Беш йиллик сарҳисоб: Хулосалар ижобий, кўзланган марралар залворли!
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгашининг IХ ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, ишлаб чиқариш корхоналари касаба уюшмалари ташкилотлари раислари ва бошқалар иштирок этдилар.
Дастлаб кун тартибидаги қатор масалалар кўриб чиқилиб, вилоят кенгашининг 2021-2025 йиллардаги фаолияти таҳлил қилинди. Кенгаш раиси Сайёра Файзиеванинг маърузаси тингланди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда вилоятдаги 3 минг 263 та касаба уюшмаси ташкилоти 584 минг 134 нафар аъзони қамраб олган. Касаба уюшмасига жалб этилган янги ташкилотлар сони 2020 йилга нисбатан 986 тага, аъзолар сони эса 245 минг 615 нафарга кўпайган. Аъзолик афзалликларини тарғиб этиш натижасида 2024 йилда 100 минг нафардан ортиқ ходим аъзоликка жалб этилган.
2020 йилда корхона, ташкилот ва муассасаларда қабул қилинган жамоа шартномаларининг бандлари 98,5 фоизга бажарилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 99,5 фоизга етган. Давлат дастурларида белгиланган вазифалар доирасида ўтган даврда жамоа шартномалари орқали касаба уюшмалари томонидан кам таъминланган оила вакиллари, нафақа ёшига етган ходимлар, ногиронлиги бор шахслар ҳамда меҳнат жамоаларида банд бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ишларига 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда 2 мингга яқин меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, мавжуд вакант ўринларга 16 минг 653 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.
Ҳисобот даврида 5 минг 800 та корхона, ташкилот ва муассасада мониторинг ўтказилиб, 33 миллиард сўмдан зиёд иш ҳақидан қарздорлик бартараф этилди.
Ишчи-ходимларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, бахтсиз ҳодисалар, касб касалликларининг олдини олиш юзасидан 2015 та ўқув-семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Шунингдек, 2 мингга яқин корхона ва ташкилотда жамоатчилик назорати амалга оширилиб, қарийб икки ярим мингдан ортиқ камчилик аниқланиб, иш берувчиларга тегишли тартибда тақдимномалар киритилди. Натижада 47 минг нафардан ортиқ шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланди ва ходимлар фойдасига 7 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундирилишига эришилди.
Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш мақсадида пахта йиғим-терими мавсуми давомида шакллантирилган Миллий мониторинг гуруҳи томонидан теримчилар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилиб, 2000 нафардан зиёд теримчининг 3 миллиард сўмга яқин кечиктирилган пахта пуллари тўлаб берилишида амалий ёрдам кўрсатилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ташриф қоғозига айланган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, хусусан, «Аёллар дафтари» йўналишида ҳам эътироф этишга арзигулик вазифалар бажарилди. Яъни «Аёллар дафтари»нинг 1-6-босқичларида жами 392 минг 302 нафар хотин-қизнинг турмуш шароити ўрганилиб, уларга тегишлилиги бўйича амалий ёрдам кўрсатилди. Ушбу ишларга 379 миллиард 400 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Туризмни ривожлантириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Яратилган имкониятлардан фойдаланиб, «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» шиори доирасида 200 нафар меҳнаткаш ва уларнинг оила аъзолари мамлакатимиздаги диққатга сазовор масканларни зиёрат қилишди.
Спорт-соғломлаштириш ишлари касаба уюшмаларининг доимий диққат эътиборида бўлиб, тизимдаги ташкилотлар томонидан «Саломатлик спартакиадаси», «Соғлом турмуш сари», «Беш ташаббус олимпиадаси», «Соғлом танда – сифатли таълим» шиори остида 6 мингга яқин спорт тадбирлари ва мусобақалар ташкил этилиб, уларда 252 мингга яқин ишчи-ходимнинг иштироки таъминланди.
Ҳисобот даврида жами 227 минг нафарга яқин бола соғломлаштирилди. Ушбу мақсадга ижтимоий суғурта, касаба уюшмалари, хўжалик органлари, ота-оналар ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 90 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ота-она қаровисиз қолган болаларни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, биргина 2024 йилда 1 минг 700 нафардан ортиқ ўғил-қиз тасарруфдаги оромгоҳларда дам олиб қайтишди.
Муқобиллик асосида, яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловларда Сайёра Файзиева вилоят кенгаши раиси, Ўткир Рашидов ва Лола Холмўминова раис ўринбосари лавозимига сайланди.
– Ўтган даврда олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларга эришдик, деб айтишга асосимиз бор, – деди Сайёра Файзиева. – Олдинда қиладиган ишларимиз бисёр, режалар кўп. Хусусан, яқин йиллар ичида вилоятдаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарини касаба уюшмаларига жалб қилиш, бу орқали аъзолар сонини бир миллионга етказиш ниятидамиз. Мухтасар айтганда, меҳнаткашлар ишончини оқлаш учун астойдил ҳаракат қиламиз.
Холида ЭГАМБЕРДИЕВА
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0