
Бу ойнинг ҳикмати – сабр, берари – савоб
Қишлоқ ифторлик дастурхонидан фоторепортаж


Йилнинг энг гўзал кунлари, рамазон ойи кириб келаркан хонадонлар ифторлик дастурхонлари учун тараддуд кўришни бошлашади. Бу ойнинг ҳикмати – сабр бўлса, берари – савоб. Тутганингиз рўза, берганингиз ифторлик, эҳсонингиз, яхшилик, ҳатто таббассумингиз ҳам савоб. Халқимизда ҳеч бир хонадон бу кунларни шунчаки яшаб ўтишни, фурсатни ўтказиб юборишни истамайди. Қишлоқларда бир кунда бир маҳалланинг ўзида икки-учталаб ифторлик дастурхонлари ёзилади, қавм-қариндошлар, яқинлар таклиф қилинади. Бир киши айни вақтда бир нечта хонадонларда ифторлик қилиб юриши, маҳалла болаларининг қувончи, дийдор, яхшилик устида кўришиш бу алоҳида мавзу.
Бугун шундай хонадонлардан бири Хатирчи туманидаги Қурбоновлар оиласида ифторлик дастурхони ёзилган. Рўзадорларни кутиб олиш учун тайёргарлик авжида. Йигитлар шом намози учун жойлар тайёрлашган, бири самовар бошида, бири келиб-кетар меҳмонларни идора қилади. Бундай пайтда уй келинлари-ю қизларининг маҳорати синалади. Ҳатто баъзи онахонлар қизларни зимдан кўз остига олиб қўйиши ҳам қишлоқ тадбирларининг мерос одати. Бу ерларда рамазон ойида кимнинг уйида ифторлик бўлаётганини билиб олиш унчалик қийин иш эмас. Зотан, дарвоза олдидаги қатор машиналар, югуриб юрган болалар, тинмай келиб-кетаётган меҳмонлар тадбир сабабини англатишади. Ҳар бир меҳмон келганида дастурхон устида онахон-у отахонларнинг дуо қилиши ўзбекнинг энг гўзал одатларидир бири. Бугун ҳам оғиз очилгунга қадар бувилар-у боболар тинишмади.
Ифторлик вақтида ошхонадаги жараён алоҳида мавзу. Меҳмонга келин-у ёш қизлар келса дастурхон бошига эмас, ошхона бошига бориб хизматга киришади. Қатор-қатор тизилган чойнаклар, ўчоқда-ю қозонда қайнаб турган таомлар ифторлик бўлишга ҳозир-у нозир.
Оғиз очилишидан олдин маҳалла имоми ёки уй эгаларидан бирор одам азон чақиради, орқасида йигитлар, хоналарда отахон-у онахонлар қўлларини дуога очиб туришади. Ифторлик қилаётган оила ҳаққига дуо қилинади, ҳасталарга даво сўралади, ўтганларга ҳузур тиланади, жамийки яхши ниятлар икки кафт ичида билдирилади. Сўнг бу ойнинг алоҳида белгиси бўлган хурмолар-у, бир ютим сув билан оғиз очилади.
Ўзбек хонадонларида уйга келган бирор меҳмон қуруқ қайтарилмайди. Ҳамманинг тугинига бир нон-у ширалар тугилади. Дуо қилган маҳалла имомига уй эгалари кўнглидан чиқарганини илинишади. Бунда ҳаммаси самимийлик, соддалик, инсоннинг қадри билан боғлиқ. Дастурхон муҳокамаси йўқ, ҳашамат-у исрофгарчиликлар йўқ, ҳузур бор, халоват бор! Одамлар кўзларида, суҳбатларида меҳр, ҳурмат балқиб туради. Ҳамма бир-бири учун омонат, ҳамма бир-бири учун армуғон.
Ishonch.uz / Фотохизмати
«Ishonch.uz» фотохизматининг махсус фотомухбири томонидан тайёрланган фоторепортажлар тўплами.
Репортаж тафсилотлари:


Бошқа фоторепортажлар

“Меҳрибон” ёстиқ ва қуроқдўзлик ёхуд унутилаётган қадриятлар ҳақида фотоҳикоя
Ўзлик ва қадриятларнинг йўқолиб бориши миллатни емирувчи жараёндир. Ўзбек халқи қирқ кечаю қирқ кундуз тўй қиладиган, ҳашаматсевар халқ экани рост, бироқ асрлар оша яшаб келаётган ва чуқур маъно ташийдиган баъзи урф-одат ҳамда қадриятлар миллат илдизининг янада мустаҳкам бўлишига, ёшларда миллий анъаналарга нисбатан меҳр уйғонишига сабабчи бўлади.

Туркиялик ёшлар Самарқанд жозибасидан ҳайратда
Туркиянинг "Türk Metal" касаба уюшмаси аъзолари фарзандларидан иборат гуруҳ Ўзбекистонга саёҳати давомида Самарқандга ташриф буюрди.

Ғамхўрликнинг янги манзили
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида ҳудудларда фаолият юритаётган «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари бугун фуқароларга энг яқин масканлардан бирига айланган.

