Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 780.095.75

  • EUR

    13 889.4040.74

  • RUB

    131.67-0.5

+6C

+6C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+6c

  • Hozir

    +6 C

  • 01:00

    +6 C

  • 02:00

    +6 C

  • 03:00

    +5 C

  • 04:00

    +5 C

  • 05:00

    +4 C

  • 06:00

    +3 C

  • 07:00

    +3 C

  • 08:00

    +3 C

  • 09:00

    +7 C

  • 10:00

    +12 C

  • 11:00

    +15 C

  • 12:00

    +17 C

  • 13:00

    +18 C

  • 14:00

    +19 C

  • 15:00

    +19 C

  • 16:00

    +18 C

  • 17:00

    +16 C

  • 18:00

    +14 C

  • 19:00

    +13 C

  • 20:00

    +11 C

  • 21:00

    +11 C

  • 22:00

    +10 C

  • 23:00

    +9 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Juma, 01-November

+6C

  • Hozir

    +6 C

  • 01:00

    +6 C

  • 02:00

    +6 C

  • 03:00

    +5 C

  • 04:00

    +5 C

  • 05:00

    +4 C

  • 06:00

    +3 C

  • 07:00

    +3 C

  • 08:00

    +3 C

  • 09:00

    +7 C

  • 10:00

    +12 C

  • 11:00

    +15 C

  • 12:00

    +17 C

  • 13:00

    +18 C

  • 14:00

    +19 C

  • 15:00

    +19 C

  • 16:00

    +18 C

  • 17:00

    +16 C

  • 18:00

    +14 C

  • 19:00

    +13 C

  • 20:00

    +11 C

  • 21:00

    +11 C

  • 22:00

    +10 C

  • 23:00

    +9 C

  • Juma, 01

    +6 +20

  • Shanba, 02

    +9 +20

  • Yakshanba, 03

    +8 +20

  • Dushanba, 04

    +9 +20

  • Seshanba, 05

    +12 +20

  • Chorshanba, 06

    +13 +20

  • Payshanba, 07

    +8 +20

  • Juma, 08

    +0 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

“Футбол уруши”: жаҳон чемпионати сабаб келиб чиққан қонли можаро тарихи

Футбол тарихида қонли воқеалар кўп бўлган. Стадионларда мухлислар тўқнашуви, жанжаллар ёки бахсиз ҳодиса сабаб юзлаб кишилар вафот этгани маълум. Масалан 2022 йил октябрида Индонезиядаги стадионда келиб чиққан жанжал оқибатида икки юзга яқин одам қурбон бўлганди. Маҳаллий дербида меҳмонлар ғалаба қозонганини ҳазм қила олмаган мезбонлар жанжал бошлашганди. Аммо тарихда бундан баттарроқлари бўлган: футбол матчи ортидан ҳатто чинакамига уруш чиққан. Бу уруш Салвадор ва Гондурас ўртасида юз берганди.
285 15:58 | 14.05.2024 15:58

Футбол ортидан содир бўлган биринчи ҳақиқий ҳарбий можаро 1960 йилларда Марказий Американинг жануби-ғарбий қисмида бир-бири билан чегарадош бўлган Салвадор ва Гондурас ўртасида рўй берди. Эътиборли томони, қуролли тўқнашувгача ҳам давлатлар тез-тез келишмовчиликларга бориб қоларди. 1970 йилги Жаҳон чемпионатига саралашда икки давлат футбол жамоалари тўқнаш келишди ва натижалар томонларнинг сабр косасини тўлдириб юборди.


Футбол уруши номини олган можаро бор-йўғи олти кун (1969 йил 14-20 июл кунлари) давом этган. Урушнинг бевосита сабаби Гондурас терма жамоасининг “Жаҳон чемпионати-1970” саралаш босқичининг плей-офф ўйинларида Салвадор жамоасига мағлуб бўлиши эди.


Жуда қисқа вақт давом этган бўлсада, можаро ҳар икки томон учун ҳам қимматга тушди; умумий йўқотишлар бир неча минг кишини ташкил этди. Сиёсий таранглик Марказий Америка умумий бозорининг минтақавий интеграция лойиҳасини ҳалокатга дучор этди.


1960 йилларда Салвадор бир қадар ривожланган иқтисодиётга эга эди, мамлакат тез ўсиб борди, лекин деҳқончилик учун майдонлар жуда кам эди. Гондурасда эса вазият ҳавас қиларли эмасди – иқтисодиёт таназзулга юз тутди, аҳоли сони кўпаймаётганди – лекин ер билан боғлиқ муаммолар йўқ эди.


Шу сабабли, Американинг Standart Fruit ва United Fruit гигантлари (АҚШ ва Европага экзотик меваларни етказиб берувчи трансмиллий компаниялар) Гондурасда тобора кўпроқ плантациялар ташкил эта бошладилар. Аммо ишчи кучи етарли эмас эди ва компаниялар Салвадордан ишчиларни ёллай бошладилар. Кўп ўтмай, салвадорлик айрим уддабуронлар бундан фойдаланишди: улар Гондурас ҳудудига кириб, кам аҳолига эга ерларни эгаллаб олишди. 1969 йилга келиб 300 мингга яқин салвадорликлар Гондурасга кўчиб ўтишди. Улар қулай жойлашиб олиб, кўпинча пойабзал ишлаб чиқарадиган бизнесни очишди.


Маҳаллий аҳоли муҳожирларни тинчгина қабул қилишди, чунки уларнинг ўзига хос муаммолари бор эди: ижтимоий сиёсат муваффақиятсизликка учраган ва иқтисод фалаж аҳволда эди. Гондурас ҳукумати тепасидаги генерал Освалдо Лопес Ареллано ҳукумати эса оммавий норозиликларнинг олдини олиш ва нуқсонларни хаспўшлаш учун барча муваффақиятсизликларда янги келганларни айблай бошлади.


Амалдорларга бу борада омад кулиб боқди: 1966 йилда йирик Гондурас ер эгалари мигрантлар рақобатидан қўрқиб, ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун иттифоқ туздилар. Муҳожирларга уруш эълон қилиш осонроқ бўлди ва ҳукумат тўрт нарсани кучайтирди:


  1. Оммавий ахборот воситаларида миграцияга қарши кампания бошлади;
  2. Салвадор билан миграция шартномаси янгиланмади;
  3. Салвадорликлардан ерлар тортиб олинди. Фақат Гондурасликлар ерга эгалик қилишлари мумкин эди;
  4. Мамлакатга кириб келаётганларга қарши курашиш учун қуролли бўлинмалар тузилди.

Янги сиёсат муҳожирларга қарши кенг кўламли ҳужумларга олиб келди: уларнинг айримлари калтакланган, ўғирланган ва ҳатто ўлдирилган. Олти ой ичида 30 дан 60 минггача салвадорликлар Гондурасдан ватанларига қайтишди ва оқибатда ўша пайтдаги президент Фидел Санчес Эрнандес қўшимча муаммоларга дуч келди. Ғазабланган Салвадор ҳукумати қочқинларга тегишли барча ерлар тез орада давлатнинг бир қисмига айланишини айтиб, ўта кескин баёнот берди. Можаро тезда ҳалокатли тарзда авж ола бошлади.


Аксига олиб, 1970 йилги жаҳон чемпионати саралашида икки давлат термалари тўқнаш келди. Улар ўзларининг кичик гуруҳларида ғалаба қозонишди ва ярим финалда учрашишди.


Дастлабки қарама-қаршилик 1969 йил 6 июнда Гондурас пойтахти Тегусигалпада бошланди. Ўйиндан бир кун олдин Салвадор футболчилари жойлашган меҳмонхона мезбонларнинг мухлислари билан ўраб олинди. Улар тинмай салвадорлик футболчиларнинг асабига тегиш ҳаракатида бўлишди: қўшиқ айтишди, олов ёқишди ва бинога тош отишди. Бироқ уларнинг ўз жамоаси ҳам ўйинга тузук тайёргарлик кўра олмади. Гондурас терма жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси Марко Антонио Мендоза мухбирларнинг тинимсиз таъқиблари ва футболчилар уч кеча ухламагани ҳақида гапириб берганди.


Дастлабки ўйинда Гондурас кичик ҳисобда мағлуб бўлди, Салвадорда эса 18 яшар қиз мағлубиятга чидай олмай ўзига ўқ узиб ўлдирди. У Гондурасга нисбатан нафрат тимсолига айланди, шунинг учун унинг портрети билан жавоб учрашуви олдидан минглаб салвадорликлар жамоа меҳмонхонаси олдида навбатчилик қилишди. Жамоа ҳарбийлар қуршовида стадионга етиб келди. Колонна гўё жаҳаннам дарвозасидан ўтиб кетаёгандек эди: салвадорликлар гондураслик футболчилар бўлган автобусга тош ва ўлик каламушларни улоқтиришди. “Биз худди урушга кетаётгандек стадионга бордик. Уларнинг қўлларига тушган ҳамма нарса биз томон учиб келди, - деб эслайди Гондурас мураббийи Карлос Падилла.


Салвадор ўз рақибларини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, тартибсизликни келтириб чиқарди. Аренани ўраб олган миллий гвардия Гондурасдан келган мухлислар билан муштлашувни тўхтата олмади: натижада икки киши ҳалок бўлди. «Мағлубиятга учраганимиз учун омадимиз келди. Акс ҳолда улар бизни шунчаки ўлдиришган бўларди», деганди Гондурас мураббийи. Унинг жамоаси зирҳли транспортёрларда аэропортга жўнаб кетди.


Мухлисларга қилинган ҳужумлар ҳақидаги хабар Гондурасга етиб боргач, расмийлар зудлик билан чегарани ёпдилар ва ўйин натижасига қарши норозилик билдиришди. Ўйиндан кейин Гондурасда энди салвадорликлар аямай калтаклана бошлади: полиция ўт қўйиш, талончилик ва қотилликни қайд этди. Ҳатто Салвадорнинг икки вице-консули ҳам жароҳат олди.


Ҳал қилувчи баҳс 27 июнь куни Мексикада бўлиб ўтди. Унда Салвадор 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Аламли жиҳати, гондурасликлар тайёр ғалабани қўлдан чиқариб юбордилар.


Эртаси куни эрталаб Гондурас Салвадор билан дипломатик алоқаларини узди. Қарши томон ҳам шундай йўл тутди. 14 июль куни эрта тонгда Салвадор самолётлари Гондурасдаги нефт маҳсулотлари омбори ва ҳарбий базасига ҳужум қилди; кечга яқин ҳужумга жавоб қайтарилди. Гондурас ҳавода, Салвадор эса қуруқликда муваффақиятлироқ жанг қилди. Ҳатто мамлакат армияси Гондураснинг иккита департаменти пойтахтларини эгаллади. Нуева Окототепек шаҳрида Салвадор байроғи марказий майдонда кўтарилди. Шиддатли жанглар бир неча кун давом этди ва фақат 19 июлда бироз сусайди. 20 июль куни Америка давлатлари ташкилоти можарога аралашгач, сулҳ эълон қилинди. Иқтисодий санкциялар таҳдидидан сўнг, Салвадор ниҳоят ўз қўшинларини олиб чиқди, аммо Гондурас муҳожирлар хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятини олди.


Уруш оғир оқибатларни келтириб чиқарди. Жами 50 миллион долларлик зарар кўрилди, ўн минглаб қочқинлар пайдо бўлди. Можаро 2 мингдан 6 минггача бўлган ҳарбийнинг умрига зомин бўлди.


Қизиқ томони, Салвадор сўнгги баҳсда Гаитини ютиб, жаҳон чемпионатига чиқишни уддалади. Аммо гуруҳ босқичининг барча учрашувида мағлуб бўлиб, шармандали тарзда ортга қайтишга мажбур бўлди.


Аброр Зоҳидов


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид