Кўз тегиши ва кинна кириши ростми?
Очиғи, буни кимлардир “Баайни ҳақиқат!” дейди, кимлардир “Турган-битгани бидъат!” дейди. Аммо, жавоблар қандайлигидан қатъи назар, ер юзидаги деярли барча халқлар ҳаётда суқ кўзлар борлигига ишонади.
Соппа-соғ одамнинг бехосдан хасталикка чалинишини, иши юришиб турган кишининг дафъатан омадсизликка учрашини, ҳаётидан мамнун инсоннинг тасодифан бахтсизликка йўлиқишини кинна кириши оқибати деб билади. Шунинг учун ҳам ҳамиша унинг олдини олишга, иссиғида асоратларини тугатишга ҳаракат қилади.
Ёмон кўзлардан, аввало, болали аёллар қўрқишади. Сабаби аён: она мудом фарзанди атрофида гирдикапалак бўлади. Унинг тарбияси билан бошқаларга нисбатан кўпроқ шуғулланиб, ҳар хил кулфатлардан асраб-авайлаш ҳақида қайғуради.
Табиийки, ҳар бир миллат ёки халқда ёмон кўзлардан ҳазир-эҳтиёткор бўлиш ўзига хос тарзда кечади. Масалан, немисларни олайлик. Бу миллат аҳли хурофотга анча берилган. Уларнинг уқтиришича, энг ёмон кинна кириши ёлғиз аёлнинг суқ кўз билан боқиши туфайли содир бўлади. Бундай аёлларни эса кўзининг мугуз пардалари қизаринқираб туришидан билиб олиш мумкин.
Немис иримига кўра, кўзиккан гўдакни даволаш учун қорни устига тунукадан ясалган муздай кострюлка, ёнбошига тўнғиз тезаги қўйилади. Бу борада оталар пайпоғи ҳам жуда асқатади. У қанча кўп кийилган ва қанча эскирган бўлса, шунча яхши! Агар кўз теккан гўдак ўғил бола бўлса, пайпоқни ҳанги эшакнинг, қизалоқ бўлса, моча эшакнинг жунига тўлдириб, кичкинтой чўмилтириладиган ваннага илиб қўйган маъқул.
Бу гапни ўқиган муштарийда ҳақли савол туғилиши табиий: “Ҳозирги пайтда сиз айтган нарсаларни топиш осонми? Айниқса, йирик уй ҳайвонлари боқилмайдиган шаҳарларда, боз устига, кўп қаватли уйларнинг тор хоналарида яшовчилар нима қилишлари керак?” Бизнинг жавобимиз эса тайин. Ҳар жабҳада аниқ ҳисоб-китоб ила иш юритадиган, саранжом-саришталикда донг таратган немислар масаланинг бу жиҳатини олдиндан ҳал этиб қўйишади. Чунки улар “Керакли тошнинг оғирлиги йўқ” деган нақлнинг асл моҳиятини худди сизу биз сингари теран тушунишади.
Арабларда “Қаторасига уч кун овқатланмаган кишининг кўзлари оч тусга кириб, ярқираб қолади” деган ақида бор. Бундай ҳолатлар аллазамонлар бот-бот такрорланган. Маҳаллий аҳоли хунук кўзлар назарини баттол қарашлар деб аташади. Уни, айниқса, чақалоқлар ва ҳомиладор аёллар учун хавфли ҳисоблашади. Давомини суририштирсангиз, биров уч кун тамадди қилган-қилмаганини ҳеч ким билмайди. Бу ҳақда унинг пешонасига ёзиб ҳам қўйилмайди. Шу боис араб ожизалари озғин-ориқ ва ҳолсиз-ҳорғин одамни кўрса, дарҳол жиддий хавотирга тушишади. Ҳомиладорларга зангори тасма, кумушранг билакузук тақиб олишни тавсия қилишади. Палапонлар кийимига ўн учта танга маржондек қадалган жевак тақиб қўйишади. Айтишларича, бу иримлар бало-офатларни даф этишнинг энг яхши ва синалган усули экан.
Мабодо сиз италиялик она илкис ўрнидан қўзғалиб, боласини бағрига босганини, уни кўздан холироқ жойга олиб ўтишга уринганини сезсангиз, ҳечам ажабланманг. Аксинча, билингки, шу атрофда бепушт эркак пайдо бўлган. Унинг кўзлари мовий бўлса, оқибати яхшиликка олиб бормайди, албатта, қандайдир нохушликни келтириб чиқаради. Баски, дарров ўрта бармоғингизни ҳўллаб, пешонангиз ва дудоқларингизга суртинг. Шунда турли балолардан фориғ бўласиз.
Украинлар наздида жигарранг-қорамтир кўзлар “ўта хавфли”дир. Бундан ташқари, малла одамлардан ҳам эҳтиёт бўлмоқ даркор. Бу миллат аёллари болаларига кўз теккан-тегмаганини аниқлаш ниятида тез-тез уларнинг ёстиқчаларини синчиклаб текширишади. Борди-ю, унга чўп, ип, соч ёки шунга ўхшаш бирор нарса илашган бўлса, тамом-вассалом, фурсатни қўлдан бой бермай, ёстиқчани ўша ернинг ўзидаёқ ёқиб юборишади.
Минглаб чақирим нарида – уммон ортида яшовчи америкаликлар ҳам кўз тегиши ва кинна киришига қарши айнан шу йўсинда курашадилар. Юнон аёллари чақалоқлари қорачиғига уч томчидан кўкрак сути томизиш орқали уларни бегона кўзлардан асрашади. Европалик оналар эса, энг оддий ва лекин таъсирчан усулни қўллашади. Қарашлари ёмон, назари оч одамни уч марта ўпишади ва ҳар ўпичдан сўнг сездирмайгина четга тупуриб ташлашади.
Абдунаби ҲАЙДАРОВ




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0