Коррупцияга қарши курашиш – ҳаммамизнинг мажбуриятимиз
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида мазкур жиноятни келтириб чиқараётган омилларга чек қўйишга қаратилган қатъий ҳамда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Буни сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашишга ҳамда манфаатлар тўқнашувини олдини олишга қаратилган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, давлат дастурлари мисолида яққол кўриш мумкин.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам бу иллатларга қарши курашиш билан боғлиқ фаолиятни такомиллаштириш юзасидан мажмуавий чора-тадбирлар амалга оширилиб, унинг олдини олиш ва профилактика қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
Вазирлигимиз ва унинг ҳудудий бўлинмалари, тизим ташкилотлари ҳамда муассасаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга мувофиқ бошқарув тизими жорий этилди. Шунингдек, вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш, уни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, «Коррупцияга қарши курашиш сиёсати» ва ўндан ортиқ ички идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.
Шунингдек, ушбу йўналишга масъул ходимларимиз мазкур иллат билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга барҳам беришга қаратилган вазифалар ҳамда чора-тадбирларни белгилаб олиб, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш, бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича тегишли тадбирларни мунтазам амалга ошириб келмоқдалар.
Бош Прокуратура ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда соҳа ходимларини Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг «Виртуал академия» махсус платформасида малакасини ошириш йўлга қўйилди.
Шунингдек, 2024 йил 5 июнда қабул қилинган «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун мазмун-моҳиятини вазирлик марказий аппарати ходимлари ҳамда барча қуйи ташкилотлар ходимларига кўргазмали тақдимот материаллари, буклетлар, флаерлар ва видеодарсликлар орқали тушунтириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик учун нималарга эътибор қаратиш, бундай ҳолат юзага келганда қандай ҳаракат қилиш бўйича ҳам тизимли ташвиқот ишлари амалга оширилди.
Унутмаслик керакки, жамиятдаги иллат маълум бир соҳа эмас, балки бутун тараққиёт инқирозига олиб келади, давлатни ич-ичидан емиради. Коррупцияга қарши курашиш мақсадларига фақат ташкилий-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Унга қарши курашиш учун нафақат давлат ташкилотлари, балки кенг жамоатчилик, барча фуқаролар масъулдир. Коррупция оқибатлари билан курашишдан кўра, унинг олдини олган афзал. Шундай экан, давлат ва жамоат ташкилотлари, жонкуяр шахслар бу иллатнинг олдини олиш ва унга қарши курашда ҳамжиҳат бўлиши самарали натижаларга эришишнинг энг мақбул йўлидир.
Жамоатчилик вакиллари, ватандошларимиздан қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган ходимларнинг қонунчиликка зид хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизликлари гувоҳи бўлишса ёхуд уларнинг коррупция ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига алоқадорлиги юзасидан маълумотларга эга бўлган ҳолларда, қуйидаги алоқа каналлари орқали ўз мурожаатларини юборишлари мумкинлигини эслатиб ўтмоқчиман. (алоқа каналлари: anticorruption@agro.uz электрон почтаси, @UzAgroAnticorruptionBot Телеграм боти, 12-43 қисқа рақами орқали, +998712067060 рақамли ишонч телефони ҳамда масъул ходимлар 71-206-70-57, 71-206-70-58 рақамлари).
Йўлланган мурожаатлар қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилади ҳамда тасдиқланган коррупцион ҳолатлар бўйича кескин қонуний чоралар кўрилади.
Жамоатчилик ёрдами биз учун ҳар доим, ҳамиша муҳим.
Жамоатчилик ёрдами биз учун ҳар доим, ҳамиша муҳим.
Жамшиджон АБДУЗУҲУРОВ,
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0