Пойтахтдаги ягона “вертикал маҳалла”га саёҳат
1966 йил “Тошкент зилзиласи”дан сўнг Тошкент юқори сейсмик чидамлиликка эга биноларга муҳтож эканлиги ойдинлашди. Ҳукумат экспериментал уйларни лойиҳалаштириш ва қуриш бўйича танлов эълон қилди.
Бугун Тошкентда ўзига хос архитектурасига эга, “вертикал маҳалла” типида қурилган ва анъанавий ўзбек уй-жой қурилиши элементларини ўзида жамлаган “Жемчуг” (Марварид) турар-жой биноси ушбу лойиҳанинг муваффақиятли меваси ҳисобланади.
У 1980 йилларда архитектор Офелия Айдинова томонидан лойиҳалаштирилиб, 11 йил давомида қуриб битказилган. Аслида, бино эски шаҳарда қурилиши мўлжалланган бўлган. Бироқ кейинчалик Космонавтлар боғи яқинидаги “Буюк Турон” кўчасида қурилишига келишилган.
“Жемчуг”нинг ўзига хослиги шундаки, унда ҳар уч қават бир умумий майдон билан бирлашган ва бу жой аҳолига дам олиш учун хизмат қилади. У ерда болалар спорт билан шуғулланиши, хонадонларда яшовчилар зиёфат қилиши ёки суҳбатлашиб ўтириши мумкин. Шунингдек, томда умумий сузиш ҳавзаси, ер остида эса кир ювиш хоналари, 6 метрлик ертўла ва учта чиқиш йўли: асосий, орқа ва захира йўллари мавжуд.
“Марварид” Ўзбекистондаги ягона турдаги 16 қаватли керамсит-бетонли монолит уйи ҳисобланади. У 2 ва 3 хоналардан иборат 120 хонадонни ўз ичига олган. Бино ҳозирда давлат муҳофазасида.
“Дом”нинг умумий айвонидан шаҳар понарамасини юқоридан туриб томоша қилиш имкони мавжуд. Бугун “Жемчуг”да алоҳида гидлик хизматлари ҳам ташкил қилинган бўлиб, бинога кириш ва томоша қилиш талаба учун 30, қолганларга эса 50 минг сўмни ташкил этади.
Мўъжазлиги билан ажралиб турадиган пойтахт марвариди инсон ҳаёти давомида ҳеч йўқ бир бор кўриш учун арзийди.
Эъзоза Умур.
Муаллиф олган фотолар.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0