Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси
Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларнинг умумбашарий эътирофи ифодасидир
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева билан суҳбат
5-9 апрель кунлари мамлакатимиз энг нуфузли парламентлараро анжуманга мезбонлик қилади. Айни дамда дунё нигоҳи давлатимизнинг парламент дипломатиясидаги муваффақиятларига қаратилган. Қарийб бир ҳафта мобайнида юртимиз муҳим геосиёсий марказ, йирик халқаро парламент тузилмаларининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида глобал муҳокамалар майдонига айланади.
190 га яқин мамлакат парламентини бирлаштирган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси. Бу шунчаки оддий анжуман эмас. Мазкур халқаро тадбирга мезбонлик учун парламентаризм ва барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибаси юқори бўлган мамлакатларгина танланади. Юртимизнинг бундай эътирофга сазовор бўлиши – қувончли ҳолат, бир вақтнинг ўзида катта масъулият ҳамдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева билан анжуман доирасида ўтказиладиган тадбирлар, уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти, Ўзбекистон учун халқаро майдонда очилаётган имкониятлар хусусида суҳбатлашдик.
– Парламентлараро Иттифоқ ассамблеяси фаолияти тарихига назар ташласак, бу нуфузли ташкилот, энг аввало, халқчил ҳокимият ва халқ дардига қулоқ тутадиган давлатчилик масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келаётганини кўрамиз. Шу жиҳатдан ассамблеянинг юбилей анжумани айнан мамлакатимизда ўтказилаётгани бежиз бўлмаса керак?
– Хабарингиз бор, Ўзбекистоннинг Парламентлараро Иттифоққа аъзолиги 2017 йилда қайта тикланди. Орадан ўтган қисқа давр мобайнида мамлакатимиз парламентаризм ва барқарор ривожланиш йўналишларида муҳим тажриба тўплади, амалдаги ислоҳотлари билан эътироф этилди. Айниқса, бу борадаги ютуқларимиз халқаро ташкилотлар ва қатор хорижий давлатлар томонидан алоҳида эътироф этилаётгани эътиборга лойиқ деб ўйлайман.
Дарҳақиқат, халқаро аҳамиятга эга бундай нуфузли тадбирнинг айнан юртимизда ўтказилаётгани ўзига хос рамзий маънога эга. Бу Ўзбекистоннинг демократик бошқарув йўлидан ишонч билан илгарилаётгани, сиз таъкидлаган халқчил парламент тизими ва фуқаролик жамиятининг изчил тараққий этиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, бу тадбир мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинаётганининг яққол тасдиғидир.
Агар эътибор берадиган бўлсак, Парламентлараро Иттифоқ фаолиятининг асосий йўналишларидан бири инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишдир. Айни пайтда мазкур йўналиш янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият сифатида белгилаб олинди. «Одамлар ташвиши билан яшаш» тамойили давлат сиёсатининг бош мезонига айланди. Халқимизнинг қонуний талаб ва истакларини амалга ошириш, фуқаролар иродасини ҳаётга татбиқ этиш давлат органлари фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим мезонига айланмоқда. Барча муҳим қарорлар аҳоли иштирокида, фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашув асосида қабул қилинмоқда.
Айнан шу жиҳатдан янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясининг ҳақиқий муаллифи халқнинг ўзи эканини яна бир бор эслаб ўтиш ўринли. Бу эса фуқаролар хоҳиш-иродаси ислоҳотлар пойдевори ва унинг ҳаракатлантирувчи кучига айланганининг ёрқин исботидир.
«Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир». Янги таҳрирдаги Конституциянинг 7-моддасида акс этган ушбу норма орқали Ўзбекистонда халқ ҳокимиятчилиги тамойили, яъни суверенитет ташувчиси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи халқ экани теран ҳуқуқий мазмунда ифода этилиб, мустаҳкам қонуний асосга эга бўлди.
Яна шу моддада Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб амалга оширилиши тўғрисидаги норма ҳам белгилаб қўйилган. Ҳеч шубҳасиз, бу меъёрлар халқимиз хоҳиш-иродаси ва инсонларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Бугунги кунда Парламентимиз халқнинг сиёсий иродасини ифода этувчи чинакам демократик институт сифатида майдонга чиқмоқда. Унинг фаолияти доимо Президентимиз диққат марказида. Бу бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари парламент ишини чуқур билган, 15 йил давомида депутат мақомида самарали фаолият юритган инсон сифатида унинг ҳар бир босқичидан яхши хабардор.
Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга қилган тарихий Мурожаатномасидан сўнг парламент фаолиятида мутлақо янги давр бошланди. Бугун эса парламентнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги ўрни ва таъсирини очиқ-ойдин кўриб турибмиз. Бу, албатта, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги сиёсий йўлидаги устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишда кенг жамоатчилик иштироки, ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминлаш учун мустаҳкам замин яратди.
Давлатимиз раҳбари ўтган йиллар давомида халқаро парламент ташкилотлари ҳамда миллий парламентлар раҳбарлари билан жуда кўп бор учрашди, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш йўналишида қатор таклиф ва ташаббуслар билан чиқди. Форум ва анжуманларга доимий равишда табрик йўллаб, хорижий давлатларга расмий ташрифлари чоғида ҳам парламент раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ўтказишни анъанага айлантирди. Ҳар томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётгани, шубҳасиз, Ўзбекистон парламентининг нуфузи ва халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси Президентимиз миллий парламентаризм, унинг ривожланиш салоҳияти ва давлат бошқарувидаги ўрнига чуқур ишонч билан ёндашишининг ёрқин ифодасидир. Зеро, давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, «Кучли парламент ва халқ вакиллик органлари – Янги Ўзбекистоннинг таянчидир».
– Эътирофли жиҳати, Президентимизнинг ташаббуслари туфайли парламентимизнинг халқаро алоқалари географияси изчил кенгайиб бормоқда. Бу орқали Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини жаҳон миқёсида ҳимоя қилиш учун янги, равон ва мустаҳкам йўл очилаётганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.
– Албатта, бугун хорижий давлатлар парламентлари билан ҳамкорлигимиз ҳавас қилгулик даражада. Халқаро парламентлараро ташкилотлар фаолиятида Олий Мажлиснинг фаол иштироки яққол сезилмоқда. Парламентимиз халқаро майдонда мамлакатимиз ташаббусларини эркин ва дадил илгари сурмоқда.
Ўтган йиллар мобайнида Олий Мажлиснинг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик гуруҳлари ва комиссиялари фаолиятини жонлантириш, амалий алоқаларни кенгайтириш бўйича қатор самарали чора-тадбирлар олиб борилди. Ушбу гуруҳлар Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, мамлакатимиздаги ислоҳотлар ҳақида жаҳон ҳамжамиятига холис ва ҳаққоний ахборот етказиш, шунингдек, хорижий парламентлар билан тажриба алмашиш орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, сўнгги беш йилда амалга оширилган шиддатли, кенг қамровли ва таъсирчан ислоҳотлар миллий парламентаризм тизимининг мустаҳкам пойдеворини яратди.
– Келинг, яна суҳбатимизнинг бош мавзусига қайтсак. Юртимизда бўлиб ўтадиган мазкур ассамблея доирасида бутун дунё парламентлари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашади. Муҳокама этиладиган мавзулар орасида гендер тенгликни таъминлаш, илм-фан ва технология, парламентлар фаолиятида ёшлар ўрни масалалари ҳам бор. Демак, гендер тенглик бўйича мамлакатимизнинг Осиёда етакчилиги, парламентимиз фаолиятида ёшларнинг ҳам роли ва иштироки тобора мустаҳкамланиб бораётгани ушбу нуфузли ташкилот эътирофида, шундай эмасми?
– Ҳақ гапни айтдингиз. Парламентлараро Иттифоқ ўз фаолиятида гендер тенглик ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ушбу мавзулар бу галги юбилей ассамблеясининг кун тартибидан алоҳида жой олган.
Минтақамизда парламент соҳасидаги бундай йирик ва кенг қамровли тадбир илк бор айнан Ўзбекистонда ўтказилаётгани бежиз эмас. Бу, аввало, Ўзбекистон парламентининг барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишдаги фаол иштироки, парламент даражасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенглик масалаларини изчил илгари суриши ҳамда Ёшлар парламенти фаолияти орқали ёшлар қонун ижодкорлиги жараёнларига кенг жалб этилаётгани билан изоҳланади.
Сиёсатда гендер тенглик ва ёшлар иштирокини кенгайтириш масалалари Парламентлараро Иттифоқ фаолиятининг асосий йўналишларидан бири эканини инобатга олсак, ушбу соҳаларда эришилаётган ютуқларимиз билан фахрланишга тўла асос бор. Ўзбекистон хотин-қизларнинг қонунчилик жараёнларидаги фаол иштирокини рағбатлантириш, ёшларни қонун ижодкорлигига жалб этиш борасида халқаро намунага муносиб тажриба шакллантирмоқда. Зеро, бу йўналишлар бутун дунёдаги демократик тараққиётнинг ажралмас қисми сифатида эътироф этилмоқда.
Маълумки, дунё ҳамжамиятида 1997 йилдан буён Гендер тенглик бўйича махсус дастур амал қилмоқда, унинг доирасида дунё парламентларида хотин-қизлар иштироки мониторинги олиб борилмоқда. 2024 йилда дунё бўйича хотин-қизлар улуши ўртача 26,7 фоизни ташкил этган бўлса-да, мамлакатлар ўртасида бу кўрсаткичда ҳали ҳам катта тафовут кузатилмоқда.
Бугунги кунда миллий парламентимизда аёллар улуши сезиларли даражада ошиб, Сенат аъзоларининг 27 фоизини, Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Мазкур кўрсаткич билан Ўзбекистон Осиё минтақасидаги энг юқори натижани қайд этганини Парламентлараро Иттифоқ ҳам эътироф этди. Яқинда эълон қилинган «Парламентдаги аёллар: 1995-2025 йиллар» номли ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Осиё минтақасида энг юқори кўрсаткичга, шунингдек, сўнгги 30 йил ичида аёл депутатлар сонининг ўсиши бўйича ҳам минтақада етакчи бўлиб турибди.
Шунингдек, Миллий парламентлар бўйича халқаро рейтинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон парламентдаги хотин-қизлар улуши бўйича 193 давлат орасида 49-ўриндан 34-ўринга кўтарилди. Бу эса мамлакатимизда демократия ва гендер тенглигини таъминлаш йўналишида эришилган муҳим ютуқлардан биридир.
Парламентлараро Иттифоқ парламентларни хотин-қизлар вакиллигини ошириш бўйича самарали механизмлар, жумладан, мураббийлик дастурлари ва хотин-қизларнинг сиёсатдаги иштироки учун янада қулай шарт-шароитлар яратишни жорий этишга чақиради.
Айтиш керакки, ҳозирги кунда кўплаб мамлакатлар парламентларида ёш сиёсатчилар етарлича вакилликка эга эмас. Парламент фаолиятига ёш етакчиларни жалб этиш, сиёсатчиларнинг янги авлодини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар изчил давом эттирилмоқда. Айниқса, янги таҳрирдаги Конституцияда ёшлар масаласининг алоҳида боб даражасига кўтарилгани янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсатига устувор аҳамият берилаётганини яққол кўрсатиб турибди. Ёшларнинг қонун ижодкорлигидаги фаол иштироки бошқарув тизимини модернизация қилиш, сиёсий жараёнларни янада очиқ ва инклюзив асосда ташкил этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ассамблея доирасида ёш парламент аъзоларининг глобал форуми ва Халқаро хотин-қизлар парламент форуми ўтказилиши кутилмоқда.
– Ўтган йили Осиё хотин-қизлари форуми доирасида Олий Мажлис Сенати ва Парламентлараро Иттифоқ ҳамкорлигининг амалий жиҳатлари бўйича қатор таклифлар илгари сурилган эди. Уларнинг халқаро анжуман доирасида ўтказиладиган тадбирлар кун тартибидан жой олгани қанчалик муҳим аҳамиятга эга?
– Ўтган йилги учрашувда муҳокама этилган қатор масалалар ўз долзарблиги ва халқаро аҳамияти билан ажралиб туради. Ушбу мавзулар ассамблеянинг расмий кун тартибидан ҳам ўрин олди. Агар давлатимиз сиёсатининг бошқа мамлакатлар учун ўрнак бўла оладиган жиҳатларини инобатга олсак, ушбу мавзулар доираси айнан ана шундай ютуқ ва тажрибаларимизни жаҳон ҳамжамиятига очиб беришга хизмат қилади.
Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, камбағалликни қисқартириш, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш, гендер тенгликка риоя этиш борасида эришилган натижалар юртимизнинг мазкур йўналишда қанчалик жиддий ва изчил қадамлар ташлаётганини яққол тасдиқлайди.
Айниқса, мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя, камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар эътирофга муносиб десак, муболаға бўлмайди. Ҳақиқатан, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари билан қамраб олиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида ҳар бир фуқарони ўзи ва фарзандлари келажаги учун масъулият билан ёндашишга ундайдиган ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имконият яратиш ҳамда ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи сабабларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Юртимизда ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизими яратилди. Соҳа тубдан ислоҳ қилиниб, ижтимоий ёрдамнинг аниқ, мақсадли ва манзиллилигини таъминлашга қаратилган янгича ёндашув ва механизмлар жорий қилинди. Миллий қонунчилик базаси мустаҳкамланди, халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилди. Халқаро ташкилотларнинг 13 та конвенцияси ратификация қилинди.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Миллий стратегияси, унинг мақсадли индикаторлари белгиланди. Соҳанинг институционал асослари ислоҳ этилди. Ижтимоий ҳимоя соҳасида давлат сиёсатини амалга оширадиган янги тузилма – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Жойларда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари иш бошлади. Бу институтлар ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш, аҳолининг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Соҳада кенг кўламли ислоҳотлар бошланган даврдан бери камбағаллик даражаси деярли 3 баробарга қисқарди (23 фоиздан 8,9 фоизгача).
Ўзбекистон мазкур йўналишдаги амалий саъй-ҳаракатлари билан ижтимоий адолат ва муносиб меҳнат тамойилларини халқаро доирада ҳам дадил илгари суриб келмоқда.
БМТ бош котиби томонидан илгари сурилган «Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя Глобал акселератори» ва Халқаро меҳнат ташкилоти бош директорининг Ижтимоий адолат учун глобал коалициясини ташкил этиш каби ташаббусларида мамлакатимиз биринчилардан бўлиб фаол иштирок этиб келмоқда.
Анжуман доирасидаги тадбирларда бу борада батафсил фикрлар илгари сурилади. Шу маънода, ижтимоий тараққиётга эришиш, адолатли жамиятни барпо этишда парламентлар иштирокини кенгайтириш ва фаоллигини ошириш билан боғлиқ масалаларнинг муҳокама этилиши ҳар томонлама мақсадга мувофиқдир. Улар асосида янги чора-тадбирлар, барча давлатлар учун бирдай манфаатли бўлган, тегишли йўналиш бўйича парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган амалий таклифлар, тавсиялар ишлаб чиқилади ва улар қабул қилинадиган якуний ҳужжатларда ўз ифодасини топади.
– Мазкур анжуманда дунёнинг 140 га яқин мамлакати, 15 та кузатувчи давлат, шунингдек, 30 дан ортиқ халқаро ва парламентлараро ташкилотлардан икки мингдан ортиқ делегат иштирок этиши кутилмоқда. Бу нафақат жуда йирик, балки тарихий аҳамиятга эга воқеадир. Албатта, бу каби йирик анжуманнинг юртимизда ўтказилаётгани Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида парламентаризмнинг ривожланиши, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг очиқлик ва халқаро ҳамкорликка асосланган янги сиёсий йўлининг ёрқин ифодасидир...
– Илгарилари биз дунёга талпинар эдик. Бугун эса кўз ўнгимизда дунё Ўзбекистонга талпинмоқда. Бу ҳолат нафақат қувонарли, балки ҳар бир юртдошимизда фахр ва ҳаяжон туйғусини янада оширади. Бунинг яққол мисоли сифатида сўнгги уч йилда Самарқанд шаҳри мезбонлик қилган бир қатор халқаро анжуманларни, шу жумладан, куни кеча ўтказилган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи саммити ҳам минтақанинг имижи, халқаро миқёсдаги эътирофи, деб ишонч билан айта оламиз.
5-9 апрелдаги тадбирлар давомида икки томонлама учрашувлар, келишувлар, йўл хариталари, халқаро битимлар, давлатлар ва парламентлар билан Ўзбекистон раҳбарининг ўзаро келишувлари белгиланган. Халқаро шартномаларнинг бажарилишида парламент иштироки масалалари кўриб чиқилади.
Конференцияда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Туркий давлатлар парламент ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг Парламентлараро ассамблеяси, Араб парламентлараро иттифоқи, Европа парламенти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти парламент ассамблеяси, Осиё парламент ассамблеяси, Африка ва Араб дунёсидаги парламент гуруҳлари ва унга тенглаштирилган кенгашлар уюшмаси каби қатор нуфузли ташкилотлар раҳбарлари, вакиллари иштирок этади.
Шу ўринда қалбимдан кўтарилган бир ҳисни айтмасам бўлмайди. Биз шундай олижаноб раҳбарга эга эканимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бу ифтихорга сабаблар бисёр, албатта. Аммо айнан шу анжуман доирасида рўй бераётган бир ҳолатни сизлар билан самимият ила ўртоқлашгим келди. 7 апрель куни Президентимиз томонидан алоҳида чиқишлар режалаштирилмоқда.
Қизиғи шундаки, ушбу учрашув эълон қилингач, кўплаб меҳмонлар, хорижий парламентлар ва делегация раҳбарлари ўз сафар режаларини ўзгартирди. Улар Президентимиз билан шахсан кўришиш, у кишининг нутқини тинглаш ва бевосита мулоқотда бўлиш иштиёқида эканликларини билдирди. Бу эса Ўзбекистонга бўлган халқаро ишонч, давлатимиз раҳбари шахсиятига нисбатан юксак ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.
Жуда кўп хорижий парламентлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари Президентимиз билан учрашиш истагини билдирди. Уларнинг «Дунёга қулоч ёйиб, шахдам одимлаётган юртингиз раҳбари билан бевосита суҳбатлашмоқчимиз, дилимиздаги тилакларни шахсан етказишни истаймиз», деган сўзлари барчамизни тўлқинлантириб юборди.
– «Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати» шиори остида бўлиб ўтадиган ушбу халқаро анжуман мавзуси шахсан Президентимиз таклифига биноан танланган. Айнан шу борада, яъни ижтимоий тараққиёт, адолат ва халқ манфаатларини ифода этишда парламентнинг ўрни борасидаги Ўзбекистон тажрибаси бутун дунёга тақдим этилаётганининг ўзи катта фахрдир. Шу ўринда табиий савол туғилади: умуман олганда, бундай халқаро анжуманларнинг аҳамияти нимада?
– Фикримни баён этишдан олдин сизнинг саволингизга яна бир савол билан жавоб беришни истардим: бундай халқаро тадбирлар Ўзбекистонга нима беради? Айтиш лозимки, бу нафақат юртимиз, балки бутун Марказий Осиё учун фахрли ва стратегик жараёндир. Зеро, биз бугун фақат миллий эмас, балки минтақавий миқёсда долзарблик касб этаётган муаммо ва масалаларга юз тутаётган мамлакатга айландик.
Мана, яқинда – 31 март куни Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Президентлари Хўжанд шаҳрида учрашиб, уч давлат чегарасининг туташ нуқтасига оид шартномани имзолади. Бу ҳужжат нафақат давлатлараро ишончни, балки минтақа келажагига бўлган умумий қарашни ҳам ифода этади. Шу ҳафтадаги яна бир муҳим воқеа – Самарқандда бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи саммити. Унинг доирасида минтақа давлатлари раҳбарлари ва ЕИ етакчилари учрашиб, ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган.
Бундай ташаббус ва учрашувлар – азалий орзу-умидларимизнинг амалий ифодаси. Бу жараёнларда минтақа халқлари нафақат томошабин, балки сиёсий субъект сифатида қатнашмоқда. Марказий Осиё дунё олдида ўз юзи, ўз сўзи ва ўз йўли билан намоён бўлмоқда. Бу унинг янги ўзлиги шаклланаётганидан далолат беради.
150-ассамблея умумий мавзусига келсак, «Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати» деган шиор остида камбағалликни қисқартириш, муносиб меҳнат, ижтимоий интеграция ва аҳолининг қарорлар қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш каби кўплаб долзарб масалалар муҳокама қилиниши билан аҳамиятлидир. Сабаби кейинги йилларда дунёда юз бераётган турли глобал муаммолар туфайли кўплаб мамлакатларда камбағаллик ва тенгсизлик кучайиб бормоқда. Юзага келган вазият ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган зарур чораларни белгилаб олиш ва уларни амалга оширишнинг аниқ, самарали механизмларини тубдан такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Яна бир факт: ассамблея доирасида қарийб 80 та тадбир ўтказилиши режалаштирилмоқда ва уларнинг ҳар бирида бугунги кун учун долзарб бўлган минтақавий ва халқаро масалалар кўриб чиқилади.
Ассамблеянинг ялпи мажлислари, ихтисослашган органлари йиғилишларидаги муҳокамалар, илгари суриладиган илғор ғоя ва ташаббуслар, қабул қилинадиган ҳужжатлар мана шу масалаларга мамлакатлар парламентлари эътиборини кучайтириш имконини беради.
– Танзила Камоловна, билишимизча, бу нуфузли сессияни бошқариш, яъни унга раислик қилиш сизга юклатилмоқда. Сир бўлмаса, 150-юбилей ассамблея қайси тилда олиб борилади? Ўзбекистон Сенати раҳбари сессияни қайси тилда олиб бориши ҳаммани қизиқтиради, албатта...
– Биласизми, буни айтиш, бу саволга жавоб бериш менга жуда катта фахр ва ғурур бағишлайди. Мен сессияларни ўзбек тилида олиб бормоқчиман! Албатта, парламент иши 12 тилга таржима қилинади. Бу ташкилий ишлар юқори савияда бажарилади. Биз Президентимиз БМТ минбарида ўзбек тилида нутқ сўзлаганида қанчалик ғурурланган эдик. Бу юбилей сессия ҳам ўзбек тилида бошқарилади. Бу шахсан менинг ҳаётимда ҳам жуда катта из қолдирадиган воқеа бўлади. Бир ўзбек фарзанди, ўзбек аёли, шу юртнинг, ўзбек миллатининг вакили сифатида менга улкан ифтихор бағишлайди...
– Албатта, мазкур халқаро анжуман шу юрт фуқароси сифатида ҳар биримиз учун муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Анжуман ишида муваффақиятлар тилаб қоламиз!
Ҳусан ЭРМАТОВ суҳбатлашди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0