Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 780.095.75

  • EUR

    13 889.4040.74

  • RUB

    131.67-0.5

+9C

+9C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+9c

  • Hozir

    +9 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Juma, 01-November

+9C

  • Hozir

    +9 C

  • Juma, 01

    +9 +20

  • Shanba, 02

    +8 +20

  • Yakshanba, 03

    +9 +20

  • Dushanba, 04

    +12 +20

  • Seshanba, 05

    +14 +20

  • Chorshanba, 06

    +8 +20

  • Payshanba, 07

    +0 +20

  • Juma, 08

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Грин карта тарихи: у ўзи нима ва нега жорий қилинган?

Дунёнинг қатор мамлакатлари каби Ўзбекистонда ҳам 4 май кунидан бошлаб АҚШда яшаш ва ишлаш имкониятини берувчи грин карта лотереяси жавоблари текширила бошланди.
352 11:53 | 13.05.2024 11:53

Ўзбекистонда ушбу лотереяга қизиқиш ўта юқори, ҳар йили камида икки миллиондан ошиқ киши унда қатнашади. Афсуски, ғолиблар сони беш минг нафарга етмайди. Ундан ҳам ёмон томони шу беш минг кишининг ҳаммасига ҳам АҚШга виза олиб, жўнаб кетиш насиб этмайди. Хўш, миллионлаган кишиларнинг орзусига айланган бу дастур моҳияти ўзи нима?


Биз таҳлил қилаётган лотерея расмий номи Diversity Immigrant Visa (Турли миллатларга мансуб иммиграцион визалар) дея аталади. Лотерея мақсадларидан бири АҚШда яшаётган ва ишлаётган фуқаролари озчилик бўлган мамлакатлардан одамларнинг Қўшма Штатларга иммиграциясини рағбатлантиришдир (демак, ўзбекистонликлар ҳам АҚШда озчилик сифатида кўрилади).


Ушбу дастурнинг келиб чиқиши катта Жорж Буш президентлиги даврига бориб тақалади. 1990 йилги Иммиграция қонуни Турли миллатларга мансуб иммиграцион визаларга қонуний асос бўлди. У ҳар йили АҚШ Давлат департаменти томонидан бошқарилади ва Иммиграция ва фуқаролик тўғрисидаги қонунига мувофиқ ўтказилади. Лотерея АҚШга иммиграция даражаси паст бўлган мамлакатлардан келган шахсларга ҳар бир молиявий йилда 55 мингтагача виза тақдим этади.


Масалан, 2008 йилда лотереяда иштирок этиш учун 6,4 миллиондан ортиқ киши ариза топширган. Талабгорларнинг оила аъзолари ҳисобга олинса, умумий иштирокчилар сони 10 миллионга етган. Уларнинг асосий қисмини Африка (41 фоиз) ва Осиёнинг (38 фоиз) ривожланаётган мамлакатлардан, 19 фоизи Европадан, 2 фоизи Жанубий Америкадан келганлар ташкил этади. Ўшанда биринчи ўринни 1,7 миллион талабгор билан Бангладеш эгаллаган бўлса, учинчи ўринни 684 минг билан Нигерия эгаллади. АҚШда муҳожирлари сони кўп бўлган мамлакатларнинг аҳолиси, хусусан, Бразилия, Хитой, Колумбия, Доминикан Республикаси, Эквадор, Салвадор, Гватемала, Гаити, Ҳиндистон, Ямайка, Мексика, Покистон, Филиппин, Перу, Полша, Жанубий Корея, Канада ва Буюк Британия (Шимолий Ирландиядан ташқари) ва унинг денгизорти ҳудудлари ва Вьетнам лотереяда иштирок этмайди. Чунки сўнгги 5 йил ичида ушбу мамлакатлардан келган муҳожирлар сони 50 минг кишидан ошади.


Келинг, яқин вақтдаги статистикани ҳам кўрамиз: DV-2023 дастурида ғолиблар сони бўйича Ўзбекистон учинчи поғонада қайд этилган (5511 киши). Жами топширилган аризалар сони эса 2,2 миллион кишидан ошади. Бу лотерея иштирокчилари жами сонининиг қарийб чорагини ташкил қилади. Бу рақамлардан билиб олиш мумкинки, грин картага ариза топширган ўзбекистонлик унга катта умид боғламагани маъқул.


Биринчи лотерея ўйини 1994 йилда бўлиб ўтган ва шундан бери ҳар йили ўтказиб келинмоқда. Лотереяда иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш бошланишидан бироз олдин эълон қилинган қоидаларга мувофиқ ариза топширишингиз керак. Аризалар расмий равишда кузда (одатда октябр ва ноябр ойларида) қабул қилинади.


Натижалар эса баҳорда, май ойида эълон қилинади. Аризаларни қабул қилгандан сўнг, компьютер тасодифий равишда грин карта олиш имконияти берилган бахтлиларни аниқлайди (инсон омили аралашмайди). Айнан шу санадан кейин барча иштирокчилар ўзларининг ариза рақамлари (тасдиқлаш рақами) ёрдамида расмий веб-сайтда натижани билиб олишлари мумкин. Агар натижа ижобий бўлса, маълум бир муддат ичида сиз иммиграцион виза олиш тартибидан ўтишингиз керак. Ғолиблар иммиграцион виза билан Қўшма Штатларга келади ва у ерда грин карта олади. Демак, грин картани мутлақо таваккал ва омадга асосланган, инсоннинг қобилиятлари ҳисобга олинмайдиган, тасодифий ғолиблар мусобақаси десак ҳам бўлади.


Лотереяни ўтказиш учун барча мамлакатлар минтақаларга бўлинган. Жами олтита минтақа мавжуд: Осиё, Африка, Европа, Океания, Шимолий Америка, Жанубий ва Марказий Америка. Ҳар бир минтақадан аризалар бир-бири билан рақобатлашади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, Европа мамлакатларида туғилганлар орасида, агар эр ва хотин бирданига лотереяга мурожаат қилган тақдирда, ҳар 25 оиладан бири ғалаба қозонади. Ғолиб бўлмаганлар кейинги йилги дастурларда иштирок этиш мумкин, бунинг учун ҳеч қанақа чеклов қўйилмайди.


Ўтмишда дастур билан боғлиқ можароли ҳолатлар ҳам бўлган. Жумладан, 2012 йилги лотерея натижалари компьютер дастуридаги носозлик туфайли ҳақиқий эмас деб топилди. Қайта қуръа натижалари кейинроқ эълон қилинди. Лос-Анжелесдаги иммиграция бўйича адвокат Кеннет Уайт май ойи ўрталарида АҚШ Давлат департаментига мурожаат қилиб, 22 минг 316 ғолибга ўз ютуғини сақлаб қолиш ва қолган ўринлар учун ўйин ўтказишга рухсат беришни сўради. Кейин судга даъво аризаси берди. Суд жараёни 14 июль куни унинг мағлубияти билан якунланди.


АҚШ аҳолиси ва сиёсий доираларининг грин картага муносабати турлича бўлиб келади. Миграцияни бир қадар қўллайдиган демократлар унга ижобий қарайдилар. Уларнинг фикрича, АҚШ турли-туман халқларнинг қоришмасидан ҳосил бўлган уюшма ва бу жараён янада кучлироқ давом этиши керак. Республикачилар (консерватор қатлам), жумладан, Доналд Трамп тарафдорлари ҳатто уни бекор қилиш ташаббуси билан ҳам чиққанди. Улар АҚШга бўлган ҳар қандай миграцияни қисқартириш, чегараларда назоратни кучайтириш тарафдоридир.


Грин карта лотереясида иштирок этиш ҳар доим бепул бўлган ва шундай бўлиб қолади. Айни пайтда сиз кўплаб фирибгарлик ҳолатларига дуч келишингиз мумкин. Масалан, дизайни АҚШ Давлат департаментиникига ўхшаш ва давлат божини тўлашни талаб қилувчи сайтлар сохта сайтлар жуда кўп. Алданиб қолмаслик учун инглиз тилини билиш ёки таржимонга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Асосийси, барча бандларни ёзилган талабларга мувофиқ тўлдиришдир, сиздан бошқа нарса талаб этилмайди.


Лекин шундай шаффоф қоидаларига қарамай, Давлат департаменти ҳар йили тахминан 300 000 аризани чала тўлдирилгани ёки нормаларга тўғри келмагани учун рад этади. Аризани топширишда биринчи ва энг муҳим қадам иштирок этиш қоидаларини диққат билан ўрганишдир. Шунингдек, мутахассислар аризани иложи борича эртароқ топширишни маслаҳат берадилар. Мисол учун, 2021 йилда аризаларни қабул қилишнинг якуний санасидан бир ҳафта олдин, Давлат департаменти веб-сайти ортиқча юк туфайли ишламай қолган.


Дунёда АҚШ грин картасига ўхшаш дастурлар ҳам бор. Шулардан бири Европа Иттифоқи мовий картасидир. Аммо унинг АҚШникидан жиддий фарқлари бор. Европага ишга келиш учун талабгор маълум касб бўйича тажрибага эга бўлиши ва салоҳиятини намоён қилиб бериши керак. Яъни Европа, шунчаки рўйхатдан ўтган тасодифий инсонни эмас, қўлида ҳунари бор, тил кўникмалари эга шахсларни танлаб олади. Умуман олганда, мовий карта аҳолининг қариб бориши сабабли Европа Иттифоқининг малакали ишчи кучига бўлган эҳтиёжларини қондириши учун жорий этилган.


Аброр Зоҳидов


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид