Тартиб ва меъёр бузилмасин
Муносиб меҳнат Концепцияси мақсадлари орасида иш вақтидаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш масаласи муҳим аҳамият касб этади. Аммо кейинги тўрт йилда хавфсиз ва кафолатланган иш ўринлари яратилишида белгиланган мезонлардан четга оғишлар кузатилмоқда. Ачинарлиси, зарур чора-тадбирлар кўрилаётганига қарамасдан, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар камаймаяпти.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, ўтган йили меҳнат жараёнида жароҳатланишга оид 868 та ҳолат қайд этилиб, 261 таси ўлим билан тугаган. Бахтсиз ҳодисаларнинг 797 таси касаба уюшмаларига аъзо бўлмаган ташкилотлар ҳисобига тўғри келган.
– Вилоятимиздаги касаба уюшмаларига аъзо 3347 та ташкилотда 3611 нафар меҳнатни муҳофаза қилиш вакили фаолият юритмоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси Ориф Мизомов. – Улар томонидан жамоатчилик ўргануви асосида 14326 ҳолатда меҳнат қоидалари ва меъёрлари бузилгани аниқланиб, ўз вақтида бартараф этилди.
Бевосита ишлаб чиқариш билан банд 11297 нафар хотин-қизнинг меҳнат шароити ўрганилганда, уларнинг 131 нафари зарарли, хавфли омиллар таъсирида ишлаб келаётгани маълум бўлди. Касаба уюшмалари аралашуви билан уларнинг барчаси махсус кийим, пойабзал ва шахсий ҳимоя воситалари, даволаш-профилактика озиқ-овқатлари билан таъминланди. Шунингдек, меҳнат шароити ноқулай, тунги пайтларда ишловчи, транспорт ҳаракатига боғлиқ юмушлар билан шуғулланиб келаётган 51681 нафар ходимга ҳам етарлича меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилишига эришилди.
Тадбирлар кўп, аммо…
Самарқанддаги корхоналарда ҳам ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар бот-бот такрорланяпти. Хусусан, кейинги тўрт йилда иш жараёнида жароҳат олиш кўрсаткичи ўртача 26-28 тадан камайганича йўқ. Гарчи касаба уюшмалари тизими корхоналарида бахтсиз ҳодисалар умумий кўрсаткичдан салкам икки баробарга озайган бўлса-да, тасодифлар оқибатидан қутулиб бўлингани йўқ. Масалан, бултур касаба уюшмаларига аъзо корхоналарда 9 та ҳолатда бахтсиз ҳодиса қайд этилиб, 6 таси ўлимга сабаб бўлган.
– Жабрланувчиларга иш берувчилар тўлайдиган товон пуллари ундирилишини назоратга олганмиз, – дейди Федерациянинг Самарқанд вилояти кенгаши меҳнат техник инспектори Усмон Каримов. – Бевосита ишлаб чиқариш билан боғлиқ фалокатга учраган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига 374 миллион 992 минг 518 сўм миқдоридаги бир марта тўланиши лозим бўлган нафақа пуллари ундириб берилди. Боқувчисини йўқотган бир оилага ойма-ой бир миллион сўмдан зиёд товон пуллари тўлаб борилишига эришилди.
Таҳлиллар бахтсиз ҳодисалар илдизи анча чуқурлигини кўрсатяпти. Ишлаб чиқариш жабҳаларида, айниқса, қурилишда хавфсиз меҳнат бўйича ходимларни ўқитиш ва йўриқлар бериш йўлга қўйилмаган. Ишни бажариш устидан қатъий назорат йўқ. Шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш, меҳнат хавфсизлигининг оддий қоидаларига риоя этмаслик, жабрланувчининг эҳтиётсизлиги турли кўнгилсизликларга доялик қилмоқда.
Суғурта кафолатми ёки чиқим?
Мамлакатимизда суғурта соҳасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган. Мижозларга тўланаётган суғурта қопламаси ҳажми ривожланган давлатлардаги даражада бўлмаса-да, ишончли тизим ишлаб чиқилган. Аммо аксарият иш берувчиларда бу кафолатни англамаслик ҳолати мавжуд.
– Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталашга оид қонун ходимга ғамхўрлик ифодасидир, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти кенгаши меҳнат техник инспектори Муҳаммад Сатторов. – Қолаверса, меҳнаткашнинг иш чоғида майиб бўлиб қолиши ёки касб касаллигига чалиниши ҳолатида харажатлар қопланиши ходимга лозим даражада ёрдам кўрсатилиши кафолатидир. Аслини олганда, мажбурий суғурта шартномаси мажбурий тартибда тузиладиган шартномалар тоифасига кирса-да, бу тартибга амал қилмаётганлар кўп.
Дарвоқе, ўрганишларда вилоятдаги касаба уюшмаларига аъзо бўлмаган кўплаб ташкилотларда мажбурий суғурта шартномасини имзоламаслик одат тусини олган. Ўтган йили кузда касаба уюшмалари билан ҳамкорлик ўрнатмаган корхона ходими ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолатда вафот этди. Бу жараёнга фаолияти давомида дуч келмаган бошлиқ минг таассуфда.
– 2023 йилда иш берувчининг фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлигини мажбурий суғурталаш шартномасини имзолаб, 2 миллион миқдорида маблағ ўтказдик, – дейди у. – 2024 йилда ушбу шартномани имзолашимизга 5 миллион сўм кетишини эшитиб «қаттиқ»лигимиз тутди. Жуда қиммат экан, дея шартномани имзолашни пайсалга солиб юриб, у эсимиздан чиқиб кетибди. Бахтсиз ҳодисага учраган ходимнинг барча маъракалари харажатини кўтардик. Барибир, қонун олдида жавоб беришимизга тўғри келди. Суд орқали ходимнинг оиласига юз миллион сўмдан зиёд миқдорда бир йўла тўланадиган товон пули беришимиз, боқувчисини йўқотган фарзанди учун ойма-ой тўловни амалга оширишимиз зарурлиги белгиланди. Бу маблағларнинг ҳаммаси корхонамиз аҳли ишлаб топган фойда ҳисобидан бўляпти. Тўғри, бир инсон ҳаётдан бевақт кўз юмди. Оиласи мусибатда қолди. Унга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарз. Аммо, айтмоқчи бўлганим, беш миллион сўмга қилган «зиқналигимиз» кўпчилик ишлаб келаётганлар гарданига тушди. Агар қонунга итоат қилганимизда барча сарф-харажатлар суғурта идоралари томонидан қопланарди. Бу хатони энди такрорламаймиз.
Бундай ҳолат ўнлаб ташкилотларда учраяпти. Корхонанинг иқтисоди бақувват бўлса-ку, майли... Аксинча ҳолда-чи?!
Самарқандда касаба уюшмалари ундови билан ўтган йили ташкилот ва корхоналар томонидан мажбурий суғурта учун 772 миллион сўмдан зиёд суғурта шартномалари имзоланган эди. Жорий йилда ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратиляпти.
Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH»
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0