"Сен кучлисан" лойиҳаси доирасида болажонларнинг суннат тўйи нишонланди
14 август куни Тошкент шаҳрида оққон хасталигига чалинган ва имконияти чекланган болаларнинг суннат тўйлари ва болалар учун кимошди савдоси бўлиб ўтди. Бу тадбир "Сен кучлисан" лойиҳаси ташаббускорлари ва ҳомийлар, кўнгиллилар кўмагида уюштирилди.
Файзли тўйда 10 нафар болажонларнинг суннат тўйи, 10 нафар қизалоқларнинг мотивацион тадбири ўтказилди. Уларга ҳомийлар томонидан тақдим этилган совғалар улашилди. Тадбирда машҳур санъаткорлар, журналистлар ва бошқа таниқли шахслар иштирок этди.
Журналист Азиза Қурбонова ёзади:
"Сен кучлисан" жамоасининг хайрли ташаббуслари билан бугун тўйда қатнашдик. Бу тўй —оққон, саратонга чалинган болаларники. Бу болаларнинг палаталар, капельницаларга боғланган кунларига, кўнгилларига байрам олиб киришгани учун эҳсон соҳиблари, кўнгиллилар жамоасига катта раҳмат.
Болаларга даволаниш имконияти, ота-онасига кўмак бериш учун аукционда қатнашганларнинг кўпчилиги болалар чизган суратни сотиб олишди. Бу ердаги кўп болаларнинг ота-оналари бор-будини даволашга сарфлашган, фарзандларига тўй, орзу-ҳавас қилишолмаган, кўнгилга сиғмаган. Лекин бола-бола-да. Байрам ярашади, уларга".
"Бу хайрия тадбири нафақат болажонлар, балки бутун жамият учун аҳамиятли лойиҳа бўлди. Тўйда ўзига хос аукцион ҳам ўтказилиб, болажонлар чизган ажойиб суратлар сотилди", дея фикрини изҳор этади блогер Шаҳноза Соатова.
Тадбирда дардни енгиб ўтаётган иқтидорли болажонлар суратлари тақдим этилди, кўргазма қилинди, аукцион ўтказилди. Аукционда жами 20 миллион сўмдан ошиққа баҳоланган суратлар сотилди, шунингдек, ҳомийлар томонидан 50 миллион сўм пул тўпланди. Ушбу маблағ хаста болалар учун зарур дори-дармонлар ва зарур харажатлар учун сарфланди.
Ўйлаймизки, бундай хайрли тадбирлар касаллик билан курашаётган жажжи болажонларга куч-қувват бағишлайди, уларнинг кўнглини тоғдай кўтариб, соғайишларига ҳисса қўшади.
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0