Қурилишлар авжида, дарёлар эса хавф остида
Мамлакатимизда урбанизация жараёнининг жадаллашиши, шаҳар ва қишлоқларда янги қурилишларнинг кенгайиши, инфратузилманинг тобора яхшиланиши, янги тураржойларнинг қад ростлаши, аввало, табиатга катта зарар етказаётир. Қандай қилиб, дейсизми?
Бу жараён нафақат ёввойи табиат ҳудудини қисқартириб, унинг ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига таъсир кўрсатмоқда, балки қурилиш юҳосининг нафсини қондириш учун дарё ўзанларидан қум-шағал назоратсиз қазиб олиниши оқибатида улар ўзгариб, сув ўсимликлари, балиқлар дунёсига қирон келмоқда. Тадбиркорлар оқибатларини ўйламасдан дарё ўзанларини кавлай бошлашади. Чунки бу ердан олинаётган норуда материаллар тоғ карьерларидаги ишлаб чиқаришга нисбатан унча катта харажатларни талаб қилмайди, табиатнинг ўзи тошларни ювиб, майдалаб қўйган.
Шу билан бирга, ноқонуний равишда ёки белгиланмаган жойларда қум ва шағал кавлаб олиш билан шуғулланаётганларни аниқлаш, уларга чоралар кўриш борасида муайян ишлар қилинаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Биргина 2023 йилда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан 268 нафар шахсга нисбатан 303 та маъмурий ва жиноий жавобгарлик бўйича иш очилиб, уларга 68 млрд. сўм миқдорида жарима қўлланилди. 2024 йил октябрь ойида Чирчиқ дарёсида ноқонуний равишда қум-шағал аралашмаси қазиб олиш ҳолати аниқланиб, табиатга етказилган зарар миқдори 273 млрд. сўмдан ортиқроқни ташкил этгани, ноябрь ойида аниқланган вазиятда эса зарар миқдори 233 млрд. сўмдан ошиқроқ экани маълум бўлди.
Шунингдек, Бош прокуратуранинг иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўйича бошқармаси томонидан Навоий вилояти Кармана туманидаги «Янгиариқ» МФЙ ҳудудида Зарафшон дарёсидан ноқонуний равишда 79,3 минг куб. метр қум-шағал қазиб олингани, давлат манфаатлари ва табиатга 1,1 млрд. сўм зарар етказилгани аниқланди. Бош прокуратуранинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан қўшимча равишда текширувлар ўтказилганда вилоятнинг Нурота туманида жойлашган «Кўчат» ҳудудидан махсус техника ёрдамида 17,9 минг куб. метр қум-шағал қазиб олиниб, давлат ва табиатга 232,9 млн. сўм зарар етказилгани ойдинлашди. Бош прокуратуранинг Сариосиё тумани бўлими департаменти суриштирув ишлари ўтказганда, «М.М.» корхонасининг мансабдор шахслари томонидан тумандаги муҳофаза ҳудудидан 5,5 минг куб. метр норуда материаллари қазиб олингани оқибатида табиатга 143,4 млн. сўм зарар етказилгани аниқланган.
Мазкур ноқонуний ҳаракатлар сув ресурсларининг камайиши, дарё қирғоқларининг ювилиши, муҳофаза этиладиган сув ҳудудларининг ифлосланиши, ирригация тизимларининг, электроэнергетика, транспорт ва гидротехника инфратузилмаларининг шикастланишига олиб келди. 2025 йил 16 февралда Зарафшон дарёси ҳавзасида ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан ўтказилган назорат рейд тадбирлари давомида 8 та ҳуқуқбузарлик қайд этилиб, оқибатда табиий объектларга жами 105 миллиард 521 миллион 903 минг сўм зарар етказилгани аниқланган. Ушбу ҳуқуқбузарликлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Яна бир ҳолат яқинда Тошкент вилоятининг Паркент туманида содир этилган. Вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда Ички ишлар бошқармаси пост-патруль хизмати ходимлари биргаликда ўтказган рейд давомида туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Оҳангарон дарёсининг эски ўзани бўйида юклагич ёрдамида қум-шағал аралашмаларини қазиб олиш туфайли табиатга 3 млрд. 696 млн. сўмдан ортиқ зиён етказилгани маълум бўлди.
2023 йилда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.Абдуҳакимов дарё ўзанларидан қум-шағалнинг назоратсиз қазиб олиниши сув сатҳининг пасайиши, флора ва фаунанинг камайиши, сув буғланиши ортишига олиб келиши ҳақида қуйидаги фикрни билдирган эди: «Дарё ўзанларидан қум-шағал қазиб олиш фақатгина тошқиннинг олдини олиш мақсадидагина амалга оширилиши мумкин. Аммо бугунга келиб, мазкур жараён барча экологик талабларга қарши ўлароқ шафқатсиз бизнесга, дарёлар қурилиш материалларини қазиб олиш воситасига айланди. Ҳеч қачон дарёлар бу даражада жамиятни қурилиш материаллари билан таъминлаш манбаси бўлмаган эди».
Унинг фикрича, бутун дунёда қурилишдаги эҳтиёжларни қондириш учун тоғларда карьерлар очилади. Шағал тоғ ҳудудларидан барча экологик талабларга риоя этилган ҳолда олинади. Аммо бу жараён логистика, транспорт, шағални ювиш ва уни қайта ишлаш харажатларининг ортишига олиб келади. Энг осон, қулай ва арзон усул эса дарё ўзанларини талашдир. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги муаммонинг ечими сифатида дарё ўзанларидан норуда материалларни қазиб олишга мораторий жорий қилишни таклиф этди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги 566-сонли қарори билан дарё ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга мораторий жорий этиладиган ҳудудлар чегаралари белгиланди. Президентимизнинг 2024 йил 17 январдаги 14-сонли фармонига мувофиқ, дарё ўзанлари, соҳилбўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида жойлашган норуда материалларни қайта ишлаш корхоналарини тоғ ва тоғолди ҳудудларига ёки ушбу ҳудудлар яқинида жойлашган кичик саноат зоналарига кўчириш назарда тутилган. Чирчиқ, Сирдарё, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарё ўзанларида қум-шағал қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилиб, қум-шағал қазиб олиш қуйидагиларни ўз ичига оладиган белгиланган зоналарда тақиқланади:
• дарё ўзанлари;
• соҳилбўйи минтақалари;
• сувни муҳофаза қилиш зоналари.
Бунда дарё ўзанлари, соҳилбўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида қум-шағал материалларини қазиб олиш ҳуқуқини фақат «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали реализация қилиш назарда тутилган.
Бугунги кунда дарёлар хавфсизлиги билан давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 9 июлдаги «Ички бозорни қум-шағал материаллари билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган «Хавфсиз дарё» ДУК шуғулланади. Унинг асосий вазифаси дарё ўзанларини тозалаш жараёнида қум-шағал қазиб олиш ишларини олиб бориш учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, улар бўйича давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш; ФВВ, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ходимлари билан биргаликда доимий равишда жойларга чиққан ҳолда дарёлар ўзанларини тозалаш ишлари олиб борилаётган участкалардаги ҳолатни ўрганиш; шартнома асосида жалб этилган тадбиркорлик субъектлари томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ишлари натижасида олинган қум-шағал материаллари ҳажмининг ҳисобини юритиш; ФВВ билан биргаликда дарёлар ўзанларида қум-шағал материаллари тўпланиб қолган ва тозаланиши лозим бўлган участкалар рўйхатини тасдиқлаш учун Комиссияга киритишдан иборат.
– Дарё ўзанларини тозалаш жараёнида қум-шағал материалларини қазиб олиш ишлари мавсумий тарзда, ер участкаларини ажратмаган ҳолда амалга оширилади. Бу тартиб Геология вазирлиги томонидан 2018 йил 9 июлда тасдиқланган норуда материалларни қазиб олишга лицензия берилган участкаларда қум-шағал қазиб олишга ҳам тегишли. Мораторий белгиланган ана шу 7 та дарёда қум-шағал қазиб олиш бўйича белгиланган меъёрга эришилди, – дейди Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий этиш давлат муассасаси лойиҳаларни бошқариш ва техник назорат бўлими бошлиғи Олим Худойбердиев. – Бизда ер ости ва ер усти сувлари бор. Ҳозир норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш тўхтатилмаса, дарёларнинг янада чуқурлашиши ер ости сувлари сизиб чиқиб, ер усти сувлари билан қўшилиб кетишига олиб келади. Оқибатда доимий дарёлар ботқоқланади, мавсумий дарёлар қуриб қолади. Шу сабабли ҳам мораторий жорий этилди. Мораторийнинг мақсади дарё экотизимини, флора ва фаунасини сақлаб қолиш ҳамда унинг тикланиши учун етарли вақт бериш.
Аммо жорий этилган мораторийга қарамай, фармонда кўрсатилган дарё ўзанларида қум ва шағал қазиб олиш давом этмоқда. «Ekolog» жамоат бирлашмаси Телеграм каналининг ботига Чирчиқ, Зарафшон ва Сангзор дарёлари ўзанларида норуда материаллар ноқонуний қазиб олинаётгани ҳақида хабарлар тез-тез келиб тушаётгани ҳам фикримизни исботлаб турибди.
Ана шундай мурожаатлардан бирида келтирилган важларни ўрганиш мақсадида «Ekolog» жамоат бирлашмаси вакиллари бултур Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани ўрмон хўжалигида бўлишган. Хўжалик ходимлари Зарафшон дарёси ўзанидан ноқонуний шағал олинаётгани ва юк машиналари қум олиб кетаётгани ҳақида бир неча бор мурожаат қилган эди. Зарафшон дарёси ўрмон хўжалиги ҳудудидан оқиб ўтади, «Ekolog» жамоат бирлашмаси вакиллари шағал ва қум ортилган юк машиналари ўрмон хўжалигидан қандай ўтиб кетаётганига гувоҳ бўлишади. Ҳайдовчилар автомашиналарга ортилган қум-шағал қаерга олиб кетилаётгани, бу ноқонуний фаолият кимнинг буйруғи билан амалга оширилаётгани ҳақидаги саволларга жавоб бермай, қочиб кетишди.
– Зарафшон дарёси тубида ноқонуний шағал қазиб олиш оқибатида сув сатҳи кескин пасайди. Шу боис Зарафшон миллий боғидаги дарахтлар ҳам, ўрмон хўжалигимиздаги дарахтлар ҳам қуриб кетмоқда, – дейди ўрмон хўжалигининг собиқ ходими Ихтиёр Нормуродов.
Зарафшон миллий табиат боғи атроф-муҳитни мониторинг қилиш бўлими мутахассиси Эркин Холмонов Зарафшон дарёсидан ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олинаётганидан хавотирда.
– Зарафшон дарёси тубидан ноқонуний шағал қазиб олиш оқибатида миллий боғни хавф остида қолдирмоқда. Сув сатҳининг пасайиши туфайли миллий боғдаги дарахтлар қуриб қолмоқда. Тушунмадим, нега улар дарёга қум-шағал қазиб олувчи экскаваторлар, оғир юк машиналари кетаётган йўлни беркитишмайди? Йўл ёпилса, улар кира олмайди, – дейди у.
Афсуски, ҳозирги вақтда мораторий рўйхатига киритилган барча дарё ўзанларида бундай қоидабузарликлар кузатилмоқда. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, дарё ўзанларидан норуда материаллар қазиб олиниши дарё сувининг сифати ва миқдорига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Шағал қазиб олиш жараёнида дарё ўзанларига махсус техника – экскаваторлар ва самосваллар туширилади. Қарабсизки, дарё суви ёнилғи-мойлаш материаллари, турли чиқиндилар билан ифлосланади. Оқибатда сув сифати ёмонлашади ва дарё экотизимига зарар етади.
Вазирлик маълумотларига кўра, дарёларни табиий ҳолатига қайтариш ва экотизимни тиклаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан қатъий, муддатсиз мораторий жорий этилиб, дарё ўзанларини тозалаш, табиий экологик мувозанатни сақлаш чоралари кўрилмоқда. Бу чора-тадбирлар халқаро экологик стандартларга тўлиқ мос келади. Мазкур ҳаракатлар Ўзбекистоннинг экологик сиёсатини янада юқори босқичга олиб чиқади. Ҳозир мораторийни бекор қилиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Аксинча, дарёларнинг табиий ҳолатини тиклаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаб қолиш бўйича доимий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Чирчиқ дарёси бўйлаб экологик, гидрологик ва гидрогеологик жиҳатларни ўрганишга асосланган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳалар зарарланган ҳудудларни қайта тиклаш, чиқиндиларни олиб ташлаш ва қирғоқларни мустаҳкамлашни ўз ичига олади. Сув хўжалиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликлари ҳамкорликда халқаро ва маҳаллий олимларни жалб этиш, дарёларни экологик жиҳатдан тиклаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга интилмоқда. Дарё ўзанларида олиб борилаётган ишларни қабул қилишнинг янги тартиблари белгиланиши кутилмоқда. Бундан ташқари, бузилган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, дарёларни чиқиндилардан тозалаш ишлари тизимли давом эттирилади.
Дарё ўзанлари ва қирғоқларида экологик мувозанатни тиклаш ва тартибга солишга қаратилган мораторий чора-тадбирлари доирасида республикада, айниқса, пойтахт ва Тошкент вилоятида қум-шағал хомашёсига талаб кескин ортиб бормоқда. Юзага келган дефицит (йилига 1 миллион тонна) 100 минг куб. метрдан ортиқ ёки 25 фоиз камомадни ташкил этади, бу эса, ўз навбатида, қурилиш бозорига таъсир кўрсатади ва нархларни тенглаштириш чораларини талаб қилади.
Кончилик ва геология вазири маслаҳатчиси Нурбек ҳақбердиевнинг маълум қилишича, қум-шағалга бўлган талабни барқарорлаштириш учун тоғли ва тоғолди ҳудудларидаги инфратузилма объектлари яқинида жойлашган ва норуда материаллар билан таъминланган жами 135 та муқобил ер участкаси танлаб олинган. Улардан 40 таси аукционга қўйилган, 20 таси аукцион савдолари натижасида тадбиркорларга сотилган, яна 95 таси (жами 1256 гектар) кимошди савдосига тайёрланмоқда. Таҳлилларга кўра, барча ривожланган давлатлар дарё ўзанларида қум ва шағал қазиб олишни тақиқлашдан манфаатдор. Туркия, Россия, Қозоғистон, Япония, Жанубий Корея ва Хитой каби мамлакатларда бир қатор чекловлар мавжуд (шунингдек, дарё ўзанларида норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари аниқланган тақдирда ҳам қатъий чоралар кўрилади).
Нега мораторийга қарамай, дарё ўзанларидан ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олиш давом этмоқда?
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш етарли даражада таъминланмаганлиги, коррупция ҳолатларининг мавжудлиги ва махсус мониторинг ускуналарининг етишмаслиги кабилар ҳам бунга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон дарёлари ўзанларида металл бўлмаган материалларни ноқонуний қазиб олиш қуйидаги бир қатор салбий оқибатларга олиб келади:
• дарё ўзанларидан норуда материалларнинг қазиб олиниши улар тубининг ўзгариши, қирғоқ чизиғининг вайрон бўлиши, сувдаги балиқ ва бошқа ҳайвонларнинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлари йўқолишига олиб келади;
• қум-шағални қазиш жараёнида ҳосил бўладиган муаллақ чанг зарралари, техникадан тушаётган мойлар сувни ифлослантиради, унинг лойқалигини оширади ва биологик хилма-хилликни камайтиради;
• қирғоқ чизиғининг бузилиши тупроқ эрозиясининг кучайишига, тупроқ устки қатламининг йўқолишига ва қишлоқ хўжалиги ерлари сифатининг ёмонлашишига олиб келади;
• кўприклар ва бошқа гидротехник иншоотлар яқинида ноқонуний қазиб олиш уларнинг вайрон бўлишига олиб келади ва хавфсизликка таҳдид солади;
• ноқонуний қазиб олишлар тоза сув ва бошқа табиий ресурслардан маҳрум бўлган маҳаллий аҳоли ўртасида ижтимоий низоларга олиб келиши мумкин;
• ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатлар балиқчилик ва туризм соҳаларига зарар етказиб, ер ва кўчмас мулкнинг қийматини пасайтиради;
• ноқонуний қазиб олишлар жараёнида солиқ тўловлари бюджетга тушмайди.
Ўзбекистон дарёлари ўзанларида норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш зудлик билан чора кўришни талаб қилувчи жиддий экологик ва ижтимоий муаммо ҳисобланади. Ушбу соҳадаги қонунчиликни қатъийлаштириш, назоратни кучайтириш, муқобил манбаларни ривожлантириш, аҳолининг хабардорлигини ошириш жамоатчиликни кенг жалб этишга асосланган комплекс ва тизимли ёндашувгина сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилади. Шуни ёдда тутиш керакки, дарёлар нафақат норуда материаллар манбаи, балки келажак авлодлар учун сақлаб қолишни талаб қиладиган ҳаётий муҳим экотизимдир.
Наргис ҚОСИМОВА,
экожурналист, «Ekolog» жамоат бирлашмаси раҳбари
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0