Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити иш бошламоқда
Шавкат Мирзиёев бугун ушбу саммит доирасида Қирғизистон ва Туркия президентлари, Покистон муваққат ҳукумати раҳбари ва ИҲТ бош котиби билан музокаралар ўтказади.
Тошкент шаҳрида йирик халқаро тадбир - Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити бошланади.
Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Эрон Президенти Иброҳим Раисий, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов, Покистон муваққат ҳукумати раҳбари Анвар ул-Ҳақ Какар ҳамда ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий иштирок этади.
“Бугун, шунингдек, делегациялар Тошкентга кела бошлайди. Президент Шавкат Мирзиёев уларнинг раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади. Жумладан, бугунга Қирғизистон, Туркия Президентлари, Покистон муваққат ҳукумати раҳбари ва ИҲТ бош котиби билан музокаралар режалаштирилган”, – деб хабар бермоқда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
Эртага, 9 ноябрь куни эса олий даражадаги йиғилиш бўлиб ўтади. Унинг доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, айни вақтда Тошкент шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 16-саммити арафасида бешинчи бизнес-форум иш бошлади.
Мазкур анжуман савдо сиёсатини либераллаштириш ва уйғунлаштириш, бизнес юритиш учун харажатни камайтириш, молия инфратузилмаси ва институционал салоҳиятни ривожлантириш, савдо тартиб-тамойилини соддалаштиришга хизмат қиладиган йирик ташаббуслар майдонига айланиши кутиляпти.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0