Педагог ва ҳамшираларга ҳақ тўлашдаги ноҳақликка барҳам берилди
Шу пайтгача амалдаги қонунчиликка кўра, тиббиёт ҳамшираси касалхона ёки поликлиникада, умуман, тиббиёт йўналишидаги бирор ташкилотда ишласа, у ойлик маошига қўшимча устама ва тўловлар олган. Аммо ҳамшира боғча ёки мактабда ишласа, унга ҳеч қанақа тўловлар тўланмаган.
- Масалан, боғча ёки мактабда ҳамшира бўлиб ишлаган Нафиса тахминан 2 миллион, унинг поликлиникадаги ҳамкасби 4 миллион сўм ойлик оларди. Эндиликда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бу дискриминацияга барҳам берилди, – дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги юристи Жаҳонгир Алижонов. - Яна бир шундай ҳолат мавжуд эди. Масалан, Наргиза инглиз тилидан дарс беради.
У ўтиладиган дарс соатларига 100 фоиз ҳақ олади. Аммо Наргиза беморлиги боис меҳнат таътили (больничний)га чиқса, унинг ўрнига дарс ўтган ўқитувчига 50 фоиз ҳақ ёзилади. Боғча тарбиячиси ўрнига ишлаб турган ҳамкасбга ҳам ҳақ тўлаш худди шундай тартибда бўлган. Бу кўп ҳолатларда ўқитувчи ва тарбиячиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги қарорга асосан юқорида таъкидланган касб эгаларига ҳақ тўлаш борасидаги номутаносиблик бартараф этилди.
Зебо Намозова,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0