Ҳисоб палатаси: давлат харидлари сунъий интеллект ёрдамида мониторинг қилиняпти
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида ўтказилаётган “Рақамли трансформация даврида ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятидаги замонавий чақириқлар ва таҳдидлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда замонавий технологияларнинг жорий этилиши ва уларнинг ҳуқуқий соҳадаги аҳамияти кенг муҳокама қилинмоқда.
Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Атабек Аллабергановнинг айтишича, соҳада рақамли назорат ва таҳлилни такомиллаштириш мақсадида бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
– Ҳисоб палатаси ҳузурида “Big Data” технологиялари асосида ишлайдиган Масофавий назорат маркази ташкил этилди. Бу марказ орқали 110 та вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви бўйича келишувлар тасдиқланди, шундан 57 тасининг 254 турдаги маълумотлар базалари интеграция қилинди, – деди Аллаберганов.
Ҳозирда 51 йўналишда автоматлаштирилган риск таҳлиллари жорий этилган бўлиб, шундан 40 таси амалиётга татбиқ этилди. Шунингдек, давлат харидлари бўйича қонунбузарликларни барвақт аниқлаш имконини берадиган модуллар ишга туширилди. Жорий йилнинг январь-май ойларида 3,4 трлн сўмлик камчиликлар аниқланиб, бартараф этилди. Улардан 281 ҳолатда 718,2 млрд сўмлик маблағнинг самарасиз сарфланишининг олди олинди.
Айни пайтда Президент топшириқлари асосида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ишлари ҳам бошланган. Жумладан, давлат харидлари соҳасида икки йўналиш бўйича сунъий интеллект ёрдамида таҳлил жараёнлари автоматлаштирилиб, синов тариқасида иш бошлади.
Ҳисоб палатаси томонидан яратилган онлайн ахборот тизими орқали бюджет маблағларининг қонунийлиги, мақсадлилиги ва самарадорлиги доимий мониторинг қилиб борилмоқда. Режалаштирилган 643 та модулнинг 544 таси тўлиқ ишлаб чиқилди, қолганлари устида ишлар давом этмоқда.
Бугунги кунда ушбу ахборот тизимидан 563 нафар вазирлик ва идоралар масъул ходимлари фойдаланмоқда.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0