“Санта-Барбара”дан “Муҳташам юз йил”гача: энг узоқ сериал қайси?
Турли йилларда юртимиз томошабинлари “Бойлар ҳам йиғлайди”, “Оддий Мария”, “Канизак Изаура”, “Эсмеральда”, “Муҳташам юз йил” каби сериаллар қаҳрамонларининг тақдири учун куйиб ёндилар. Айниқса тўқсонинчи йилларда намойиш этилган, боши-ю охири йўқ “Санта-Барбара” ўзининг узлуксизлиги билан абадий давом этадигандек таассурот қолдирганди. Ўзбек томомшабинлари сўнгги йилларда аввал корейс, сўнгра ҳинд ва охир-оқибат турк сериалларини севиб томоша қилишяпти. Аммо юқорида номи келтирилган сериалларнинг бирортаси давомийлиги бўйича ўнликка ҳам киришмайди.
Яхшиямки бугун тақдим этилаётган рейтингдаги кучли бешлик сериаллари бизда намойиш этилмаган. Бўлмаса улар ҳар куни кўпчиликнинг вақтини бекорга совуриш бўйича қанча можароларга сабаб бўларди. Ахир бирор сериални танлаш ва мунтазам томоша қилиш анча масъулиятли масала ҳисобаланади. Чунки томошабин ҳар куни бунинг учун бошқа ишлардан кечиб маълум вақт ажратиши, ўша қаҳрамонлар учун куюниши зарурда. Келинг, яхшиси рейтинг билан танишамиз

5. “Ёш ва чўрткесарлар” (1973 йилдан буён лойиҳа давом этмоқда)
“Ёш ва чўрткесарлар” («Молодые и дерзкие») сериали 1973 йилдан бошлаб турли телеканалларда ва турли вақтларда эфирга узатиб келинмоқда. Сериал воқеалари Висконсин штатидаги ўйлаб топилган Генуя Сити деб номланган шаҳарда кечади ва бадавлат Брукс ва камбағал Фостерлар оиласининг муносабатлари асосида бошланган. Кейинчалик ўзаро рақобатдаги Ньюменлар ва Эбботлар оиласи қўшилади. Дастлаб бу сериал ҳафтасига 5 марта, 30 минутдан узатилган. 80 йилда бир соатдан намойиш қилинган ва юқори рейтингларни сақлаб турган. Ҳозирга қадар ҳам лойиҳа ёпилмаган.
4. “Барча фарзандларим” (1970 – 2011 йиллар)
“Барча фарзандларим” («Все мои дети») ва “Ёш ва чўрткесарлар”нинг умумий жиҳати бор – ҳар иккисининг муаллифи Агнес Никсон. Воқеалар Пенсильванияда бўлиб ўтади ва сериалда жамиятдаги мураккаб масалаларни, масалан Вьетнам уруши муаммосини кўтариб чиқиш мақсад қилинган. Шунингдек бу сериал пластик жарроҳлик самараси ва оқибатларини биринчилардан бўлиб тушунтириб берган лойиҳа ҳисобланади.
3. “Яшаш учун биргина ҳаёт” (1968 – 2012 йиллар)
“Яшаш учун биргина ҳаёт” («Одна жизнь, чтобы жить») сериалининг муаллифи ҳам Агнес Никсон ва бу сериал 1968 йилнинг 15 июлидан бошлаб ABC телеканалида эфирга узатилган. Воқеалар ўйлаб топилган Лланвью шаҳрида ривож топади ва асосан ирқий зиддиятлар ҳамда гиёҳвандлик муаммоларини тасвирлайди. Жами 11 096 серия ишланган бўлиб, улар 29 минутдан бир соатгача давом этган. 2002 йилда сериал “Энг яхши драматик сериал” номинациясида “Эмми” мукофотини қўлга киритган.
2011 йилнинг 4 апрелида ABC телеканали 43 йил давом этган лойиҳа ёпилиши ҳақида эълон қилди. Сериалда турли даврларда Лоуренс Фишборн, Томми Ли Джонс каби Голливуд юлдузлари ҳам иштирок этганлар. Дарвоқе, бош қаҳрамон ролини ўйнаган актриса Эрика Слезак сериалнинг бошидан охиригача – 43 йил роль ўйнаган.
2. “Дунё қандай айланади?” (1956 – 2010 йиллар)
“Дунё қандай айланади?” («Как вращается мир») сериали давомийлиги жиҳатдан кумуш медаль соҳиби ҳисобланади. 1958 йилдан 1978 йилга қадар бу сериал юқори рейтингни сақлаб туриш бўйича рекордчи ҳамдир. Жами 13 858 серия ишланган бўлиб, хронометражи 10 400 соатни ташкил қилади. Эфирга узатилиш вақти бўйича ҳам бу сериал ўзига хос ҳисобланади. Дастлабки сериялари 30 дақиқадан бошланиб, кейинчалик эфир вақти орта борган. Бу лойиҳага қадар эса сериаллар 15 дақиқадан эфирга узатилган.
Сериал воқеалари Окдейл номли ўйлаб топилган шаҳарда кечади ва маиший муаммолар ҳақида сўзлайди. Қизиғи, сериал 54 йил давомида бошдан-охир фақат бир шаҳар – Нью-Йоркда суратга олинган.
1. “Йўлчи юлдуз” (1937 – 2009 йиллар)
“Йўлчи юлдуз” («Путеводный свет») бу борада мутлақ чемпион бўлиб, ҳали бери бирор лойиҳа унга ета олмаса керак. Чикаго яқинидаги шаҳарлардан бирида кечувчи воқеалар 15 000 серия давомида томошабинларни жалб қилиб турди ва ҳақли равишда Гиннесс рекордлар китобига киритилди.
Бу сериал дастлабки сериялари радиода бошланиб, кейинчалик телеэкранларга кўчгани билан ҳам ўзига хосдир. Олти оиланинг ўзаро муносабатлари 72 йил давом этганидан сўнггина ниҳоясига етди. CBS компанияси 2009 йилда паст рейтинглар туфайли лойиҳани тўхтатишга қарор қилди ва охирги серия шу йилнинг 18 сентябрида эфирга чиқди.
Маълумот учун: “Россия” телеканали “Санта-Барбара” сериалини 1992 йилда 217-сериясидан (худди биринчи серия сингари) бошлаб, ўртада узилишлар билан 2002 йилга қадар эфирга узатган ва барибир охиригача намойиш этмаган. Руслар орқали бизда ҳам кўпчилик томоша қилган “Санта-Барбара” бирор жиҳати бўйича юқоридаги лойиҳалар билан беллаша олмайди. Чунки бу сериал “бор-йўғи” 2137 серия бўлиб, 1984 йилдан 1993 йилга қадар эфирга узатилган.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0