СИНИҚ ШОХГА ТИРМАШМАНГ!
Насиба Шомуродга турмушга чиққанида ўн етти ёшли ғўргина қиз эди. Тўйлари дабдабали ўтди. Бир йилдан сўнг фарзандли бўлишди. Қизига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишолмади. Сабаби, никоҳлари қонуний расмийлаштирилмаган эди. Очиғи, ўша пайтда Насиба бу нималагини тушунмасди ҳам.
- Қўявер, ҳаммасини бир кунда тўғрилаймиз, – деди Шомурод.
Орадан кунлар, ойлар, йиллар ўтиб ҳам масала очиқ қолаверди. Улар бир эмас, тўрт фарзандли бўлишди. Биринчи қизи мактаб ёшига етди. Мактаб маъмурияти гувоҳнома талаб қилди. Шу баҳона ҳамма фарзандларига гувоҳнома олишди. Болаларга оталик белгилатилди. Вақтнинг югуруклигини қаранг, ўн тўрт йил ўтибди-я. Насиба Шомуроднинг ҳамма камчиликларига кўз юмиб келди. Ёлчитиб ишламаслиги, кўпинча маст бўлиб келишини эътиборга олмасди. Ҳозир кўпчилик шундай, деб қўяқоларди. Болаларим отасиз қолмасин, дерди. Тиним билмасди. Қўни-қўшнидан сут сотиб олади. Тонг қоронғусига шаҳарга йўл олади. Сутни сотиб, рўзғорига харажат қилади. Бу унинг турмуш тарзига айланганди.
Кутилмаганда Шомурод ажрашиш ниятини билдирди.
– Ашқол-дашқолингни йиғнаб, болаларинг билан уйимни бўшатиб қўй, – деди шартта. – Мен уйланмоқчиман. Сен менинг хотиниммассан. Уйда ҳеч қандай ҳаққинг йўқ.
Насиба аввалига буни ҳазил деб тушунди. Шомурод эса андишани йиғиштириб, ёшгина жувонни уйига олиб келиб, у билан яшай бошлади. Насиба бошини қайси тошга уришни билмай қолди. Ота-онаси дунёдан ўтиб кетган. Воқеадан хабар топган маҳалла оқсоқоллари Шомуродга насиҳат қилишди.
– Мен қонуний талаб қўйяпман, у менга бегона, уйимдан чиқиб кетсин, – деди “эр”.
Кўпчиликнинг маслаҳати билан Насиба судга мурожаат қилди. Суд масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқди. Гарчи никоҳ қонун билан мустаҳкамланмаган бўлса-да, уйни биргаликда қуришганини, тўрт фарзанд борлигини инобатга олиб, уй Насиба ва фарзандлари ҳамда Шомурод ўртасида тақсимлаб берилди. Отадан алимент ундирилиши белгиланди.
Судьянинг айтишича, бу никоҳсиз оилаларни ажратиш бўйича биринчи ҳолат эмас. Афсуски, охиргиси ҳам. Айрим оталар алимент пули тўламаслик учун ўз фарзандларидан тониш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Гап алиментда ҳам эмас. Асосий муаммо оила дарз кетаётгани, фарзанд етим қолаётганида.
Кейинги йилларда мамлакатимизда шаърий никоҳ асосида яшаётган оилаларга қонуний тус бериш масаласига давлат сиёсати даражасида қаралмоқда. Норасмий никоҳ жамият учун хавфлими? Никоҳни қонуний расмийлаштирмаслик қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Норасмий никоҳ жамиятга, аввало, маънавий зарар етказади. Бу “эркин дунё” сари йўл десак, хато таърифламаган бўламиз. Ҳеч ким ҳеч кимга масъул эмас, ҳар ким ўз хоҳишига кўра яшаши мумкин. Бундай оилаларда ичкиликка ружў қўйиш, маишатпарастлик, уруш-жанжал авж олишига мисоллар талайгина. Фарзанд тарбияси ўз ҳолига ташлаб қўйилади. Уясида кўрганини қилувчи бола ўспирин ёшидан эркин ҳаётга қадам қўйиб, ичишни, чекишни бошлайди.
Жамият ҳам, оиланинг ўзи ҳам ижтимоий зиён кўради. Рўйхатларда қайд этилмаган оила, туғилганлиги эътироф қилинмаган болалар. Улар ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилишлари, қонунда кўзда тутилган имтиёзлардан қандай фойдаланишлари мумкин?
Ундан-да ёмони, ота-онаси ноқонуний турмуш кечиришидан хабар топган бола руҳиятида салбий ўзгаришлар кузатилишидадир. Бола ўзини камситилгандек ҳис қилади. Аламзада, одамови бўлиб қолади. Жамиятга нафи тегмайдиган инсон бўлиш шаклланади.
Масаланинг яна бир салбий жиҳати бор. Ижтимоий тармоқларни кузатиб борадиганлар яхши билишади, содир қилинаётган қотиллик, баданга оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятларнинг аксарияти норасмий турмуш кечираётганлар ҳиссасига тўғри келади. Бундан англашиладики, турмушини қонуний расмийлаштирмаганлар бир-бирига нисбатан ҳурмат, меҳр ҳис қилмайдилар. Ўзаро масъулият ҳам сезмайдилар. Биргаликдаги фарзандлар ҳам бу туйғуларни пайдо қилишга қодир бўлолмайди.
Кимдир шаърий никоҳ билан фақат иккинчи оиласи борлар яшайди, деб ўйласа, адашади. Дабдабали тўй қилиб, турмуш қурганлар орасида ҳам никоҳни расмийлаштиришни пайсалга солиб келаётганлар кам эмас.
– Мен бунга ота-оналар айбдор деб ҳисоблайман,-дейди ҳуқуқшунос, меҳнат фахрийси Пўлат Собиров. – Ёшлар никоҳни расмийлаштиришнинг аҳамиятини, расмийлаштирмасликнинг оқибатини яхши тушунмаслиги мумкин. Айниқса, қиз томон бу масалага ҳар доим хушёр ёндашиши, никоҳ қайд қилинмасидан тўйга розичилик бермаслиги керак. Чунки, норасмий никоҳдан асосан аёллар жабр кўришмоқда. Ёшгина келинчаклар турли баҳоналар билан уйдан қувилмоқда. Никоҳи бўлмаганидан кейин, ажрашиш ҳам осон-да.
Норасмий никоҳ – саломатлик учун ҳам зарарли. Маълумки, никоҳланувчи шахслар бешта касалликка тиббий кўрикка текширилади. Тиббий кўрик жараёнида ОИВ, сил, руҳий касалликлар аниқланмоқда. Кимдир гиёҳвандликка ружу қўйган бўлиши мумкин. Ёшлар тўй арафасида никоҳдан ва тиббий кўрикдан ўтганларида уларнинг тақдирлари бошқача бўлиши ҳам мумкин эди.
Муқаддас, деб таърифланадиган оила томон қадам қўяётган ёшлар унинг пойдеворини қонун билан мустаҳкамласалар, қўрғоннинг дарз кетиш эҳтимоли ҳам камаяди. Бир ўйлаб кўринг-а, дарахтнинг тепасида мева осилиб турибди, шохга тиришмасангиз олишингиз мумкин. Аммо шох синган. Ўз ҳаётингизни хатарга қўярмидингиз? Норасмий турмуш қуриш ҳам синиқ шохга кўр-кўрона тирмашишдай гап.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0