Иқлим ўзгариши: Аёллар ҳаётидаги рўшноликка ножўя таъсир
Иқлим ўзгариши ва гендер масаласи бир-бирига чамбарчас боғлиқлиги тобора аниқ бўлиб бормоқда. Дарҳақиқат, аёллар ва иқлим ўзгариши ҳақидаги маълумотларда ижобий жиҳатларни топиш қийин. Чунки дунёда камбағалларнинг аксарият қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Табиийки, улар иқлим ўзгариши таҳдид солаётган ресурсларга кўпроқ таянадилар.
Иқлим ўзгариши хотин-қизларнинг яшаш ва турмуш шароитларига салбий таъсир кўрсатаётгани, ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдираётгани гендер зўравонликка ҳам сабаб бўлмоқда. Айниқса, бу жараёнлар уларнинг саломатлиги ёмонлашиши, турли касалликлар кўпайишига олиб келаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Мисол учун, сув ва ҳавонинг ифлосланиши, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, табиий офатлар, респиратор ва сув билан юқадиган касалликлар кўпайишига туртки бўлади.
Нега ҳаёт баъзан шунчалик адолатсиз?
Исмим Гулбаҳор (ўзгартирилган). 25 ёшимда, оиламнинг хоҳишига кўра, Бир йигит билан турмуш қурдим. Собир яхши инсон эди, лекин унинг оиласида яшаш шароити қийин бўлди. Улар қишлоқ чеккасидаги уйда истиқомат қилишар, сувни эса узоқдан – бир-икки километр наридаги Қудуқдан ташиб келар эдим. Қудуқдан олинган сувни кунлаб тиндириб, тагидаги чўкмаларни эҳтиёт билан ажратиб ишлатар эдик. Турмуш ўртоғим доим ёрдамга тайёр эди, лекин ишлари сабаб ҳамма вақт уйда бўла олмасди. Шунинг учун баъзан аравачага катта-катта идишларни ортиб, сув олиб келиш менгинг зиммамга тушарди. Ўша пайтларда ҳомиладорлигимнинг илк ойларини бошдан кечираётган эдим. Оғир бакларни кўтариб, йўл босиш қийин эди, лекин қайнонамнинг “ҳомиладорлик — касаллик эмас” деган гаплари ва турли кинояларига чидашимга тўғри келган. Бир куни, одатдагидек, қудуқдан сув олиб келаётгандим. 15 литрлик бакни аравага жойлаш учун эгилиб, шошилиб ҳаракат қилдим. Тўсатдан оёқларим қалтираб, мувозанатни йўқотдим ва бак билан бирга ерга қуладим. Зарбадан бутун танамни оғриқ қоплади, аммо юрагимни эзган бошқа бир қўрқув эди. Ичимдаги ҳали туғилмаган фарзандимга зарар етган бўлишидан ўлгудай қўрқардим.
Кейинги кунларда ўзимни ёмон ҳис қилдим ва шифокорга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Туғулажак фарзандим ҳаёт экан, лекин йиқилиш туфайли шифокорлар жиддий асоратлар бўлишини айтишди. Ўша кундан бошлаб турмуш ўртоғим ва мен учун янги ҳаёт бошланди — фарзандимиз заиф, махсус эҳтиёжлари билан туғилди. Аввалига бу ҳолатни қабул қилиш қийин бўлди. Турмуш ўртоғим нинг орзулари парча-парча бўлиб, у кўпинча ўзини айбдор ҳис қиларди. Мен эса фарзандимиз учун кучли бўлишга интилдим. Ҳар бир кун синов эди — даволанишлар, эҳтиёжларини таъминлаш, бошқаларнинг кинояли қарашларига бардош бериш. Лекин боламнинг табассуми ва кичик ютуқлари бизга умид бағишларди.
Ўша йиқилиш бизнинг ҳаётимизни ўзгартирди, лекин севгимиз ва сабр-тоқатимиз фарзандимизнинг келажаги учун куч бўлиб хизмат қилмоқда. Бу кун бугунгача юрагимда ўчмас хотира бўлиб қолган, аммо шу билан бирга менга курашишни ўргатган. Бу ҳикоя мени енгил нафас олишга ундайди, лекин унда очилмаган бир савол доим бор: нега ҳаёт баъзан шунчалик адолатcиз бўлади?
Азизанинг ҳикояси
Менинг исмим Азиза (ўзгартирилган). 23 ёшимда уйдагилар хоҳишига кўра турмуш ўртоғим билан оила қурдик. Қайнона-қайнотам билан бирга яшаймиз. Қишлоқ чеккасидаги анҳордан сув олиб келамиз. Анҳор сувини ҳам тоза деб бўлмайди. Олиб келган катта баклардаги сувларимизни баъзан кунлаб тиндириб қўйишга тўғри келади. Сув олаётганимизда баклар тагидаги чўкмалар қўзғалиб кетмаслиги учун эҳтиёт бўламиз. Шу ҳолдаги сувдан биз ичиш ва маиший мақсадларда фойдаланамиз. Сувнинг тозалигидан ташқари уни ташиш муаммоси ҳам бор. Эрим ёрдамини аямайди, аммо доим ҳам уйда бўла олмаслиги сабабли, баъзан обдаста билан, баъзида эса аравачаларда бир-икки бак сув олиб келаман. Никоҳимиздан кўп ўтмай ҳомиладор бўлдим. Лекин қишлоқ шароити ва қайнонамнинг ғазаби сабабли анҳордан сув ташишдан озод бўлолмадим. 15 литрлик бакларни анҳордан тўлдириб, аравачага ортаётганимда оғриқ ҳис қила бошладим. Буни қайнонамга айтганимда эса “Ўлмаган бизни жонимиз эканда”, деган ширингина гапларни эшитдим.
Эрим эса онасига бўлган ҳурмати сабабли ортиқча гап қила олмасди. Аммо сув олиб келишда ёрдамлашиб юрарди. Эрим уйда бўлмаган кунлардан бирида сув олиш учун анҳор бўйига тушиб, катта бак билан сувга йиқилдим. Ана шу лаҳзада мен ва эримнинг 5 ойлик орзулари завол топди. Ҳали туғилмаган фарзандимни йўқотдим.
Шундан кейин икки ҳафтача ишлардан “озод этилдим”. Аммо эрим мени эътиборсизликда айблаб, “ўша сувни ўзим олиб келардим-ку”, дея жаҳл қила бошлади. Ана шу мудҳиш воқеадан кейин йиллар давомида фарзанд кўра олмадик. Кўча-кўйдаги гап-сўзлар, қайнонамнинг “туғмас хотин билан умринг ўтяпти”, деган тазйиқларидан кейин эрим жуда асабий бўлиб қолди. Ҳатто мени калтаклайдиган одат чиқарди. Баъзан нима учун калтак еяётганимни ҳам билмай қолар эдим. Қайнонамнинг пичинг ва ҳақоратлари, эримнинг тазйиқу калтакларидан безор бўлганимдан кейин, буларнинг барчасидан ажрашиб қутулдим. Ҳозир ота уйимдаман.
Нега бундай бўлди? Туғилмаган фарзандим нобуд бўлишида мен айбдорманми? Эрим нега мени бундай таҳқирлади? деган саволлар ҳалигача тинчлик бермайди. Ҳалигача айбим нима эканини англай олмайман.
– Иқлим ўзгаришини аёллар ҳаётига таъсирини бир неча асосий нуқтаи назардан кўриб чиқиш мумкин, – дейди ЎзЖОКУ профессори, экожурналист Наргис ҚОСИМОВА. – Биринчидан, улар иқтисодий муаммоларга дуч келиши хавфи юқори. Қурғоқчилик, сув тошқини ва бошқа экстремал об-ҳаво ҳодисалари сабабли экинларга зарар етганда, ҳосилдорлик пасайганда оиладаги зўравонлик ҳолатлари ортади. Айтайлик, ишдан чарчаб келган эр сув йўқлиги туфайли кир ювилмаса, овқат пиширилмаса ёки озиқ-овқат етишмаса, аламини болалари ва аёлидан олади.
Қишлоқларда кўпинча аёллар, хонадонларни сув ва ёнилғи билан таъминлашга масъул бўлишади. Бу улардан таълим, иш ёки ижтимоий масалалари билан шуғуланиш учун сарифланнадиган вақт ва ресурсларни ўғирлайди.
2023 йилда “Эколог” жамоат бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда Жиззах вилоятининг “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази билан биргаликда апрель-июнь ойларида икки ҳудудда иқлим ўзгариши таъсирида юзага келган гендер зўравонликни аниқлаш бўйича сўровнома ўтказилди. Натижаларга кўра, Қорақалпоғистонда респондентларнинг 72 фоизи, Жиззах вилоятида 87 фоизи иқлим ўзгариши ва экологик муаммолар оиладаги зўравонликка таъсир кўрсатишини билдиришди. Шу тадбир асосида давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида давра суҳбатлари ўтказилиб, иқлим ўзгаришининг оиладаги зўравонликка таъсири олдини олиш бўйича ҳудудга мос тавсиялар ишлаб чиқилди.
– Иқлим ўзгариши барча жойда бўлгани каби аграр соҳага ихтисослашган Жиззах вилояти аёллари ҳаётида ҳам сезилмоқда, – дейди Жиззах вилояти “Қалб нури” маркази раҳбари, гендер масалари бўйича эксперт Нодира АЛИМОВА. – Чўл ҳудудлар, хусусан Мирзачўл, Арнасой, Дўстлик, Зафаробод сингари туманларда асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи аҳоли ўртасида экин майдонларини суғориш, чорва молларини боқиш муаммолари, миграция оқими кучайган. Тоғли ҳудудлар, Бахмал, Зомин, Ш.Рашидов, Фориш туманларида тез-тез сел келиши кузатилмоқда. Ҳавонинг қишда ўта совиб кетиши, ёзда ҳаддан зиёд исиши, чанг ва бўронлар аҳоли ўртасида турли аллергик ва бошқа касалликлар ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Албатта, бу хотин-қизларга ўз салбий таъсирини ўтказмай қолмайди.
Ҳар қандай давр ва ҳар қандай вазиятда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва роли муҳимдир. Айниқса, бугунги глобал иқлим ўзгариши шароитида аҳоли хабардорлигини ошириш ва унга мослашиш бўйича чоралар кўришда ахборот ва маълумот етказиш, аҳолининг, хусусан, аёллар ва болаларнинг билим ва кўникмаларини ошириш ННТлардан катта масъулият талаб этади.
Бу борада биз дастлабки қадамларни ташлаганмиз. Яъни қишлоқ аёллари ўртасида табиий ресурслар, жумладан сувдан оқилона фойдаланиш, электр энергиясини исроф қилмаслик, баргларни ёқмаслик, чиқиндиларни турларга ажратиб, қайта ишлашга топшириш, муқобил энергия манбалари, маиший техникалардан фойдаланиш каби тавсиялар берувчи тренинг ва тарғибот тадбирларини олиб бормоқдамиз. Бундан ташқари, мавжуд инфратузилмани ўзгартириш, самарадор энергияга мос уй-жойлар қуриш, иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиш ва етиштиришни тавсия қилувчи тадбирлар мунтазам ўтказиб келиняпти.
Ҳар ҳолда жим қараб турилгани йўқ. Яна нима қилиш керак? Гендерга доир қонунчилик, жамият барқарорлигини ошириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш усулларини ўз ичига олган кенг қамровли стратегиялар зарур. Қолаверса озиқ-овқат хавфсизлиги ва аёлларнинг репродуктив хулқ-атвори моделлари ўртасидаги мураккаб боғлиқликни ҳал қилиш учун барқарор деҳқончилик усуллари, соғлиқни сақлаш тизими афзалликларини кучайтириш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш орқали бу борадаги муаммолар юкини енгиллатиш мумкин.
Даврон ЭРГАШЕВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0