Садоқат ва ишонч рамзи: марҳум эгасини умрининг охиригача кутган Хатико
Хатико бундан роппа-роса 101 йил аввал Японияда дунёга келганди. Садоқат ва меҳр-муҳаббат рамзига айланган ушбу ит дунёдаги энг машҳур жониворлардан бири бўлса ажаб эмас. Унинг шарафига асарлар ёзилди, фильмлар ишланди. Итга бағишлаб ёдгорлик ўрнатилди ва у ҳозирда сайёҳлар ташриф буюрадиган энг оммабоп жойлардан бири саналади.
Токио университети профессори Ҳидесабуро Уэно қишлоқ хўжалиги соҳасида мутахассис эди. У итларни жуда яхши кўрарди ва бир марта совға сифатида Акита ину зотли кучукчани олди. Жонивор ҳисоб бўйича профессорнинг саккизинчи ити эди, шунинг учун уни «Хатико» («ҳати» - японча «саккиз») деб аташган. Олим ишга кетаётганда тўрт оёқли дўсти эрталаб бекатгача кузатиб, кечқурун кутиб оларди. Бироқ, 1925 йил 21 майда хўжайин қайтмади. У инсультдан сўнг, 53 ёшида тўсатдан вафот этди ва пойтахт Токиодаги Аояма қабристонига дафн қилинди. Ўша пайтда Хачико ўн саккиз ойлик эди. Эгаси вафот этган кундан бошлаб ит ҳар куни бекатга кела бошлади ва кечгача сабр билан хўжайинини кутарди.
Одамлар итни профессорнинг дўстлари ва қариндошларининг уйларига жойлаштиришга ҳаракат қилишганига қарамай, у доимо станцияга қайтишда давом этди. Маҳаллий савдогарлар ва темирйўлчилар Хатиконинг қатъиятига қойил қолган ҳолда уни овқатлантиришарди.
Ит 1932 йилда Токиодаги энг йирик газеталардан бирида «Фидойи қари ит етти йил олдин вафот этган эгасининг қайтишини кутмоқда» мақоласи чоп этилгандан кейин бутун Япония бўйлаб машҳур бўлди. Ҳикоя японларнинг қалбини забт этди ва қизиқувчан одамлар итга қараш учун Сибуя станциясига кела бошладилар.
Хатико 1935 йил 8 мартда вафот этгунига қадар тўққиз йил давомида станцияга келишни канда қилмаган. Ўша куни ит бекат яқинидаги кўчада ўлик ҳолда топилган. Ветеринар текширувда у саратон ва юрак етишмовчилиги билан касаллангани маълум бўлган. Хатиконинг ошқозонида тўртта якитори таёқчаси (японлар кабоб пиширишда фойдаланадиган бамбук таёғи) топилган, аммо улар ошқозонга зарар бермаган ва ўлимга сабаб бўлмаган.
Садоқатли итга ҳиммат кўрсатиб, ёдгорлик ўрнатиш ишлари у тириклигидаёқ бошланган. 1934 йил 21 апрелда Хатикога илк ҳайкал ўрнатилди, унинг очилишида жонивор шахсан иштирок этди. Иккинчи жаҳон уруши пайтида ёдгорлик вайрон қилинган – ёдгорликнинг металли ҳарбий эҳтиёжлар учун ишлатиб юборилган. Уруш тугагандан сўнг, 1948 йил август ойида ёдгорлик қайта тикланди. Бугунги кунда Сибуя вокзалидаги Хатико ҳайкали айниқса ёшлар учун севимли учрашув жойи бўлиб, Япониядаги итнинг тасвири фидокорона севги ва садоқат намунасига айланди.
Хатиконинг жасади қолдиқлари Токио, Уэно, Япония миллий фан музейида сақланади. Ит жасадининг баъзи қолдиқлари куйдирилди ва Токиодаги Аояма қабристони (итнинг хўжайини кўмилган жой)га дафн қилинди.
Марҳум эгасини садоқат билан кутган ит ҳикояси бадиий фильмлар учун ҳам асос бўлган. Жумладан, 1987 йилда суратга олинган «Хатиконинг ҳикояси» ва 2009 йилги «Хатико: Энг ҳақиқий дўст», шунингдек, 2023 йилда суратга олинган «Менинг Хатиком» фильми бунга ёрқин мисол бўла олади.
Айниқса, таниқли актёр Ричард Гир иштирокидаги «Хатико: Энг ҳақиқий дўст» фильми жаҳондаги миллионлаб мухлислар қалбини забт этди ва итни бутун дунёга машҳур қилди.
Хатико мансуб бўлган Акита ину ит зоти қадимги даврларда Япониянинг марказий Хонсю оролининг шимолидаги Акита префектурасида пайдо бўлган. Маҳаллий аҳоли бу итлардан йирик ҳайвонларни овлаш ва маҳаллий ҳудудни ҳимоя қилиш учун фойдаланган. Шуниси эътиборга лойиқки, Иккинчи Жаҳон уруши пайтида бу итлар йўқ бўлиб кетиш арафасида эди, чунки уларнинг мўйнаси кийим тикиш учун ишлатилган.
Акита ину зотига мансуб итнинг массаси тахминан 40-50 килограмм, бўйи 67 сантиметрга этади. Унинг учбурчак қулоқлари бўлган кенг, катта боши бор. Ранги – қизил-оқ, териси текис ва қўпол бўлади. Бу итлар шаҳарда ҳам, очиқ ҳавода ҳам ўзини яхши ҳис қилади. У ўзига хос феъл-атвори, инжиқлиги, ўйноқи ва қайсарлиги, эгасига қаттиқ боғланиши билан ажралиб туради. Улар фаол ва одатда жуда ҳаракатчан. Улар тоза ва яхши ривожланган интеллектга эга. Акита ину итларининг умри тахминан ўн йил.
Қизиқ томони, Япония ҳукумати 2012 йилда (муносабатлар мўътадил бўлган даврда) Россия президенти Владимир Путинга Хатико мансуб бўлган зотдан бўлган Юме исмли кучукча совға қилган эди.
Бошқа «Хатико»лар. Жаҳонда япониялик итнинг тақдирида ўхшаш қисматга эга жониворлар яна топилади. Жумладан, 2019 йилда Грецияда яна бир «Хатико» машҳур бўлди. Мамлакатнинг Навпакт шаҳри йўлларидан бирида 2017 йилнинг ноябрь ойида бахтсиз ҳодиса юз беради – Харис исмли 40 ёшли эркак бетон қорувчи машина тагида қолиб ҳалок бўлади. Ўшандан бери марҳумнинг ити шу жойга келиб йўл пойлайди, хўжайинини кутади. Қизиғи, ит на ёмғир, на жазирамада кетган эмас. «Маҳаллий Хатико» теварак-атрофдагиларга яхши таниш бўлиб қолди. Итга ачинган айримлар уни ўзлари билан олиб кетишгаям уринишди, аммо бефойда: ит кетмади. Кейин унга шу ерда уйча қуриб беришди, сув, овқат олиб келиб туришади.
2020 йилда эса россиялик хатиколар ҳақида маълумот пайдо бўлди. Москва вилоятида ит 15 йилдан бери бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлган эгалари ёдгорлиги ёнида яшаб келмоқда, деб ёзди маҳаллий нашрлар.
Вилоятнинг Якимово қишлоғи яқинидаги трассага 2004 йилда вафот этган эркак ва аёлнинг суратлари туширилган мармар плита ўрнатилган. Уларнинг қариндошлари итга бошпана беришни истамай, уни ёдгорлик олдига боғлаб қўйишган. Ҳайвон ечилгунга қадар бир ҳафта давомида боғичда ўтирди. Боғич ечилгач, ҳайвон кетишдан бош тортди ва қабрни ҳимоя қила бошлади. Маҳаллий аҳолининг нашрга айтишича, улар Москва яқинида яшовчи Хатикони боқишган ва унга изоляцияланган уйча қуришган. Ит одамларга ишончсиз муносабатда бўлади, вовуллайди ва узоқлашади.
Москва яқинидаги жойлашган манзиллардан биридаги итни парвариш қилувчи Сергей Фокиннинг сўзларига кўра, ҳайвоннинг хатти-ҳаракатларини фақат эгасига бўлган катта муҳаббат билан изоҳлаш мумкин. Унинг таъкидлашича, кўча итлари уй итларига қараганда кўпроқ содиқдир.
Шунингдек, ўша йили Россиянинг Красноярск ўлкаси аҳолиси ижтимоий тармоқларда Кускун қишлоғи яқинида йўл четида уч ойдан бери ўз эгасини кутган ит ҳақида хабар беришди. Унинг учун иссиқ уй қурилди ва ўтиб кетаётган ҳайдовчилар жониворга овқат олиб келишди. Лекин эгаси уни олиб кетишга ҳеч қачон келмади.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0