Келишувга келишилмаган беш соатлик музокара
Президент Путин ва АҚШ махсус вакили Уиткофф ўртасидаги беш соатлик ёпиқ музокара формати бу учрашувни одатий дипломатик алоқалардан ажратиб туради. Унинг узоқ давом этгани ва сир тутилгани, томонлар кейинги келишувларни хавф остига қўймасдан, ошкора муҳокама қилиб бўлмайдиган масалаларни муҳокама қилганини кўрсатади.
Ёпиқ режимда ўтказилган музокараларда деярли ҳамиша ўта нозик йўналишлар муҳокама қилинаётгандек. Эҳтимол, гап аниқ келишувлар ҳақида эмас, балки кейинчалик мулоқотни йўлга қўйиш мумкин бўлган масалалар ҳақида кетган.
Ёрдамчи Ушаков музокарада муросага эришилмаганини билдирди. «Ҳозирча муроса варианти топилмади. Америка лойиҳаси муҳокамага муҳтож, таклифларнинг ҳаммаси ҳам бизга тўғри келмайди. Путин Вашингтоннинг қатор таклифларига нисбатан "танқидий ва ҳатто салбий муносабатини" яширмаган. Учрашувда "ҳудудий муаммолар муҳокама қилинган”, деб хабар берди у.
Гарчи муросага эришилмаган бўлса-да, Ушаков делегациялар учрашувини “жуда фойдали, конструктив ва мазмунли" деб атаган.
АҚШ давлат котиби Рубио АҚШ ва Россия ўртасида Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича музокараларда силжиш борлигини маълум қилди: «Бироз силжишга эришдик. Украинлар нималарга рози бўлиши мумкинлигини аниқлаш, келажакда уларга хавфсизлик кафолатини, нафақат иқтисодиётни тиклаш, балки гуллаб-яшнаш, иқтисоди ривожланган давлат бўлиш имконини беради».
Рубио Россия Федерацияси ўзи бошлаган урушнинг дастлабки босқичида Украина ҳудудининг ҳозиргидан анча кўп қисмини назорат қилганини эслатиб, украинлар жасорат, мардлик ва жон-жаҳд билан курашгани туфайли улкан муваффақиятга эришганини қайд этди.
Таҳлилчилар Вашингтон Москва учун босим ўтказиш йўлидан қанчалик чекиниб, хавфсизлик, санкция сиёсати, жаҳон иқтисодиётидаги хатарларни минималлаштириш механизмларини аниқ муҳокама қилишга тайёр эканлигини тушуниб олиши муҳимлигини таъкидлашмоқда.
Ёпиқ формат учинчи томонлар ташаббусни эгаллаб олишига имкон бермайди. Айнан шунинг учун ҳам учрашув анъанавий дипломатик тутумлардан қочилиб, махфий этиб белгиланган. Томонлар барча бандларни сир сақлашга келишиб олишган. Шунингдек, янги геосиёсий архитектурани яратиш бўйича "Путин-Трамп пакти" мавжудлигига ишора қилиши мумкин.
Кечаги учрашувда, шунингдек, эҳтимолий санкциялар, иқтисодий ҳамкорлик, жумладан, "Шимолий оқим" газ қувурларидан фойдаланиш ва савдо мавзулари кўриб чиқилгани айтилади...
Аброр ХОН,




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0