Бугунги кун жадиди қандай бўлиши керак?
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, таниқли жадидшунос олима, тарих фанлари доктори Дилноза ЖАМОЛОВА билан суҳбат
– Сизнингча, жадидчилик ҳаракатининг юзага келиши табиий жараён эдими? Ёки...
– Жадидчилик шунчаки пайдо бўлиб қолган ҳаракат эмас. Тарихдан маълумки, халқимиз жуда кўп босқинларни бошидан ўтказган. Хусусан, ўн тўққизинчи юзйилликнинг ўрталарида Туркистон халқи бошига оғир мусибат келди, яъни Россия империяси босқинига гирифтор бўлди. Мана шундай оғир шароитда, аниқроғи, 1880 йиллар охирида Туркистонда янги бир ҳаракат вужудга келди. Бу – жадидчилик миллий ҳаракати эди. Агар ўша давр тарихига назар солсак, халқимиз 1865-1917 йиллари босқинчиларга қарши 150 мартадан ортиқ қуролли қўзғолон уюштирганига гувоҳ бўламиз. Буларнинг деярли ҳаммасида жадидлар бош-қош бўлганлар.
Биргина 1898 йилги Андижон (Дукчи эшон) қўзғолонида Бухоро жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси Усмон Хўжанинг иштирок этганини эслаш кифоя. Бу каби қирғинбаротлар Туркистон халқининг иродасини бука олмаган бўлса-да, вазият борган сари ўта оғирлашиб борган. Негаки босқинчи ҳукумат ўлкани бошқариш учун ўз олдига қуйидаги мақсадларни қўйган эди:
– Туркистонда руслаштириш сиёсатини амалга ошириш (тили, дини, тарихи, маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини унуттириш);
– Туркистонни хомашё манбаига айлантириш, арзон ишчи кучига эга бўлиш;
– ўлка маорифини империя манфаатларига бўйсундириш.
Ана шундай бир шароитда миллатимиз ойдинлари ягона миллий сиёсий куч бўлиб бирлашиш зарурати етилганини англаб етишган ва жадидчилик миллий ҳаракатига асос солинган, империянинг ҳарбий қудратига қарши сиёсат ва маърифат қуролини кўтариб, озодлик курашига киришишган.
Уларнинг Туркистон мустақиллиги учун курашида асосан қуйидаги йўналишлар устувор эди:
– янги усул мактаблари очиш ва тармоғини кенгайтириш;
– қобилиятли ёшларни чет элга ўқишга юбориш;
– турли маърифий жамиятлар ва театр труппалари тузиш;
– газета ва журналлар чоп этиш;
– халқнинг ижтимоий-сиёсий онгини юксалтириш билан Туркистонда миллий демократик давлат қуриш.
Айтиш мумкинки, жадидлар том маънода ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришдилар.
– Зиёлилар орасида совет ҳукумати жадидларнинг айрим ғояларини қўллаб-қувватлаган, деган гаплар юради. Масалан, Адиб Холиднинг «Жадидлар миллий республикаларнинг пайдо бўлишига ҳам эътироз билдиришмаган», «Олиб борилган этник сиёсат жадидларни ҳам маълум маънода қониқтирган», деган фикрларига қандай қарайсиз? Агар шундай бўлса, нега кейин улар қатағон қилинди?
– Адиб Холиднинг ишлари билан яхши танишман. Анча йиллардан бери жадидчилик масалаларини тадқиқ этиб келади. Аммо назаримда, у жадидчиликнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етган эмас. Чунки у жадидлар ва жадидчиликка Файзулла Хўжаев бошчилигидаги ёш бухороликлар ва Полвонниёз Юсупов бошчилигидаги ёш хиваликлар фаолиятидан келиб чиқиб баҳо беради. Лекин жадидчилик мазкур шахслар фаолиятидангина иборат эмас ва ушбу ҳаракат анча йиллар олдин пайдо бўлган. Хусусан, 1890 йиллар бошида юртимизда жадидчилик ҳаракатининг илк куртаклари намоён бўла бошлайди.
Адиб Холид «миллий чегараланиш масалаларига ҳам жадидлар қарши чиқмаганлар», дейди. Бу фикрга ҳам қўшилмайман. Чунки Россия империяси бошқарувини қўлга олган большевиклар 1920 йиллар бошида, ўзларининг таъбири билан айтганда, «Миллий ҳудудий чегараланиш», биз тарихчиларнинг тили билан айтганда эса, «Туркистонни парчалаб ташлаш сиёсати»ни бошлаган эди. Бу жараёнга улар жуда пухта тайёргарлик кўрганлар. Совет ҳокимиятининг бу борадаги қабиҳ сиёсати мақсадини тўлиқроқ англаш учун академик Азамат Зиёнинг «O’zbekiston tarixi» журналининг биринчи сонида эълон қилинган «Турон цивилизациясидан Янги Ўзбекистонгача» мақоласи билан танишиб чиқишни тавсия қилган бўлардим.
Большевиклар жамиятдаги миллат ойдинлари, кучли сиёсий шахсларнинг нималарга қодирлигини жуда яхши билганлар. Шу боис, биринчи бўлиб Маҳмудхўжа Беҳбудийни ўлдириб юборганлар. Кейинчалик Мунавварқори Абдурашидхонов, Бухорода Абдурауф Фитратдек кучли жадидларни давлат идораларидан четлатишга ҳаракат қилдилар. Сизнингча, Абдурауф Фитрат ўзининг хоҳиши билан Москвага бориб, олий таълим даргоҳида дарс берганми? Йўқ, ундай эмас. Махсус тузилган комиссия Бухорога келиб, Абдурауф Фитратни турли баҳоналар билан, бугунги кунда ўрни вазир даражасида бўлган лавозимдан олиб ташлайди ва Россияга сургун қилади. Шу тариқа, икки ой давомида жуда кўплаб сиёсий билимга эга, Туркистоннинг парчаланиб кетишига тиш-тирноғи билан қарши чиқишга қодир бўлган жадидларни Туркистондан ташқарига бадарға қилганлар.
Большевиклар иккиюзламачилик сиёсатини олиб борган. Улар бутун дунёга ўзларини гўёки адолатли давлат сифатида кўрсатганлари ҳолда, лекин мустамлака юртларга нисбатан ўта шафқатсиз сиёсат юритганлар. Шу боис, Абдурауф Фитратга ўхшаган жадидларни Москвада тутқунликда ушлаб турганлар. Шу билан бирга, тегишли идоралар Мунавварқори Абдурашидхоновни «Бизнинг чегараланиш сиёсатимизга жадидлар қаршилик қилмайдиларми?», деб сўроққа тутганлар. Бошқача айтганда, жадидлар бизга қарши чиқмаслиги керак, деган маънода қаттиқ тазйиқ ўтказганлар. Шундай шароитда, Мунавварқори Абдурашидхонов «йўқ», деб жавоб беришга мажбур бўлган. Ушбу маълумотлар Давлат хавфсизлик хизмати архивининг Мунавварқори Абдурашидхонов тергови ҳужжатларида турибди.
Мана шундай буюк сиёсий кучларни таъқиб остида ушлаб туриш оқибатида большевиклар эмин-эркин, хотиржамлик билан Туркистон ўлкасини парчалаш сиёсатини амалга оширганлар. Табиийки, Адиб Холид биз кўрган ва билган ҳужжатлар, жумладан, Давлат хавфсизлик хизмати архив ҳужжатлари билан танишиб чиқмаган. Шунинг учун масаланинг туб моҳияти, жараёнлар аслида қандай кечганини англаб етмаган. Аслида жадидларнинг бирон-бир ҳаракати романовлар ёки большевиклар томонидан қўллаб-қувватланмаган. Аксинча, мустамлакачилар улардан ажалдан қўрққандек чўчиганлар.
1906 йили Маҳмудхўжа Беҳбудий «Хуршид» газетасида чоп этилган «Хайрул умури авсатуҳо» («Ишларнинг яхшиси ўртачасидир») мақоласида «Большевикларнинг сиёсати – энг нотўғри сиёсат. Уларнинг тенглик жамияти аслида адолатсиз жамиятдир. Ҳеч қачон тенглик жамияти тузиб бўлмайди, бу инсоннинг хусусиятига ҳам, табиат қонунларига ҳам тўғри келмайди», дея Россия империясининг бўлажак ҳукмдорларига кескин қарши чиққан.
Умуман айтганда, нафақат Адиб Холид, балки аксарият хорижлик олимларнинг ишларида ҳам бу борада бир ёқламалик сезилади. Тўғри, бунда уларнинг айби йўқ. Чунки улар жадидчилик сиёсати, жадидлар фаолиятига оид манбалар билан тўлиқ танишиш имкониятига эга бўлмаганлар. Ҳақиқий манбаларни кўриш бизга насиб этди. Ҳатто биз ҳам яқин-яқингача улардан фойдаланиш имконига эга эмасдик. Бунга Янги Ўзбекистон шароитидагина эришдик.
– Сталин қатағони қурбони бўлган жадидларимизнинг кўпчилиги ўлимидан сўнг оқланди, китоблари нашр қилинди. Аммо бироз вақт ўтиб, улар яна таъқибга учради. Ҳатто мустақиллик йилларида ҳам уларнинг номлари газеталардан ўчирилди, телевидение эфирларига чиқарилмади, асарлари театрларда саҳналаштирилмади. Хўш, сизнингча, нега шундай бўлди?
– Аслида «Сталин қатағони», деб аташ ҳам хато. Чунки бир ярим миллион одамнинг рўйхатини Сталиннинг ўзи тузмаган. Қолаверса, жадидлар фақат Сталин даврида эмас, ундан олдин ҳам қатағон қилинган. Шунинг учун буни «совет ҳокимиятининг қатағон сиёсати», деб атасак, тўғри бўлади. Сталин ўлгач, гўёки оқлаш жараёнлари бошланди. Хусусан, 1960-1980 йиллари жадидчилик мавзусида асарлар ёзилди, тадқиқотлар амалга оширилди.
Бу ишларда ёш бухороликлар ҳамда ёш хиваликлар фаолиятига уларнинг ҳокимиятга интилиши натижасида большевиклар билан яқинлашиши ва миллий сулолалар – Бухоро амирлигини бошқарган манғитлар ҳамда Хива хонлигини бошқарган қўнғиротларнинг тахтдан ағдарилиб, ҳокимиятни эгалланиши нуқтаи назаридан баҳо берилди.
Ёш бухороликлар ва ёш хиваликларгача гўё жадидларнинг аниқ мақсади бўлмаган, нимани хоҳлаётганини, нимага интилаётганини ўзлари ҳам билмаганлар, деган хулосалар қилинди.
Лекин мен учун энг ачинарлиси, мустақиллик даврида ҳам жадидчилик миллий ҳаракати вакиллари, уларнинг ғояларига нохолис муносабатда бўлинди.
– Хўп, сиз назарда тутаётган даврда жадидларга бўлган нохолис, адолатсиз муносабатнинг сабаблари нимада эди?
– Мустақилликдан сўнг жадидлар ҳаётини ўрганиш бошланди. Аниқроғи, бу иш билан, асосан, тилшунослар, адабиётшунослар, педагоглар, файласуфлар шуғулланди. Улар орасида тарихчилар деярли йўқ эди. Борлари ҳам нимадандир қўрқиб, масаланинг моҳиятини тўлиқ очмаган.
– Балки уларга ҳам қандайдир чекловлар бўлгандир…
– Ўша ишлар билан танишиш асноси бир нарсага амин бўлганман: менимча, бу иш уларга давлат томонидан буюрилган. Жадидлар миллий сиёсий куч сифатида майдонга чиқмаган, деган ғоя сингдирилган бўлиши мумкин. Ҳаттоки, айрим жадидларни «жадид эмас, жадидчиликка умуман алоқаси йўқ», деб ёзганлар ҳам бор.
2000-2010 йиллари айрим жадидларнинг танланган асарлари жуда кам нусхада, бу ҳам етмагандек, сифатсиз ҳолатда нашр этилган. Улар фақат илмий жамоатчилик орасида тарқалди, халққа етиб бормади. Аҳолига жадидчиликнинг асл мазмун-моҳияти тушунтирилмади.
Жадидларнинг асарлари ҳозир Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Шарқшунослик қўлёзмалар институти, Ўзбекистон Миллий архиви, Давлат хавфсизлик хизмати, Президент Администрацияси архивларида ноёб нусхаларда сақланмоқда. Улар араб имлосида, ўзбек ва форс тилларда ёзилган. Жадидларнинг сўроқ-тергов қилинишига оид тегишли ҳужжатлар рус тилида юритилган. Бундан кўринадики, жадидлар ҳаёти ва фаолиятини, уларнинг асарларини ўрганиш, тадқиқ этиш учун бир неча тилни билиш керак.
Энг ёмони, 2000 йилларда Ўзбекистонда жадидчиликни ўрганиш тақиқлаб қўйилди. Дарсликлардан жадид сўзи олиб ташланди. Мустақил давлатимизда жадидчиликнинг душманлари ким бўлганини ҳалигача тушунмайман. Шахсан ўзим ҳам ушбу «сиёсат»дан азият чекканман. Диссертациям жадидчилик тарихига бағишлангани учун унинг мавзуси тасдиқланишини уч йил кутганман. Ўша пайтларда мавзулар Тарих институти қошидаги Мувофиқлаштирувчи кенгашда тасдиқланарди. Ўтказмаганлар.
– Тадқиқотингиз мавзуси нима эди?
– «Бухоро амирлигида жадидлар ва қадимчилар фаолияти». Энг аламлиси, ўша пайтда Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоси бўлиб, жадидчиликка оид мавзулар тасдиқланишига қарши бўлганларнинг айримлари бугун бир юмалаб жадидшуносга айланиб, ҳеч уялмасдан газета-журналларда мақолалар чиқариб, миллий ва халқаро йиғинларда давранинг тўрида ўтирибдилар.
– Ҳақиқатан ҳам, мустақилликнинг дастлабки йилларида биз жадидларни халққа ўқитувчи, маърифатпарвар, ношир, театрчи, дея тушунтирдик. Тадқиқотчи сифатида айтинг-чи, ўзи жадид деганда кимларни кўз олдимизга келтиришимиз керак?
– Жадидлар – миллат тараққиёти, Ватан озодлиги учун курашган фидойи ва ботир инсонлар. Жадидчилик ижтимоий-сиёсий куч сифатида одамларни ўз атрофида бирлаштирган. Уларнинг орасида давлат арбоблари, олимлар, адиблар, ўқитувчилар, ишбилармонлар, ҳунармандлар, қўйинг-чи, турли йўналиш ва касб эгалари бор эди.
Уларнинг дунёқараши, билими, савияси жуда юқори бўлган. Жамиятда жадидчиликни қўллаб-қувватлайдиган, ҳаракатнинг мақсад ва вазифаларини амалга оширадиган кишилар ҳам жуда кўп бўлган. Бироқ совет ҳокимияти ҳукмронлиги йиллари ва, афсуски, мустақилликка эришганимиздан кейин чорак аср ичида ҳам мазкур ҳақиқат халқдан атайлаб яширилган. Жадидларга фақат маърифатчилар ўлароқ қаралган. Бугун ҳам, айрим олимлар томонидан жадидлар фақат маърифатчи бўлганлар, деган тушунча илгари суриляпти. Аслида улар миллий-сиёсий ҳаракатнинг йирик вакиллари эди. Уларнинг асл мақсади миллий давлатчиликни тиклаш, таълим-тарбия, миллий матбуот, театр санъати орқали одамларни саводли қилишдан иборат эди.
– Охирги пайтларда жадидчиликни сийқаси чиққан мавзуга айлантириб юбормаяпмизми? Билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам шу мавзуга қалам ураётгандек...
– Жуда тўғри фикр. Бизда шундай турдаги олимлар борки, Амир Темур ҳақида ҳам, жадидлар ҳақида ҳам, мустақиллик даври ҳақида ҳам ёзади. Шуниси ачинарлики, тадқиқот доирасининг бу мавзуларга умуман алоқаси йўқ. Бугун эълон қилинаётган жадидчиликка оид шундай мақолалар борки, улар ҳақиқий жадидшуносларнинг илмий ишлари ва китобларидан сўзма-сўз кўчирилган. Ҳақиқий олим бундай қилмайди, аммо бизда «дипломи бор» олимлар жамоаси шаклландики, уларнинг ақли кўчирмакашликдан бошқа нарсага етмайди.
– Нима учун Фанлар академияси, Тарих институти бундай масалаларга муносабат билдирмайди?
– Ўрни келганда, албатта, бундай ҳолатларга муносабат билдиряпмиз. Масалан, яқинда бир «олим» шогирдимнинг мақоласини шундайлигича кўчириб, илмий йиғинга берган экан, унга қўнғироқ қилиб, тартибга чақирдим…
Жадидчилик бўйича лойиҳалар таклифини берганимизда, бакалавриатни зўрға тамомлаб, Инновацион ривожланиш агентлигида ишлаётган бир мансабдор, «жадидчилик сийқаси чиққан мавзу, бошқасини беринглар», деб турса, дилингиз, албатта, хира бўлади. Ҳолбуки, жадидчилик миллий ҳаракати тарихини росмана ўрганиш Ўзбекистонда сўнгги беш-олти йилда бошланди. Ушбу йўналишда қилинадиган ишлар ҳали жуда кўп. Бунинг учун биринчи навбатда, кучли билим, мустаҳкам ирода ва сабрга эга изланувчилар керак. Илм игна билан қудуқ қазишдек гап. Аммо айрим «олимлар» битта нарсани ҳадеб кўчириб босавергач, жадидчилик «сийқаси чиққан мавзу», деган хулосалар ҳам туғилиши табиий.
Қачон қарасанг, ҳамма жойда фақат Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат ҳақида сўз юритилади. Ваҳоланки, юзлаб жадидлар бор, уларни англаш учун ойлаб, йиллаб архивларда ўтириш, қўлёзмаларни ўқиш, ҳужжатларни титиш зарур. Миллий матбуотдаги чиқишларни, асарларни хориждаги манбалар билан солиштириш лозим. Шундагина жадидчиликнинг туб моҳиятини англаб етишимиз мумкин.
– Жуда қисқа умр кўрган Туркистон мухториятини демократик давлат намунаси бўла оларди, деб ўйлайсизми?
– Биринчи навбатда, «Турон», «Туркистон» атамаларига тўхталиб ўтсак. Бу сўзлардан большевиклар қаттиқ қўрққанлар. Шу боис, дарсликлар, илмий асарлар, тарихий адабиётлардан олиб ташланган. «Турон», «Туркистон» сўзлари ўрнига араблар ҳудудий жиҳатдан қўллаган «Моварауннаҳр», яъни «дарёнинг нариги томонидаги ер» маъносини берувчи атамани ишлатишни афзал кўрганлар.
Хўш, нима учун жадидлар «Туркистон мухторияти» деб ном беришган? Аслида, бу шунчаки ўз-ўзидан берилган ном эмас. Улар тарихий атамани тиклашган. Чунки улар Амир Темурни ўзларига маънавий ота, йўлбошчи, деб билганлар. Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат ва бошқа жадидлар Амир Темурдан илҳомланиб, ўзлари тузаётган миллий демократик давлатга Туркистон номини берганлари аниқ. Энг асосийси, юртимизнинг ўша пайтлардаги аталиши, яъни номи Туркистон бўлган.
Энди, бевосита саволингизга келадиган бўлсак, Туркистон мухторияти давлатчиликнинг демократик кўринишида эдими? Албатта, шундай. 1906 йил Маҳмудхўжа Беҳбудий маданий мухторият лойиҳасини ишлаб чиққан. У 1914 йили ёзган бир мақоласида «Мен 1906 йил ёзган маданий мухторият лойиҳамни йўқотиб қўйдим. Ва ундан айрим иқтибосларни келтираман», дейди.
Ана шу мақолада у «миллий демократик давлат қандай бўлади?» деган саволга бандма-банд жавоб беради. Демократик давлатда иқтисодий масалалар, суд ишлари, мактаб-маориф йўналиши, миллий тотувлик, бирдамлик, диний бағрикенглик, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалалари қандай ҳал қилиниши ҳақида батафсил маълумот тақдим этган.
Ёки Мунавварқори Абдурашидхонов асос солган «Миллий иттиҳод»ни («Миллий бирлик») олайлик. Бу ташкилот истиқлолга эришиш, демократик жумҳурият тузиш, миллий қўшин тузиш, иқтисодиётни Туркистон манфаатларига мувофиқ тарзда йўлга қўйиш, маорифни замонавий даражага кўтариш ва Европа маданияти билан танишишни Россиянинг воситачилигисиз амалга ошириш, мактаблар очиш, диний эркинлик бериш ва динни дунёвий ишларга аралаштирмаслик каби мақсад ва вазифаларни ўз олдига қўйган эди.
Абдурауф Фитратнинг ислоҳот лойиҳаси ҳамда «Миллий иттиҳод»нинг мақсадлари Туркистон мухториятига асос бўлган бир меъёрий ҳужжат эди, десак, муболаға бўлмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Туркистон мухторияти демократик давлатнинг алоҳида бир намунаси бўлган.
– Жадидларнинг энг катта ютуғи – уларнинг якдиллиги, жипслиги, ҳамжиҳатлиги эди, десак, янглишмаймиз. Тарихга назар ташласак, бирор бир тажовуз ёки босқин сабабли ўзаро бирлашган халқларни ҳар қандай ҳолатда енгиб бўлмаганига гувоҳ бўламиз.
Сизнингча, давлатимиз раҳбари олға сураётган Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш ғояси, эзгу мақсад йўлида олимлар, зиёлилар, шоирлар, хуллас, бутун халқ бирлашиши учун нима етишмаяпти?
– Бугун ўта таҳликали бир даврда яшаётганимиз бор гап! Лекин бирлашишимиз, жипслашишимиз учун тажовуз бўлиши шарт эмас. Бу заруратни, унинг аҳамиятини халқимиз ҳам ўқиб, ҳам уқиб, тушуниб олиши керак. Бунинг учун эса онгимиздаги маънавий бўшлиқни тўлдиришимиз лозим. Жадидларнинг илмий мақолалари, жамият ҳаёти, унинг ривожланиши билан боғлиқ ижтимоий фикрларини ўргансак, бирдамлик тушунчаси нечоғлиқ муҳим эканини англаб етамиз.
Улуғ мақсадларга фақат гап билан эришиб бўлмайди. Буюк ғояларни оммага турли йўллар билан, масалан, ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланган ҳолда ёйишимиз лозим.
Жадид боболаримиз Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоий ва бошқа улуғ мутафаккирларнинг асарларини ўқиб, улардан илҳом, мадад ва янги ғоялар олиб, ўз қарашларини илгари сурганлар. Бугун миллатимизга мана шу нарсани сингдириш орқали Президентимизнинг улуғ мақсадлари атрофида жипслашишимиз керак.
– Давлатимиз раҳбари аёлларни илмли қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Масалан, олий ўқув юртига ўқишга қабул қилинган қизларга кўплаб имтиёзлар бериляпти. Ҳатто, магистратура босқичида давлат гранти асосида ўқиш имконияти яратилди. Камбағалликдан чиқариш борасидаги масалаларда ҳам илм олиш ғояси илгари суриляпти. Жадидлар бу масалага қандай қараганлар?
– Жадидлар ҳам хотин-қизларни илм-маърифатли қилиш тарафдори бўлган. Президентимизнинг тегишли қарори билан 150 йиллиги нишонланаётган Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам қизларни эҳтиёт қилиб вояга етказиш, илмли қилиш ҳақида кўп ва хўб сўз юритган.
Абдурауф Фитрат эса «Жамиятга миллий ўзликни билувчи, иймонли, ғайратли, фидойи инсонларни етиштириб бериш миллат оналарининг қўлида. Шунинг учун биз аёлларимизга ахлоқий-илмий тарбияни беришимиз керак», деган фикрни олға сурган.
Абдулла Авлоний «Хотин-қизлар жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, улар таълим олиши ва жамиятда эркаклар билан бирга ишлаши керак», деб ҳисоблаган. Афсуски, улар мутаассиб уламоларнинг қаршилигига учраган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жадидларининг отаси сифатида аёлларнинг таълим ва тарбия олишини қўллаб-қувватлаган. Хусусан, 1918 йили шогирди Хожи Муинга шундай деган: «Ҳақиқатдан ҳам аёллар жамиятнинг тенг ярмини ташкил қилади ва ҳуқуқда улар биз билан тенгдирлар. Лекин бизнинг жамият ҳам, аёлларимиз ҳам бу нарсага тайёр эмас. Вақти келадики, бизнинг жамиятимизда аёллар эркаклар билан биргаликда таълим олади, бирга меҳнат фаолиятини юритади».
Шу боис, улар жадид мактабларининг ёнида қизлар учун алоҳида синфлар ташкил қилиб, уларга таълим беришни йўлга қўйишган. Масалан, Абдуқодир Шакурий ўз мактабида қизлар учун алоҳида синф очган.
Миллатпарварларнинг илғор қарашларидан яна бири шундаки, улар ХХ асрнинг бошларидаёқ аёллар, иқтидорли қизларни чет элларда ўқитиш масаласини кун тартибига киритганлар ва бунинг уддасидан чиққанлар. Марям Султонмуродова, Хайринисо Мажидова, Матлуба Муҳаммедова каби қизлар айнан жадидларнинг қўллаб-қувватлови ва ёрдами билан Германия, Россиянинг турли ўлкаларида таълим олишган.
– Бугун жамиятда жадидларга эҳтиёж сезилмоқда. Уларнинг кўп ғоя ва орзулари амалга ошаётганини ҳам кўряпмиз. Шу маънода давримизнинг миллатпарвар инсонлари орасида кимларни жадид ўлароқ тасаввур этасиз?
– Биринчи навбатда, бугунги кун жадиди деб, ҳеч иккиланмасдан давлатимиз раҳбари, Янги Ўзбекистон ташаббускори, Президентимиз Шавкат Мирзиёевни айта оламан. Зеро, жадидлар фаолияти, уларнинг мероси, мақсаду вазифаларини бажариш учун бор куч-ғайратини сарфлаётган инсон бу давлатимиз раҳбаридир. У кишининг «Президент сифатида мен мамлакатимиз тинчлиги, эл-юрт фаровонлиги, Ватан тараққиёти йўлида бутун борлиғимни бағишлаб, халқимга садоқат билан хизмат қилишни ҳаётимнинг маъно-мазмуни, деб биламан. Мен учун бундан бошқа олий мақсад, бахт-саодат йўқ», деган сўзларининг ўзи фикримни асослашга яққол далил бўлади.
Жадидлар ўз қобиғига ўралиб қолмаган, аксинча, бошқа халқларнинг миллатпарвар зиёлилари билан мустаҳкам алоқа ўрнатган эдилар. Давлатимиз раҳбари ҳам ана шу йўлдан боряпти. Шахсан у кишининг саъй-ҳаракатлари билан Марказий Осиё давлатлари ўртасида бир вақтлар совуқлашиб қолган муносабатлар илиқлашиб, ўзаро ишонч ва дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланди. Озарбайжон бугун Ўзбекистонни ўзининг энг яқин дўсти, деб билади. Ёки Афғонистон масаласини олайлик. Давлатимиз раҳбари бу мамлакатда тинчлик ўрнатиш, унинг барқарор ривожланиши борасида БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар минбарларидан етти ўлчаб бир кесилган, эътироф этса арзигулик таклиф ва ташаббусларни илгари сурмоқда.
Буларнинг барчаси муҳтарам Президентимиз жадид боболаримизнинг муносиб меросхўри эканини исботлаб турибди.
Ҳусан ЭРМАТОВ
суҳбатлашди
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0