1211 эшитади Мотороллер таъмирлаб берилди
Камбағални урма, сўкма, тўнини йирт дейдилар. Сабоҳатлар яхши ниятда Урганчдаги дўкондан 16 миллион 500 минг сўмга 3 ғилдиракли мотороллер сотиб олишган эди.
Ундан рўзғорда фойдаланамиз, узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қиламиз деб ўйлашганди. Уйга келгач ҳайдаб кўришса, мотороллер ишламади. Сотувчи билан гаплашишганди, Хивага бориб кўриб берамиз, дейишди. Аммо, орадан ўн кун ўтиб ҳам дарак бўлмади. Бу даврда турмуш ўртоғи билан нималарни хаёл қилишмади. Ободонлаштириш тизимида ишлайдиган кишига бунча маблағни топиш, рўзғордан орттириш осон эмас. Қиш қаҳратони, ёз жазирамаси демай меҳнат қилишади. Ҳаммадан эрта иш бошлаб, кеч тугатишади. Энди шунча пулга куйиб қолаверишадими? Кимдан ёрдам сўрашни билмай, бошлари қотди.
Танишлари 1211га мурожаат қилишса, масала албатта ижобий ечим топишини айтишди. Сабоҳат ишониб-ишонмай рақамни терди. Дардини тўкиб солди. Буни қарангки, эртаси куниёқ мутасаддилар уларни йўқлаб келишди.
Мурожаат асосида масъуллар тадбиркорга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ва қонуности ҳужжатлар талаблари тушунтиришган эди, тадбиркор айбини тан олди, англашилмовчилик учун ёш оиладан узр сўради. Сервис хизмати орқали мотороллер таъмирлаб берилди. Ҳозир Сабоҳатнинг турмуш ўртоғи уни ғизиллатиб ҳайдаб юрибди.
Муҳаббат Тўрабоева,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0