса 17 февраль куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги ноқонуний қурилиш майдонларидан бирида содир бўлган.
Бош прокуратура маълумотига кўра, Яккасарой туманида жойлашган Аskiya city турар-жой мажмуасида 1974 йилда туғилган эркак кўп қаватли бино қурилишига кираётган вақтда зинапоядан тойиб кетиб, подвал қисмига қулаб тушган ва воқеа жойида вафот этган. Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан ушбу объект бўйича жиноят иши очилган, шунингдек, барча турдаги қурилиш ва монтаж ишлари тўхтатилган.
– Аслида ушбу объектда қонуний қурилиш олиб борилганида, у ерда меҳнат муҳофазаси ҳам бошқачароқ йўлга қўйилган бўларди, – дейди ЎКУФ Сирдарё вилоят Кенгаши меҳнат техник инспектори Абдукамол Ҳакимов.
– Компания раҳбарлари билан суҳбатлашганимизда, биз – меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассислари, бир хил саволларни эшитамиз: нега тиббий кўриклар, ўқитиш ва шахсий ҳимоя воситаларига пул сарфлашимиз керак? Балки бизга хавфсизлик учун пул сарфлашдан кўра, жарима тўлаган афзалдир?
Лекин корхонада бахтсиз ҳодиса, айниқса ўлим билан боғлиқ фожиа юз берганида, бундай раҳбарларнинг фикри кескин ўзгаради.
Юқоридаги келтирган мисолимизда ҳам кўриниб турибдики, қурилиш майдончасида фожиа юз бериши оқибатида биргина вафот этган инсоннинг эмас, балки бутун қурилиш фирмасининг тақдири ўзгаради: аввалига жиноят иши очилади. Компания фаолияти тўхтатилади. Натижада фирма катта молиявий зарар кўради. Ва энг ёмони, кимдир яқин инсонини йўқотди: отасини, акасини, ўғлини…
Иш берувчининг хатоси ва эътиборсизлиги ҳар доим ҳам оқибатини кўрсатмаслиги мумкин. Аммо мунтазам қоидаларни четлаб ўтиш, қонунларни менсимаслик, бир куни барибир ўзининг аччиқ мевасини беради. Шундай пайтда раҳбарларга қарата айтгимиз келади: ростдан ҳам хавфсизлик "кераксиз харажат"ми? Агар бепарволик баҳоси инсон ҳаётига тенг бўлса-чи, бунга қандай баҳона топасиз?
Ҳурматли иш берувчи, шуни унутмангки, жарималар ва товон пули учун тўлаётган маблағингизни меҳнат муҳофазасига ишлатсангиз, аввало ўзингиз тинч бўласиз, қўл остингиздаги ходимларнинг ҳаётини ҳам хавфда қолдирмайсиз. Энг муҳими, виждонингиз олдида юзингиз ёруғ бўлади. Кимнингдир отаси ёки фарзанди ўлмайди...
Ўтган йилнинг ёзида Гулистон шаҳридаги йирик ташкилотларнинг бирида ходимлар иш вақтида гуруҳий бахтсиз ҳодисага учради. Натижада бир киши оғир жароҳатланиб, икки киши вафот этди. Ҳодиса юзасидан текширишлар ўтказилган, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Комиссия хулосасига кўра ҳолат ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлиб, жабрланувчиларнинг қарамоғидагиларга қонунда белгиланган тартибда тўловлар тўлаб бериш ташкилот зиммасига юклатилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 321-моддасига кўра иш вақтида ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етса иш берувчи зиённинг ўрнини қоплаши зарур. Бироқ, орадан беш ой ўтса-да ташкилот раҳбарияти вафот этган ва жабрланувчиларнинг қарамоғидагиларга бир йўла нафақа ҳамда зарар пулларини тўлаб бермаган.
Оқибатда жабрланувчиларнинг оила аъзолари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят Кенгашига мурожаат қилади. Мурожаатчиларнинг манфаати йўлида Кенгаш инспектори Абдукамол Ҳакимов томонидан фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига даъво аризалари киритилди.
Дастлаб биринчи жабрланувчининг қарамоғида бўлган беш нафар вояга етмаган фарзанднинг манфаатида киритилган аризалар кўриб чиқилди. Суд мажлисида даъвогар, касаба уюшмаси вилоят Кенгаши вакили бахтсиз ҳодиса юзасидан ҳар жиҳатдан текшириш ўтказилганлиги, жабрланувчига етказилган зарар ва нафақа пуллари иш берувчи томонидан тўланмай, меҳнат қонунчилиги бузилганлигини маълум қилиб, даъво қаноатлантирилишини сўради. Суд даъво аризасини қаноатлантирди. Жабрланувчининг оиласига бир йўла бериладиган нафақа пули ва ойлик тўловдан қарздорлик, жами 197 733 957 сўм ундириш даъвоси суд томонидан тўлиқ қаноатлантирилди.
Шу йилнинг январь ойида бўлиб ўтган судда эса иккинчи жабрланувчининг оила аъзолари томонидан киритилган даъво аризаси кўриб чиқилди. Улар ҳам касаба уюшмалари вилоят Кенгашига мурожаат қилганди.
Маълум бўлишича, марҳумнинг олти йиллик ўртача ойлигидан кам бўлмаган миқдорда бир марта бериладиган нафақа ҳамда ойма-ой зарар пулларини белгиланган тартибда расмийлаштириш иш берувчи зиммасига юклатилган. Аммо ташкилот бу масалага бефарқ қараб келган. Суд иш материаллари билан танишиб чиқиб, ҳужжатларда тўпланган далилларга ҳуқуқий баҳо берди ва даъво аризасини қаноатлантирди. Жавобгардан манфаатдор фойдасига жами 386.299.204 сўм, иккила вафот этган оила учун жами 584 миллион 33 минг 161 сўм ундириб берилди.
– “Қонунни билган қоқилмас”, – дейди Абдукамол Ҳакимов. – Агар иш берувчи қонунни яхши билганида, меҳнат муҳофазасига шунчаки қўл учида эмас, жиддий қараганида, товон пули учун тўланган 600 миллионга яқин маблағни меҳнат муҳофазаси учун сарфлаганида эса, оталарини йўқотган болаларнинг олдида виждони қийналмас, икки нафар юртдошимиз ҳам бевақт ҳалок бўлмасмиди?..
Меҳнат муҳофазаси шунчаки расмиятчилик эмас, балки фожиаларнинг олдини олувчи ҳақиқий тизимдир. Шундай экан, эртага афсусланмаслик учун бугун хавфсизлик тизимини жорий қилинг. Маблағингизни товон пулига эмас, ҳимояга сарфланг.
Зебо НАМОЗОВА
«ISHONCH»
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0