Тошкентда озарбайжонлик шоиранинг китоби тақдимоти бўлиб ўтди
Ўзбекистондаги Озарбайжон Маданият Маркази ташаббуси билан Озарбайжон давлат педагогика университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори, профессор, таниқли шоира Моҳира Нағи қизининг ўзбек тилида нашр этилган “Яна ой кечади, йиллар ўтади…” номли шеърий китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир маданият маркази ҳузуридаги Ҳайдар Алиев музейида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон маданият ва санъат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, олий ўқув юртлари ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.
Тақдимот маросимида сўз олган Озарбайжон Маданият Маркази раҳбари Акиф Марифли шоира Моҳира Нағи қизининг ижодий фаолияти ҳақида қизиқарли маълумотлар берди.
Таъкидлашича, Моҳира Нағи қизи олим ва шоира сифатида кўплаб монографиялар, илмий-публицистик мақолалар ва китоблар муаллифидир. У нафақат Озарбайжонда, балки бутун туркий дунёда яхши танилган.
Тақдимоти ўтказилган бу китоб Моҳира Нағи қизининг ўзбек тилида чоп этилган илк китобидир.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид шоира Моҳира Нағи қизининг шеърларидаги гўзал жиҳатлар ҳақида гапириб, “Шоиранинг шеърларида онага ва Ватанга бўлган муҳаббат қизил ип каби ўтади. Ишончим комилки, бу тўплам ўзбек ўқувчиларининг севимли китобларидан бирига айланади”, деди.
Шунингдек, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети проректори, доцент Дилноза Холмурадова, Озарбайжон Миллий фанлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти бўлим мудири, профессор Бадрхон Аҳмадов ва бошқалар ўз чиқишларида Моҳира Нағи қизининг ижодини юқори баҳолаб, унинг асарларини нафақат Озарбайжонда, балки биродар туркий давлатларда ҳам кенг тарғиб қилиш адабиётимиз учун катта ютуқ эканини таъкидлашди.
Тадбирнинг бадиий қисмида талабалар томонидан Моҳира Нағи қизининг шеърлари ўқилди, шунингдек, унинг шеърига ёзилган қўшиқнинг видеоклипи ҳам намойиш этилди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0