Янги “Хонқа” санаторийси қандай қулайликларга эга?
Ўтган асрнинг 60 йилларида бу ерда дастлаб Хонқа пахта тозалаш заводининг дам олиш зонаси бунёд этилди. 1980 йилга келиб, унинг ўрнида пахта тозалаш заводининг санаторий-профилакторийси иш бошлади.
1985-1990 йилларда санаторий-профилакторий ҳудудида улкан ер пармалаш ишлари олиб борилиб, минералларга бой ер ости маъданли суви борлиги аниқланди. Бу изланишларнинг самараси ўлароқ, 795 метр чуқурликдан 56 даражали, иссиқ термалли, шифобахш йод-бромли, хлорид-натрийли, иссиқ азот ва енгил ишқорли туздан иборат маъданли сув чиқарилишига муваффақ бўлинди.
Маъданли сув таркиби жиҳатидан Грузияда чиқарилган “Лугела”, Украинанинг “Трусковец-Нафтуся сувлари қаторидан ўрин олди. 1999 йилда сиҳатгоҳ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тасарруфига олиниб, 80 ўринга мўлжалланган бальнеологик санаторийси қурилган эди.
Халқимизнинг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олиб, бугун бу ерда барча қулайликларга эга, замонавий 200 ўринли янги 3 қаватли бино комплекси фойдаланишга топширилди. Иншоот 6 та корпусдан: маъмурият, ётоқ биноси, даволаш бӯлими, маданият саройи ва кутубхона, ошхона, бассейн-саунадан иборат.
Санаторий асаб, юрак қон-томир тизими, гинекологик, таянч-ҳаракат касалликларига ихтисослаштирилган.
Мазкур нодир, замонавий, ҳозирги замон архитектураси талаблари асосида қурилган иншоот халқимизга, хусусан Оролбўйи минтақасида яшовчи юртдошларимизга Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллигига муносиб байрам совғаси бўлди.
Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази вакиллари, Хоразм вилояти ва Хонқа тумани ҳокимликлари масъуллари, халқимиз ардоғидаги ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият намоёндалари, жамоат арбоблари, меҳнат фахрийлари, таниқли спортчилар, касаба уюшмаси фаоллари, ҳамда оммавий-ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир сўнгида йиғилганлар санаторийнинг барча хоналарини айланиб, яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирдилар, шунингдек, масканга Федерация томонидан енгил машина ҳамда микроавтобус совға қилинди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0