Қозон-қозон ош, дастурхон тўла гўшт ва "ота оёғига урилган бош" – Қашқадарёдаги никоҳ тўйларидаги урф-одатлар
Барча жойларда бўлгани каби Қашқадарёда ҳам бугунги кунда аксарият тўйлар тўйхонада ўтмоқда. Шунга қарамай, қишлоқ жойларда ўз ҳовлисида тўй қилаётган юртдошларимиз ҳам кўп.
Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган тўй ҳам шулардан бири – Қашқадарё вилояти Нишон туманида Назаровлар хонадонида ўтказилган тантана. Маросимга хизмат қилиш учун пулга одам ёлланмаган. Барча юмушлар учун қариндошлар, қўни-қўшнилар елиб-югуришган, ортиқча дабдаба ва ҳашамдан ҳоли қишлоқ тўйи.
Ҳазил ортидаги ҳақиқат
«Гўштхўрликда бўридан кейинги ўринда қашқадарёликлар туради» деган ҳазил чинга ўхшайди. Тўйда битта ҳўкиз, яхши боқилган бита қўй ва яна битта улоқ сўйилди. Шунингдек, 50 килограммдан зиёд товуқ гўштидан фойдаланишди.
Бир неча қозон ош дамланди. Дастурхонга тандир кабоб ва «Чияли яхнаси» тортилди.
«Бунча гўшт ва овқат исроф бўлмайдими?» дея ўйлаётгандирсиз. Асло. Бир қишлоқ аҳли, қолаверса, узоқ-яқиндан келган меҳмонлардан ош-у нон деярли ортмайди. Мободо ортиб қолса, қўни-қўшни, тўйга келолмаган қишлоқдошлар, далада ишлаётган одамларга тарқатилади.
Тўй ўзига хос маросим ва урф-одатлари билан қизиқ. Қуйида келиннинг уйида ўтказиладиган баъзи одатларни келтириб ўтамиз.
«Куёв ўтирсин»
Куёв жўраларибилан келиннинг хонадонига боради. Улар зиёфатга таклиф этилади. Тўкин дастурхон ёзилган хонага кирган куёвжўралар атайлаб тик туришади. Кейин эса уларбаланд овозда “Куёв ўтирмаяти-ё, ўтирса ҳам туриб кетяпти-ё” дея бақиришади. Шунда келиннинг отаси ёки тоғаси, амакиси, хуллас, ёши улуғ бир инсон меҳмонлар олдига кириб, “Хуш келибсизлар!” дея дастурхонга таклиф қилади. Жўралари ўтиради, аммо куёв ўтирмай тураверади. Токи унга нимадир, дейлик, қўчқорми, ҳўкизми ёки машинами ваъда қилинади. Шундагина у қалин солинган кўрпачага чўк тушади.
«Оёқ босди»
Бу маросимда одатда куёв бўлмиш келиннинг оёғини секин босиб қўяди. Оёқ бостиришдан мақсад ким кимнинг оёғини босса, оилада ўша хўжайин бўлади, деганидир. Ўзбек оилаларига фақат эркак киши бош бўлишини билган келинчак, одатга кўра, куёвнинг оёғини босмайди.
«Ойна кўрсатар»
Бу маросим келиннинг уйида ўтказилади. Келин ва куёв ёнма-ён янги, ҳали тутилмаган ойнага қаратилади.Улар ойнадаги аксини қараб, “Ойнага қараб ойни кўрдим, кўзимни очиб сизни кўрдим” дейишади. Балки «Кўз очиб кўрганим» деган ибора шу маросимдан келиб чиққандир.
Маросимга махсус ижрочи чақирилади ва у “саломнома” айтади. Шундан сўнг янгалар келин билан куёвга ойна тутишади. Ойна кўрсатаётган аёл “Ким чиройли?” деб сўрайди. Шунда куёв томон “Куёв чиройли”, келин тараф эса “Келин чиройли”, дейишади. Бу савол-жавоб бир неча марта такрорлангач, охири иккала тараф аёллари биргалашиб “Келин-куёв чиройли” деб жавоб қилади.
Келин уйидан чиқиб кетаётганда отанинг оёғига бош уради. Шундан сўнг ёши улуғлар дуо қилиб, уларни куёвнинг уйига кузатишади.
Мадина Пўлат қизи,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/51
0
0
0
0