Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилолмайди, агар…
Меҳнат муносабатларида қарор ва қонунларни амалда тўғри қўллаш юзага келиши мумкин бўлган зиддиятларнинг олдини олишга хизмат қилади. Хўш, иш берувчи ва ходим ўзаро келишув чоғида нималарга аҳамият қаратиши лозим. Мисол учун, ходим билан тузилган меҳнат шартомаси қандай ҳолатларда бекор қилинмайди?
Саволларга Тошкент иқтисодиёт ва саноат техникуми директорининг Молия иқтисод ишлари бўйича ўринбосари Ҳамроқул ОРТИҚОВ жавоб берди:
Бринчидан, ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш мумкин эмас. Агар корхона фаолияти тугатилаётган бўлса, меҳнат шартномаси бошқа ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилиниши керак.
Иккинчидан, коронавирус инфекцияси билан зарарланиб, карантинга жойлаштирилган 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар.
Учинчидан, ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва таътилда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди (корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно).
– Ишдан бўшатишда кимларга устунлик берилади?
– Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда қуйидагиларга афзаллик берилади:
қарамоғида икки ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимга;
оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи бўлмаган шахсга;
мазкур корхонада кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимга;
ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида тегишли мутахассислик бўйича малакасини ошираётган ходимларга ва ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларини тамомлаган шахсларга ўқишни тугатгандан сўнг мутахассислиги бўйича ишлаётган тақдирда икки йил мобайнида;
касб касаллигига йўлиққан ёки иш вақтида жароҳат олган шахсга;
уруш ногиронлари, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган кишига;
атом объектларидаги фалокатлар оқибатида нурланиш ёки бошқа касалликларга йўлиққан шахсга;
ногиронлиги атом объектларидаги фалокатлар муносабати билан бошланганлиги аниқланган ходимга.
Шунингдек, жамоа шартномасида ходимларни ишда қолдиришда афзаллик бериладиган бошқа ҳолатлар назарда тутилиши мумкин. Штат қисқарганлиги муносабати билан муддатидан олдин пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганлар (эркаклар –58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлганда, аёллар –53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда) шулар жумласидан.
– Меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида ходим қанча муддат олдин огоҳлантирилиши лозим?
– Иш берувчи ходимни камида икки ой олдин – меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан огоҳлантириши жоиз.
Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан, мазкур огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин. Яъни ходимнинг ёзма аризасига кўра, огоҳлантириш муддати пуллик компенсация билан алмаштирилади ва ходим билан тузилган меҳнат шартномаси тегишли тартибда бекор қилинади. Ушбу ҳолатда ходимга қонунчиликда белгиланганидек тўлов амалга оширилади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0