Коррупцияга қарши рақамли кураш: банклар қандай ўзгармоқда?
Жорий йилнинг 5 март куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида банк тизимида рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш орқали шаффоф молиявий муҳит яратишга эришилганлиги таъкидланди. Шу билан бирга бу жараёнларни янада яхшилаш вазифаси қўйилди.
Яқинда Ўзсаноатқурилишбанкда ана шу мавзуга бағишланган матбуот анжумани қизиқарли баҳс-мунозарага бой бўлди.
Тадбирда қатнашган “CERT International» халқаро сертификатлаштириш ташкилоти Бош аудитори Саид-Аброрбек Луқмоновнинг таъкидлашича, юртимиздаги 10 та банк шу кеча-кундузда коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро ISO 37001 стандартига лойиқлик сертификатига эга.
- Сертификати бор дегани, бу – банклар коррупциядан холи, дегани эмас, балки, ана шу банкларда коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро тажрибага асосланган замонавий мехнизмлар жорий этилган деганидир. – дейди С. Луқмонов. – Эътибор қилаётган бўлсангиз, ҳозир барча банкларда ҳам хизмат кўрсатиш сифати ошди. Биргина, комплеанс назорат хизматларининг жорий этилиши натижасида кредит беришдан тортиб, ходимни ишга олиш, банклар билан ҳамкорларни танлаш, ташкилот эҳтиёжи учун бўладиган харид жараёнларида ҳам манфаатлар тўқнашуви бор-йўқлиги, коррупцион ҳолатларнинг юзага келиши мумкинлиги ёки йўқлиги жиҳатдан ўрганилади. Рақамлаштириш эса очиқлик ва шаффофликни таъминлашнинг энг муҳим омили сифатида, жорий этилиши белгиланган бош талабдир.
Биргина Ўзсаноақурилишбанк тизимида қарайдиган бўлсак, у етакчи халқаро молия институтлари, жумладан, Халқаро молия корпорацияси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Натижада “SQB Mobile” ва “SQB Business” иловалари ишга туширилди. Ҳозирда 1,8 миллион жисмоний шахс ва 27 мингдан ортиқ юридик шахс мазкур хизматлардан кенг фойдаланмоқда.
Кредит ажратишнинг марказлаштирилган андеррайтинг тизимини жорий қилиш ҳисобига жисмоний шахсларнинг кредит ҳужжатлари кўриб чиқилиши 1 соатдан 5 дақиқага, юридик шахсларники эса, 1 кундан 1 соатга қисқартирилди. Эътиборлиси, кредит ажратиш жараёнини рақамлаштириш ва автоматлаштириш ҳисобига коррупцион ҳолатларнинг олди олиниб, бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.
Жумладан, “CROBS” электрон декларация тизими орқали ходимларнинг манфаатлар тўқнашуви бўйича декларация топшириши автоматлаштирилди.
Харид жараёни иштирокчилари – контрагентларни текшириш доирасида 20 та ҳолатда харид жараёни тартиб-тамойиллари бузилиши хавфи аниқланиб, банк манфаатларига жами 66,7 млрд. сўм зарар етказилишининг олди олинди.
Бу хавфларни аниқлашда банкда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш хизматининг ҳиссаси катта бўлмоқда. Мазкур хизматга мустақил назорат ваколати берилган бўлиб, унинг фаолияти ISO 37001-2016 халқаро даражадаги антикоррупция сертификатига муносиб деб топилган.
Молия муассасасидаги 30 нафар ходим Халқаро комплаенс ассоциацияси (ICA, Буюк Британия) курсларини тугатиб, халқаро даражадаги сертификат олди. 3710 нафар ходим манфаатлар тўқнашуви бўйича текширувдан ўтказилди ва аниқланган ҳолатлар бартараф этилди.
Банкнинг очиқлик индекси 2023 йилда 78,1 балл (2022 йилда – 71,1 балл) даражага етган бўлса, 2023 йилда банк коррупцияга қарши кураш самарадорлигибўйича 88 балл тўплади.
Тадбирда журналистлар ва мутахасислар ўртасида ижобий маънода баҳс бўлди. Унда таъкидланишича, банкларда коррупцияга қарши самарадорликни янада ошириш учун бир қатор ишлар такомиллаштирилиши зарур. Жумладан, ички аудит хизмати самарадорлигини ошириш лозим. Сабаби, олиб борилган ички аудитларда коррупцион хавфи мавжуд ҳолатлар ҳар доим ҳам аниқланмаяпти. Ваҳоланки, четдан мутахассислар келиб ўрганишганида, албатта шубҳали ҳолатлар аниқланади. Қолаверса, ходимлар билан тўлдириладиган декларацияларни ҳам такомиллаштириш зарур. Ҳозирги ҳолатда декларациялар чуқур ва асосли, коррупция белгиларини аниқлаштиришга хизмат қиладиган даражада батафсил эмас. Ўзбекистондаги барча банклар келгусида ана шу йўналишларни ривожлантиришга эътибор қаратишлари зарур.
Матбуот анжумани якунида мутахассислар ва Ўзсаноатқурилишбанк масъуллари журналистларнинг барча саволларига жавоб берди.
Зебо НАМОЗОВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0