Олий Мажлис Қонунчилик палатасига!
Ҳар ёз шу бўлар такрор…
Қонунчиликда белгиланган маъмурий чораларни кучайтириш керак эмасми?
Мутахассисларнинг аниқлашича, бир гектар майдондаги сомон пояси ёқилганда ҳавога 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 килограмм кул, 20 килограмм ис гази ва углерод оксиди каби заҳарли газлар тарқалиши сабабли турли касалликлар пайдо бўлади. Шунингдек, тупроқ тузилмаси бузилиб, эрозия кучаяди ва ҳосилдорлик камайиб, ҳудуддаги мавжуд жониворлар нобуд бўлади, дала четидаги ўсимлик дунёсига зарар етади.
Янада ачинарлиси, ёқиб юборилганда тупроқнинг устки 5-10 сантиметр қатламидаги зарур микроорганизмлар нобуд бўлиб, шу қатламда ҳаёт йўқолади. Оқибатда экинлар ривожланиши ва ҳосилдорлигига путур етади.
Шу кунларда Андижон вилояти Избоскан туманидаги қатор фермер хўжаликларида ғалладан бўшаган ерда такрорий экин экиш мақсадида сомон қолдиқларини ёқиб юбориш оммавий тус олди. Афсуски, бундай ҳолатга республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин. Иссиқ тафтига олиб, ҳарорат 40 даражагача кўтарилиб, тандирдан чиққан ҳовурдай қиздираётган жазирамада сомонга ўт қўйиш ўзимиз турган шохга болта уришдан ҳам ёмонроқ эканини наҳотки тушунмасак?
Бас шундай экан, бу каби ҳолатларга чек қўйишнинг ягона чораси қонунчиликда белгиланган маъмурий чораларни кучайтириш эмасми?
Анваржон ҲАЛИМОВ
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0