Тарихий адолатни тиклаш миллатни юксалтириш демакдир
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Қудратилла РАФИҚОВ билан суҳбат
– Донишмандлардан бири – тарих инсониятнинг буюк хотирасидир, деганида ҳақ эди. Зотан, ўзлик мудом хотирадан куч олади. Айнан у – ўтмиш сабоқларигина инсон қалбини эзгулик йўлларига чорлаб туради. Баъзан одам узоқ сафарга чиққанида, бирон манзилга етгач, ортига бир қур назар солади, босиб ўтган йўлини сарҳисоб этади.
Шу маънода, ташкилотларни ҳам инсонга менгзаш мумкин. Уларнинг ҳам ўз ўтмиши, аччиғу ширин хотиралари бор. Бу эсламларда баъзан равон, баъзан ўйдим-чуқур йўлларнинг сабоғи, яхши-ю ёмон кечмишлар қолдирган ҳикматлар акс этиб туради.
Бугун ўзининг 120 йиллик юбилейини нишонлаётган Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракати ҳам бундан мустасно эмас, албатта.
Билишимча, бу тарихни ўрганишга яқиндан бошлаб жиддий киришилди. Мени ўйлантиргани: ушбу зарурат энди юзага келдими? Ҳолбуки, ўтмишга адолат кўзи билан қараш, тарихни холис ёритиш учун берилган инъом – Миллат истиқлолига эришилганига ўттиз йилдан ошиқ фурсат ўтди...
– Сиз айтаётган мавзу – яъни, нега айнан бугунга келиб тарихга «юз бурганимиз»га бир сўз билан муфассал жавоб бериш мураккаб иш. Унинг ўзига хос томонлари, ижтимоий-сиёсий характери, қолаверса, объектив ва субъектив жиҳатлари борки, уларни шарҳлаш учун бир қатор ўта муҳим ва жиддий масалаларга бош суқиш керак бўлади. Худди шу боис, бунга сал кейинроқ тўхталиб, ҳозир саволингизнинг биринчи қисми – тарих, касаба уюшмалари ўтмишини ўрганиш борасидаги тажрибамиз ҳақида гаплашсак яхши бўлади, деб ўйлайман.
Бироқ, сўзим аввалида бир гапни айтиб ўтишим керакки, айни мавзу гарчи нечоғлик мафтункор, оммавий эҳтирос ва олқишларга энг кўп чулғанган бўлмасин, холисона айтганда, иккимиз ҳам профессионал тарихчи эмасмиз. Биз далилу дастак излаб, ўтмиш саҳифалари аро чанг ютмаганмиз, архивларда қатлари сарғайган даста-даста қоғозларни титмаганмиз. Шу боис, назаримда, суҳбатимиздан мақсад тарихдан хулоса олиш бўлса, айни муддао бўлар эди. Зотан, ҳар бир инсон ўтмиш хусусида баҳслашар экан, ундан ўзлигини излайди, кимлиги (идентитети)ни исботлашга ҳаракат қилади.
«Тимсоллар ёрдамида биз бахтга эришолмаймиз. Бу ерда бирмунча жиддийроқ бошқа бир нарса бор...», деган эди фаранг файласуфи Альбер Камю бир пайтлар. Гарчи тарихга алоқаси йўқдек туюлса-да, бу фикрларда мен айнан ўтмиш ғилдирагини кўргандай бўламан. Инсониятнинг бахтли ҳаёт ҳақидаги орзу-умидлари рўёбини, машаққатли меҳнати роҳатини кўриш истаги шу тимсолларда акс этган, деб ўйлайман.
Касаба уюшмалари ҳам инсоният тарихи, унинг бахтли ҳаёт орзуси билан чамбарчас боғлиқки, у қай кўринишда бўлмасин, мудом одамзодни бирлашишга, фаровон ҳаёт учун курашишга чорлаб келган. Кўҳна мозийнинг бизга маълум саҳифаларидан – у тошга ўйилган битиклар бўладими, қоғозларда сарғайган ёзувлар бўладими, халқ оғзаки ижоди бўлган достонлар, термалару мақолларда бўладими, барча-барчасида айни шу жилвалар акс этади.
Бизнинг туркий аждодларимиз, дунёга ўз сўзини айтган боболаримиз яратган давлатчилик тарихида ҳам бугунги жаҳон касаба уюшмалари ҳаракатининг ўзига хос унсурлари бор. Улар айнан «касаба уюшмалари» деб номланмаган бўлса-да, маълум соҳа вакилларини ўзида мужассам этган эди. Ўзаро сайлаб қўйилган етакчилар жамоадошлари, сафдошларининг ҳуқуқ ва манфаатлари учун курашгандилар.
Айни шу йўналишларда чуқур тадқиқотлар ўтказиш, аждодларимизнинг ишончга асосланган бирлашмалари фаолиятини фундаментал ўрганиш, менинг назаримда, нафақат ўзимиз, балки дунё касабачилик ҳаракати учун ҳам фойдадан холи бўлмайди.
Эҳтимол, ёш тарихчиларимиз бу борада изланишлар олиб боришар. Шунда янада аниқроқ хулосалар олсак, дунёга ўрнак бўладиган жиҳатларни тополсак, ажаб эмас.
– Ўзбекнинг буюк ёзувчиси Абдулла Қодирий ибораси билан айтганда, «Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир» дейсиз-да?..
– Шундай. Дарвоқе, жадид аллома Абдулла Қодирий ҳам касабачилик ҳаракатининг етакчиларидан бири, Туркистон касабалар шўросининг саркотиби бўлганини биласизми?
– Яқиндагина шу ҳақда ўқигандим.
– Нафақат Абдулла Қодирий, балки Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Ҳожи Муин Шукруллаев, Султонхўжа Қосимхўжаев, Муҳаммад Саид Аҳрорий, Тавалло каби буюк жадидларимиз бор бу сафда. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳам касаба уюшмалари тараққиётига ўзига хос улуш қўшган. У бир муддат Хоразм касаба уюшмалари Марказий қўмитаси аппаратида Маданият бўлими мудири лавозимида ишлаган.
Бу маълумотлар шуни кўрсатадики, Ватан озодлиги учун курашган улуғларимиз Миллат истиқболи йўлида бирлашишда касаба уюшмалари ҳаракатининг аҳамиятини чуқур англаб етганлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий «Ҳақ берилмас, ҳақ олинур», деб таъкидлаганида ҳам айнан шу ҳақиқатни назарда тутган бўлса, не ажаб...
Умуман, жадидлар давридаги касабачилик ҳаракати каттагина ва хийла оғир кечмиш. Бу тарихга, мавриди келса, яна тўхталамиз. Яъни айтмоқчиманки, сиз боя зарурат хусусида сўрагандингиз, ўша савол жавобларини излашда айнан жадидлар даври касабачилиги тарихига назар солиш керак бўлади.
Ҳозир эса Ўзбекистонда касабачиликнинг илк ҳаракатлари ҳақида сўзлашсак. Зеро, бу давр мавзуимизнинг асосий нуқталаридан биридир.
– Менинг билишимча, шу вақтгача тарихимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракати 1925 йилдан бошланган деган фактлар устувор эди. Бу, англашимча, «Ўзбекистон» номи билан боғлиқ бўлса керак?
– Фикрингизга қисман қўшиламан. Аммо бу бизнинг янги тарихнавислигимиздаги нуқсонлар билан боғлиқ. Биз совет даврида ўша мафкура остида ёзилган тарихни ўқиб, катта бўлганмиз. Истиқлол йилларида эса ўша китобларнинг муқоваси ва бир неча бобларигина алмашди, холос. Муаррихларимиз ёзилган ўтмиш битикларини «совет» кўзойнакларида – ўша мафкура нигоҳи билан таҳрир қилдилар.
Майли мавзудан чалғимайлик. Сўнгги уч йил ичида касаба уюшмалари ҳаракати тарихи илмий жиҳатдан ўрганилиб, кўпгина манбалар таҳлил этилди. Улар асосида Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракатига 120 йил тўлгани исботланди.
Манбалардан маълум бўлишича, Туркистонда касаба уюшмалари пайдо бўлишидан олдин ишчи-хизматчилар турли тўгарак, йиғин ва уюшмаларга бирлаша бошлашган. Таҳлиллар 1905-1907 йилларда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида, ҳақиқатан ҳам, касаба уюшмалари фаолият юритганидан далолат беради. Олдингиларининг номида «касаба» сўзи мавжуд бўлмаса-да, улар табиати ва хусусиятига кўра, ишчи-хизматчилар томонидан ўз иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилгани, иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш масалалари билан шуғуллангани боис бошқа мамлакатлардаги ҳозирги касаба уюшмаларига тўла-тўкис мос келади.
Касаба уюшмалари фаолиятининг билимдони бўлган Авлоний 1920 йилда «Касабачилик ҳаракати» журналининг ношири ва бош муҳаррири бўлади.
Ушбу журналнинг 1921 йил 1 апрелдаги 7-сонида «Илгариги ва ҳозирги касаба иттифоқлари» сарлавҳали мақола берилган. Унда Абдулла Авлоний «Ишчилар синфининг дастмоя (йирик иш эгалари, бой, зодагонлар) билан курашув уюшмалари сифатида бўлғон касаба иттифоқлари бизнинг Русияда (Россияга қарам бўлган Туркистон заминида) 1905 йилда ташкил қилинуб, касабачилик ҳаракатининг биринчи даври мана шул санадан бошланадур», деб ёзади.
Совет тарихи энциклопедиясининг 14-томида битилишича, Туркистонда биринчи норасмий тўгараклар 1903 йили Тошкентда, кейинги йил Самарқандда пайдо бўлган. Умуман олганда, 1905 йил кузида Тошкентда ишчиларнинг 15 та тўгараги фаолият юритган. Уюшма сифатида шаклланган бу тўгараклар кейинги уч йилликдаги иш ташлашлар ва намойишларда фаол қатнашганлар.
Туркистон ўлкасида илк касаба уюшмаларининг дунёга келиши Ўрта Осиё ва Оренбург – Тошкент темир йўл қурилиши билан боғлиқ, десак, янглишмаймиз. Тарих фанлари доктори, профессор Л.В.Гентшкенинг фикрича, 1905 йил кузида Бутунроссия темир йўл уюшмасининг Туркистон бўлими ташкил этилган. Орадан тўрт-беш ой ўтар-ўтмас, у Ўрта Осиё ва Оренбург – Тошкент темир йўлларининг 8 минг нафар ишчи-ходимини ўз сафига қамраб олган.
«Самарқанд» газетасининг 1905 йил 10 июндаги 116-сонида чоп этилган «Темир йўл хизматчилари уюшмаси» номли мақолада темир йўллари тизимидаги турли касб эгалари ва ишчи-хизматчиларни қамраб олишу бирлаштиришга қодир касаба уюшмаларини тузиш зарурати туғилгани эслатилган.
– Мен ўқиган манбаларда қайд этилишича, 1905 йил 14 октябрда Туркистон темир йўлларининг ишчи-хизматчилари меҳнат ҳақи камлиги, иш шароити оғирлиги сабабли намойишлар ўтказишади. Уларга бошқа корхоналар ишчилари, темир йўл батальони аскарлари, ҳатто Амударё флотилияси матрослари ҳам қўшилиб, иш ташлайдилар. Чор ҳукумати 19 октябрда намойишчиларни ёппасига ўққа тутади. Бу қирғинбаротда ҳалок бўлганларни дафн этиш маросимлари халқ ғазабини қайтадан қўзғайди. 15-16 ноябрда такроран қўзғолонлар ва намойишлар бўлади. Таассуфки, улар ҳам меҳнаткашлар вакилларини отиш билан якунланади...
– Афсуски, ташкилотимиз тарихининг илк даврларида шундай аянчли кечган хотиралар ҳам бор. Аммо ўша йилнинг декабрида темир йўлчиларнинг иш ташлашлари тўхтайди. 13-20 декабрь кунлари Ўрта Осиё темир йўллари ишчи ва хизматчиларининг I Қурултойи ўтказилади. Унда келаётган январь ойидан эътиборан 8 соатлик иш кунини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган. 1906 йилнинг 1 июлида эса Тошкентда Ўрта Осиё ва Оренбург – Тошкент темирйўлчиларининг биринчи Туркистон бирлашган Қурултойи бўлади ва Темирйўлчилар касаба уюшмасининг Устави маъқулланади. Ўша ҳужжат ҳозир Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейида сақланмоқда.
Тошкентдаги алоқа ходимларининг 1905 йил 24 октябрда бўлган йиғилишида эса Туркистон Почта-телеграф уюшмаси ташкил этилади. Йиғилишда уюшма ишларини бошқариш учун қўмита сайлаш тўғрисидаги қарор чиқарилади.
«Туркестан», «Туркестанские ведомости» ва «Русский Туркестан» газеталарининг 1905-1907 йиллардаги баъзи сонларида берилган маълумотлар ҳам ўша кезлар юқорида тилга олинган касаба уюшмалари тузилганини тасдиқлайди.
Очиғи, суҳбат аввалида айтганимдек, биз тарихчи эмасмиз. Шу боис ўтмиш хроникаси билан тарихчилар шуғуллангани маъқулроқ. Батафсил билишни истаганларга эса «Ўзбекистон касаба уюшмалари: 120 йил халқ билан» номли икки томлик китобни ўқишни тавсия этган бўлар эдим. Ушбу асар Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг шонли 120 йиллиги муносабати билан нашр этилган бўлиб, даврлар тарихи холис ва батафсил ёритилган.
– Ушбу китобни мен ҳам ўқиб чиқдим. Унда жадид боболаримизнинг Миллат ва Ватан йўлида кечирган аянчли қисмати ҳақида ҳам битиклар мавжуд. Сиз суҳбатимиз аввалида жадидлар даври касабачилик ҳаракати ҳақида кенгроқ фикр билдиришга ишора қилиб ўтгандингиз. Айтинг-чи, бу давр 120 йиллик тарих солномалари ўрганилиши эҳтиёжи нималарда акс этади? Ва ҳали кейинроққа сурган саволингиз – нега бугунга келиб тарихга юзланаётганимиз ҳақдаям, имкони бўлса, гапириб берсангиз.
– Мен кўп давраларда, матбуотда қайта-қайта айтган бир фикримда собитман: узоқ йиллар кўп балоларни бошидан кечиришга мажбур бўлган бу юрт ва унинг халқи эндиликда нафақат мамлакат суверенитетини мустаҳкамлаш, балки унуттирилган ва бағридан юлиб олинган улуғ ўтмиш хотираси, маданияти ва аждодлари меросини тиклаш ҳамда бу шарафли ҳаракат ўлароқ ўз кимлигини топишга, маънавий янгиланишга бел боғлаган.
Совет замонлари ўз-ўзича тушунарли. Аммо мустақилликнинг чорак асрдан ортиқ, биз шонли, деб кўкларга кўтариб келган даврда ҳам ўтмиш тарихимизга ёндашув ўзгармай қолди. Англашимча, тарихни, миллатнинг ўзлигини чин маънода кўрсатиш миллий туйғуларни қўзғаб юбориши мумкин, деган ҳадикка боришган бўлишса, ажаб эмас. Қолаверса, ўзини мудом «классик қудрат» ҳисобловчи ўйинчи мафкуралар кечагача бизнинг мактабларимизда миллий тарих қандай ўқитилиши кераклиги ҳақида очиқ хавотир билдириб келишди. Табиийки, бундай босим ва хавотирларни енгиб ўтиш ҳар кимнинг қўлидан келадиган иш эмас. Мен яқинда бўлиб ўтган қурултойимиздаги маърузамда муҳтарам Президентимиз амалга оширган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни ҳеч иккиланмасдан «инқилоб» деб билишимни айтдим. Дарҳақиқат шундай! Тарихни тиклаш ҳам, шубҳасиз, инқилоб – маънавий революция!
Сиёсатчилар тилида истеҳзо аралаш «қарам мустақиллик» деган бир термин-атама юради. Бу истилоҳ кўпроқ биз – постсовет давлатларига нисбатан қўлланилади. Назаримда, буни ортиқча шарҳлаш шарт эмас. Содда айтганда, бу «мустақилсан, аммо шу билан бирга, қарам ҳамсан», деганидир. Мафкуравий жиҳат – тарихни ўрганиш, маданият ва ахборот соҳаларида биз «анъанавий услуб»га қарам эдик. Ўйлайманки, умумий ва лўнда айтилган шу асоснинг ўзи ҳам Шавкат Мирзиёев қисқа даврда биз бугун етарлича англай олмаётган, аммо буюк ишни амалга оширганини исботлашимиз учун етарли асос бўла олади.
– Ўзингиз юқорида эслатганингиздек, яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX Қурултойида Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи билан боғлиқ муҳим бир маълумотни айтиб ўтдингиз. Касаба уюшмаларининг узоқ ўтмишига гувоҳ бўлган ушбу иншоот Янги Ўзбекистон даврида шахсан Президентимиз томонидан Федерация ихтиёрига берилди.
Касаба уюшмалари тарихи билан боғлиқ саройнинг Федерация ҳисобига ўтказилишида мен сиз эътибор қаратган бир тимсолни – ўзликнинг яна ўз ўзанига қайтаётганини кўргандек бўлдим.
– Дарҳақиқат, бу муҳташам иншоотнинг тарихи – узоқ. Унинг 100 йилдан ортиқ вақтга эга кечмиши халқимизнинг нафақат маънавий, балки ижтимоий-сиёсий ҳаёти билан чамбарчас боғланиб кетган. Биз эса бу тарихнинг кўпроқ маданиятга оид, хусусан, бу даргоҳда бир вақтлар миллий санъатимиз ва жаҳон маданиятининг машҳур дарғалари ўзининг бетакрор ва ёрқин истеъдодини намоён этганидангина хабардор эдик, холос.
Аммо тарихни ўрганиш шуни кўрсатдики, бугунги катта авлод «Свердлов» концерт зали сифатида биладиган маскан илк фаолиятини ўтган асрнинг бошида «Колизей» театри номи остида бошлаган. Ўз вақтида Тошкентдаги 1100 ўринга мўлжалланган энг катта томоша залига эга бўлган.
Тарихий манбаларга кўра, ушбу саройда 1905-1907 йилларда Туркистон касаба уюшмаларининг илк таъсис йиғилиши, 1920 йилда Туркистон Республикаси касаба уюшмаларининг II Съезди, 1925 йил март ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Кенгашининг (Узсофпроф) I Қурултойи бўлиб ўтган. Шубҳасизки, ушбу фактлар, мажозий маънода айтганда, айни даргоҳ ташкилотимиз учун бешик вазифасини бажарганини кўрсатади, десам, тўғри айтган бўламан. Бу мулоҳазаларим билан ушбу маскан касаба уюшмалари ихтиёрига берилиши маънавий томондан тўғри бўлганини яна бир бор айтмоқчиман. Қолаверса, бу амалиёт – тарихий бўлган ушбу саройга эга топиб беришнинг бошқа сабаблари ҳам бор эди. Бу ҳақда сал кейинроқ айтаман.
Ҳозир эса бевосита саройимизнинг ўтмишига кенгроқ тўхталсам. Зотан, у кўпчилик учун жуда қизиқ. 1914 йили Абдулла Авлоний раҳбарлигидаги ўзбек ҳаваскор труппасининг дастлабки спектакли – Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмаси асосида тайёрланган спектакль ҳам шу ерда қўйилган. Бинобарин, мазкур даргоҳ миллий санъатимиз тарихига дахлдор, десак, янглишмаган бўламиз. Кейинчалик қайта реконструкция қилинган «Колизей»га Я.Свердлов номи берилади. Юқорида айтганимдек, катта авлод учун бу жой хотираларга жуда бой. Чунки ушбу сарой ўз вақтида нафақат пойтахтнинг, балки мамлакатимизнинг муҳим маданий маскани бўлган.
Бироқ санъат соҳасига, академик мусиқа ва ҳассос акустикага эга бўлган ушбу ноёб даргоҳ узоқ йиллар эгасиз қолгандай бўлди. Бир у ташкилот, бир бу ташкилот қўлма-қўл қилиб, унинг нуфузига ҳам, тарихий қийматига ҳам путур етказди. Энг ёмон томони, «эга»лар кошонанинг овозни табиий тоблаб турувчи «табиати»га зарар етказишган. Бузишган, синдиришган, тешишган, хуллас, маданият улашадиган нодир бир тарихий саройни оддий офисга айлантиришган.
Кези келганда шуни айтишим керакки, ушбу санъат маскани ўтмиши ва тақдири Президентимизни узоқ вақтлар ўйлантириб юрганига шахсан ўзим гувоҳман. Шавкат Миромонович унинг тарихини ўзига қайтариш, эски ҳолатдаги фаолиятини тиклаш адолатли иш бўлиши тўғрисида бир неча бор гапирган. Бироқ у пайтлар буни амалга оширишнинг мавриди бўлмаган эди.
Президентимиз бу бинони Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфига ўтказишдаги кўзлаган мақсадларидан бири, юқорида айтганимдек, унинг тарихий шуҳрати ва жозибасини қайтарадиган «эга» қўлига топширишдан иборат эди, назаримда. Албатта, вайрон қилинган нозик дидли меъморий қурилиш ишларини қайта ўзидай тиклаш катта меҳнат, билим ва тажриба талаб этади. Шунинг учун биз дунёнинг турли нуқталаридан бундай ихтисослашган, ноёб ечимли залларни қуриш ва жиҳозлаш бўйича катта малакага эга мутахассисларни Тошкентга чақирдик, уларнинг маслаҳатини, кўмагини олдик. Узоқ йиллар «ўз ўқи»дан чиқиб кетиб, сарсон бўлган тарихий кошона Президентимиз ташаббуслари билан яна халқимизга қайтарилди.
Бугун ушбу санъат даргоҳи ўзбек маданияти ва санъатини янада равнақ топтириш, ёш авлоднинг маънавий дунёсини юксалтиришдек эзгу ишга ўзининг ҳиссасини қўшмоқда.
Бу ҳам Миллат Лидерининг ташаббуси билан халқимиз учун яна бир адолатнинг тикланишига мисол бўла олади.
– Агар тарих ёзилаётганда бир ҳарф тушиб қолса ҳам, бу хато нафақат бугунги кунга, балки келажакка ўз таъсирини ўтказади. Касаба уюшмаларининг бир асрдан зиёд тарихини ўрганиш босқичлари қандай бўлиши керак? Менинг тусмолимча, сиз ҳозиргача икки давр ҳақида сўз юритдингиз: бири – Ўзбекистонда касабачилик ҳаракатининг пайдо бўлиши, иккинчиси – жадидларнинг касаба уюшмалари билан бевосита боғлиқ ҳаракатлари.
Собиқ шўролар даврида касаба уюшмалари нималарни бошдан кечирган? Унинг ривожланиши қандай кечган? Бу саволлар ҳам одамни ўйлантириши табиий, албатта.
– Тарих холис ва адолатли ёзилмоғи лозим. Сиз айтган давр, гарчи мустабидлик замони бўлган ва у даврда, нафақат тарих ёзиш, балки бутун тизим ҳукмрон мафкурага бўйсундирилган эди. Аммо қандай бўлишидан қатъи назар, у бизнинг тарихимиз.
Энг муҳими, бу давр касаба уюшмалари ҳаётида ўзига хос ривожланиш палласи бўлганидан кўз юммаслигимиз керак. Бу тарихни ўрганиш бирмунча осон ва силлиқ кечишини эса гапирмасам ҳам бўлади. Чунки архивларда маълумотлар етарли. Бизнинг эндиги вазифамиз уларни холис ўрганмоқдир.
Мен айни дамда Иккинчи жаҳон уруши йилларида касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракатлари хусусида бироз тўхталиш лозим, деб ўйлайман. Зотан, айни ўша жараёнларда касаба уюшмалари одамларни сафарбар қилиш, бирлаштиришда қандай салоҳиятга эга эканлигини кўрсата олган.
Уруш бошланиши билан ташкилот асосий эътиборни ишлаб чиқаришни ҳарбий саноатга мослаштиришга ва мудофаа маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратишга мажбур бўлган. Хусусан, 1941 йил 25-26 июнь кунлари ипак саноати, пойабзал саноати, тикувчилар, металл буюмлари ва давлат муассасалари каби тармоқ касаба уюшмалари Тошкент ва Самарқанд вилоятларида йиғилиб, 10 соатлик иш кунига ўтиш, завод ва фабрикаларни ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтказиш бўйича тезкор чоралар кўриш тўғрисида қарор қабул қилишган. Деярли барча корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари қайта кўриб чиқилган, муддатидан олдин топшириқларни бажариш мажбуриятини олишган.
Касаба уюшмалари корхона ва ташкилотларда фронт учун умумхалқ ёрдами ҳаракатига бошчилик қилишган. Касаба уюшмалари олдидаги яна бир муҳим вазифа – эвакуация қилинган корхоналарни ҳудудларга жойлаштириш ва тезда ишга тушириш бўлган. Ана шундай 46 та завод ва фабрикада касаба уюшма ташкилотлари қайта ташкил этилган.
Янги саноат объектлари қурилишида бўлгани каби малакали ишчиларни тайёрлаш, касбга ўқитиш ишларида ҳам касаба уюшмалари фаоллик кўрсатишган. Умуман олганда, касаба уюшмалари ёрдамида 1941-1945 йилларда 135 мингдан ортиқ малакали ишчи тайёрланган.
Касаба уюшмаларининг Иккинчи жаҳон урушидаги энг катта хизматларидан яна бири уруш ҳудудларидан эвакуация қилинган аҳолини жойлаштиришдан иборат бўлган. Фронтдагиларнинг оилалари учун дам олиш масканлари, боғчалар, квартиралар ажратиш вазифаси ҳам касаба уюшмалари зиммасига тушган. Биздаги маълумотларга кўра, 137 400 нафар ўғил-қиз болалар муассасаларига жойлаштирилган. 1943 йилда 50 минг нафари оромгоҳларда дам олдирилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳарбий сафарбарликни амалга ошириш ва оғир шароитда мамлакат иқтисодиётини кўтариш, фронт ортини мустаҳкамлаш, жангчи-аскарлар ва аҳолини руҳлантиришда фаол иштирок этиб, ғалабани таъминлашга улкан ҳисса қўшди.
Айтмоқчи бўлганим шуки, ҳар бир халқнинг ўз тарихи, ўз ўтмиши бор. Унинг яхшисини бўяб-бежаб кўрсатиш, ёмонини яшириб, баъзи жойларига кўз юмиб ўтиш кечириб бўлмас ҳолдир. Шу боис, касаба уюшмаларининг мустабидлик йилларидаги тарихи янада чуқурроқ ўрганилиши, унда холислик ва адолат энг муҳим тамойил бўлиши тарафдориман.
– Яқин ўтмиш – Мустақиллик йилларидаги тарихимиз ҳақидаги фикрларингиз?
– Бу давр, айниқса, тарихга, чин мустақилликка бўлган қараш ва интилиш ҳақида юқорида қисқагина гапирдим. Тўғри, танқид қилишдан осони йўқ. Ҳар замоннинг ўз зайли бўлади. Қолаверса, ўша араванинг устида ўзимиз ҳам бўлганмиз. Аммо масалага ўзимиз, касаба уюшмалари нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, бошқа соҳа ва тармоқлар қатори бизнинг ташкилотда ҳам катта маънодаги ўзгариш бўлмади: ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолди, деганларидек, «профсоюз» анъанавий роли – ишчи-хизматчиларга сиҳатгоҳларга йўлланма тарқатадиган ташкилот мақомида қолаверди.
– Энг янги тарихимиз – Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари фаолияти ҳақида сўз юритиш фурсати келди, назаримда.
– Бу саволингизга Президентимизнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари ва аъзоларига йўллаган табригидаги мана бу иқтибос билан жавоб берсам майлими?
Унда шундай дейилган эди: «Салкам 120 йиллик тарихга эга Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолияти давомида юксалиш ва пасайиш даврлари ҳам юз берган, лекин бу ташкилот ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмаган. Айниқса, сўнгги йилларда касаба уюшмалари ҳаётида янги ривожланиш босқичи бошланди, десак, муболаға бўлмайди».
Ҳа, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллик тарихида кейинги 9 йил асрларга татигулик давр бўлди. Буни ҳамма кўриб-билиб турибди.
Эсингизда бўлса, биз суҳбатимиз аввалида келишиб олган эдикки, «Тарих хроникаси эмас, ундан чиқадиган сабоқ хусусида гаплашамиз», деб. Аммо касаба уюшмаларининг янги тарихидаги муҳим воқеаларни таъкидлаб ўтишни истардим. Зотан, улар муҳтарам Юртбошимиз оқилона сиёсатининг соҳамиздаги аксидир.
Такрор айтаманки, касаба уюшмалари кейинги тўққиз йилда асрий янгиланишларнинг гувоҳи бўлди. 11 ноябрнинг «Касаба уюшмалари куни» деб эълон қилиниши шонли тарихимизга зарҳал ҳарфлар билан ёзилди. 2021 йил «Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи» музейи ташкил этилди.
Федерация қошидаги Малака ошириш институти бугун соҳа мутахассислари учун ихтисослашган муассасага айлантирилди.
Ўтган даврда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан Федерация тасарруфида Марказий Осиёда ягона бўлган Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси ташкил этилди. Мазкур ўқув даргоҳи бугунга келиб, соҳа учун етук мутахассислар тайёрлашда муҳим платформа вазифасини бажармоқда.
Мамлакатимиз мустақилликка эришган 1991 йилдан 2017 йилгача ўтган 26 йил давомида тизимда 1 та янги санаторий қурилган бўлса, охирги тўққиз йилда 14 та янги санаторий қурилиб, фойдаланишга топширилди. Яна 10 га яқини реконструкция қилинди.
Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, 2022 йилда Федерация тизимида Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти иш бошлади. Фаолиятини тўхтатган ёки самарасиз ишлаётган 82 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи Федерация балансига ўтказилди ва тасарруфдаги шундай масканлар сони 110 тадан ошди. Ўтган давр мобайнида 9 та янги болалар оромгоҳи қурилди, 76 таси капитал таъмирланди.
2024 йилда «Яккасарой» спорт-соғломлаштириш мажмуасида халқаро талабларга жавоб берадиган Сув спорти саройи фойдаланишга топширилди. Ўтаётган йилда у ерда мамлакатимизда илк бор синхрон сузиш ва сузиш бўйича биринчи Марказий Осиё очиқ чемпионати ўтказилиши, ҳеч шубҳасиз, спортимиз соҳасида тарихий воқеа бўлди.
XX асрнинг бошларида шаклланган ташкилотимиз демократик муҳитда дунёга келганини, бу ҳаракатда кўплаб жадидларимиз бевосита иштирок этганини кўпчилик жуда яхши билади. Орада замонлар ўзгариб, касаба уюшмалари ўз ҳаётида турғунлик йилларини ҳам бошидан кечирди. Аммо бугун – Янги Ўзбекистон даврига келиб, у ўзи илк эркин қадам олган муҳитга қайтди.
Мен буни бежиз эсламадим. Зотан, Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихида илк бор, бу йил ўтказилган сайловларда барча даражадаги касаба уюшмалари органлари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари муқобиллик асосида, яширин овоз бериш йўли билан сайланди. Айни ташаббус ташкилотимизнинг халқаро даражадаги нуфузини оширди, десам, янглишмаган бўламан.
Ўтган қисқа давр ичида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг халқаро миқёсдаги ўрни ва обрўйи ҳам ошди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг очиқлик, дўстлик ва ишончли ҳамкорлик сиёсатлари натижасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан 2021 йилда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари кенгаши, 2023 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия миллий касаба уюшма марказлари иштирокида Туркий давлатлар касаба уюшмаси ташкилоти таъсис этилди.
2024 йил декабрь ойида касаба уюшма фаолларининг яна бир узоқ йиллик орзуси амалга ошди. Федерациямиз 169 та давлатнинг 333 та касаба уюшмаларини бирлаштирган, 250 миллиондан зиёд аъзога эга Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг ҳақиқий аъзолигига қабул қилинди.
Буларнинг барчаси мамлакатимиз касаба уюшмалари тарихидаги муҳим ва унутилмас воқелик ҳисобланади.
Ҳозир мен Янги Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихидаги энг муҳим воқеа – Президент Шавкат Мирзиёевнинг касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашуви бўлганини айтиб ўтмасам бўлмайди. Зотан, мен ушбу учрашувда узоқ йиллар давомида дилимдан ўтказган англамларимнинг ҳаётий эканига яна бир бор амин бўлдим.
Давлат раҳбари, тарих ҳақида сўзлар экан, жумладан, шундай деди:
«Ҳаёт бир ҳақиқатни доимо таъкидлаб келади: тарихни пухта билмасдан туриб, келажакни барпо этиб бўлмайди. Шу боис, ҳар бир ташкилот ва муассаса тарихини ўрганиш, уларда меҳнат қилган инсонларни ёдга олиш, эзгу ишларини келажак авлодларга етказиш барчамизнинг бурчимиз».
Менинг англамларим нима эди?
Мен кўп йиллар ҳамроҳ бўлган, кўп бора суҳбатлашган инсон сифатида Шавкат Мирзиёевнинг ботинидаги улуғ бир туйғуни англагандек бўламан. Бу Миллат ва Ватаннинг турли даврларда топталган, баъзан таҳқирланган қадр-қимматини тиклаш, унинг бир вақтлардаги буюк шону шавкатини улуғлаш туйғусидир.
Ана энди сиз суҳбатимиз аввалида сўраган ва мен сал аввалроқ қисман жавоб берган саволингизга доир мулоҳазалар билан ўртоқлашсак бўлади. Яъни, бунгача сўровингизнинг ижтимоий-сиёсий жиҳатларига тўхталган бўлсам, энди унинг мафкуравий-маънавий томонларига эътибор қаратамиз.
Аввало, шуни ишонч билан айтишим керакки, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг тарихини чуқур ва кенг ўрганиш зарурати мамлакатимиздаги бугунги маънавий ўзгаришлар сабаб юзага келди.
Очиқ гапиришдан тортинмаслик керак, бундан 7-8 йил олдин касаба уюшмалари, деса одамлар қандай ташкилотни тушунишган?! Ўйлайманки, бу саволга ҳаммада аниқ жавоб бор. Аммо бугун у халқнинг орасига кирди. Миллий сиёсатимизни амалга оширишда Президентимизнинг кўмакчисига айланди. Камбағалликни қисқартиришга қаратилган халқпарвар лойиҳалар – «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар» ва бошқа ижтимоий дастурларнинг амалга ошишида касаба уюшмалари фаоллари, аъзоларининг муносиб улуши борлигини бугун эътироф этсак, адолатдан бўлади.
Шу маънода, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси чиндан халқ ташкилотига айланди, жамиятда ҳам, давлат олдида ҳам обрўси ортди. Буларнинг барчаси, аввало, Президентимизнинг сиёсатлари туфайлидир. Тарихимизни ўрганишга бўлган иштиёқимиз ҳам, ҳеч шубҳасиз, Шавкат Миромонович табиатидаги ноёб хусусиятдан «нусхаланган», десам, ишонаверинг.
Эътибор қилсангиз, Президент тарих ҳақида жуда кўп гапиради, ўтмишга мудом эҳтиром кўрсатади, аждодлар меросига чуқур ҳурмат билан қарайди. Буни Тошкентда қад ростлаган буюк лойиҳалар – Янги Ўзбекистон боғи, Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда бунёд этилган Имом Бухорий мажмуалари мисолида ҳам яққол кўришингиз мумкин. Сиз давлат раҳбарининг шу иншоотларга пойдевор қўйилганидан буён уларнинг қурилиши, иш жараёни билан танишиш учун неча марталаб боргани, ҳар борганларида қанчалар ўзгариш ва қўшимчалар киритганини санаб бера оласизми?!
Ҳар бир ташриф эҳтиромдир. Бу эҳтиром негизида эса Миллат ва Ватанга бўлган чексиз садоқат, ёрқин муҳаббат туради. Зотан, Ватанини севган, Миллатига меҳрли бўлган инсонгина ўз тарихини улуғлайди, аждодлари билан фахрланади, уларга муносиб фарзанд бўлишга интилади, улкан бунёдкорликларга қодир бўлади.
Шукрки, Аллоҳ бизга шундай Етакчини берган. Унинг халқига бўлган чексиз меҳри каби битмас-туганмас шижоати бугун 8 миллионлик касаба уюшмалари аъзоларини ҳам улкан марраларга руҳлантирмоқда, уларни Янги Ўзбекистон тарихининг зарҳал саҳифаларини ёзишга ундамоқда.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!
Суҳбатдош:
Ҳусан ЭРМАТОВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист



Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0