Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 727.9617.01

  • EUR

    13 781.8462.91

  • RUB

    139.460.4

+22C

+22C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+22c

  • Hozir

    +22 C

  • 23:00

    +21 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Payshanba, 16-May

+22C

  • Hozir

    +22 C

  • 23:00

    +21 C

  • Payshanba, 16

    +22 +20

  • Juma, 17

    +20 +20

  • Shanba, 18

    +19 +20

  • Yakshanba, 19

    +14 +20

  • Dushanba, 20

    +17 +20

  • Seshanba, 21

    +15 +20

  • Chorshanba, 22

    +16 +20

  • Payshanba, 23

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Гарри Каспаров – шахматчиликдан “экстремистлар” рўйхатигача

Бир неча кун аввал оммавий ахборот воситаларида хабар тарқалди: Бокуда туғилган, Россияда шуҳрат топган, айни дамда Хорватия фуқароси бўлмиш машҳур шахматчи Гарри Каспаров рус масъул идоралари томонидан “террорчилар ва экстремистлар” рўйхатига киритилди.
Ўзгача ракурс
229 10:47 | 11.03.2024 10:47

Бир пайтлар мамлакат юзи бўлган шахснинг мазкур рўйхатга кириши унчалик таажжубланарли бўлмади, албатта. Чунки Каспаров анчадан буён Россияда яшамайди, боз устига президент Путин ва унинг бошқарувини кескин танқид қилиб келади. Ҳатто Россиянинг ўзгариши кераклиги ҳақида бир қанча муқобил ташаббусларни илгари сурган, сиёсий ҳаракатлар ва тузилмаларда қатнашганди. Шу ўринда жаҳон шахмат юлдузлигидан рус ҳукуматининг душманлигигача бўлган йўлни босиб ўтган шахс билан танишамиз.





Фамилиясини ўзгартирган Вайнштейн


Гарри Вайнштейн (Каспаров) 1963 йилда Боку шаҳрида арман-яҳудий оиласида туғилган. Оилада шахматга қизиқиш кучли эди. Кунлардан бир куни беш яшар Гарри газеталардан биридаги чизмага ажойиб ечим кўрсатгач, оила катталари ундаги қобилиятни пайқаб қоладилар. Отаси унга спортнинг бу туридан бирмунча сабоқ ҳам беради. Аммо етти ёшга етганда оила бошлиғи бевақт вафот этади. 12 ёшида болакайнинг онаси унинг фамилиясини Вайнштейндан ўзининг фамилияси (Каспаров)га ўтказади.


Ўн ёшида Каспаров мастер Александр Никитин билан танишади, ёшлар мусобақаларида бошқа бир юлдуз Михаил Ботвинник назарига тушади. 1975 йилда Ленинград(ҳозирги Санкт-Петербург)даги сеансда илк бор Анатолий Карпов билан тўқнаш келиб, унга жиддий қаршилик кўрсатади, аммо охирида имкониятни бой беради.


1978 йил ёшлар ўртасидаги СССР чемпионатида зафар қучган Каспаров икки йил ўтиб, гроссмейстер деган номга лойиқ кўрилади.





Энг ёш жаҳон чемпиони


1984 йил кузида Анатолий Карпов ва Гарри Каспаров ўртасида жаҳон чемпионлиги учун дуэл бошланди, у 1985 йил февраль ойида ғолибни эълон қилмасдан тўхтатилди. 1985 йилнинг кузида улар ўртасидаги янги учрашувда Каспаров Анатолий Карповни мағлуб этди ва шахмат бўйича ўн учинчи жаҳон чемпиони бўлди.


Эътиборли томони, Гарри Каспаров 22 ёш, 6 ой ва 27 кунлигида шахмат тарихидаги энг ёш жаҳон чемпиони бўлди (илгари Михаил Тал 1960 йил 23 ёшида Михаил Ботвинникка қарши жаҳон чемпионатида ғалаба қозонганди). Каспаров ҳозир ҳам бу рекордни сақлаб қолишда давом этмоқда. 2013 йилда Магнус Карлсен 23 ёшга етмасдан жаҳон чемпиони бўлди, аммо унинг рекорди Каспаровникидан бир неча ойга кўпроқ эди.


1986, 1987 ва 1990 йилларда Каспаров Карпов билан учта реваншда, 1993 йилда Найжел Шорт билан, 1995 йилда Вишванатан Ананд билан ўйинда чемпионлик унвонини ҳимоя қилган, аммо 2000 йилда Владимир Крамникга ютқазиб қўйди.


Каспаров фаолияти давомида суперкомпьютерларга қарши ҳам ўйнаб кўрган гроссмейстер саналади. У аввал 1989 йилда Deep Thought компьютер дастурини мағлубиятга учратади. Шундан сўнг IBM компанияси Каспаровга ўйин таклиф этади. Дастлаб, 1996 йилда у Deep Blue дастурида компьютерни мағлуб этади. Ушбу ўйинга 500 минг АҚШ доллари қўйилганди. Аммо 1997 йилда гроссмейстер 1,1 миллион доллар соврин жамғармасига эга ўйинда ақлий машинага илк бор имкониятни бой беради.


Каспаров кўп қиррали шахматчи бўлиб, унинг фаолияти чўққисида деярли ҳеч қандай заиф томонлари йўқ эди. Шахматчининг ўйинлари тактикани ҳисобга олган ҳолда динамик ўйин услуби, бой тасаввур, стратегиянинг чуқурлиги, нозик ҳисоб-китоблар ва ўзига хос очилиш ғоялари билан ажралиб туради. Машҳур спортчи Владимир Крамник Каспаровни деярли заиф томонлари бўлмаган шахматчи деб атаган.



Шахматдан кетиш ва сиёсат


2005 йилда Гарри Каспаров сиёсий фаолияти сабабли шахмат карьерасини якунлаганини эълон қилди. Аслида у Собиқ Иттифоқдаги “қайта қуриш” давридан буён сиёсатга фаол аралашиб келарди. Иттифоқ парчалангач, Каспаров президент Борис Елциннинг тарафдорига айланди. У 1990 йилдаёқ компартиядан чиқиб кетган, коммунистларни ёқтирмасди.


Путин ҳукмронлигининг дастлабки йилларида Гаррининг унга муносабати ёмон бўлмаган. Аммо бир неча йил ичида у Владимир Путиннинг танқидчисига айланди. 2005 йилдаёқ у қудратдаги ҳукуматнинг ғашига тега бошлаганди.


2008 йилда Каспаров мамлакат раҳбарлигига номзодини қўймоқчи бўлди. Аммо жараён муваффақиятсиз якунланди. Ҳатто сиёсий талотўпларда у қамалиб ҳам чиқди.


2011 йилдаги парламент сайловлари сабаб авж олган намойишларда ҳам фаол қатнашди.


2012 йилда у Россия мухолифатининг мувофиқлаштирувчи кенгашига сайланган. Кейинги йили Каспаров Россияни тарк этишини ва чет элда сиёсий фаолиятини давом эттиришини эълон қилди. Бир йилдан кейин у Хорватия фуқаролигини олди.


Каспаров 2014 йилда Россия томонидан Қрим яриморолининг аннекция қилиниши ва Украина шарқидаги қуролли можароларга қарши чиқди ва расмий Киевни қўллаб-қувватлади. Ҳатто шу йилнинг декабрида Киевга бориб, украин аскарлари учун шахмат сеансини ҳам ўтказиб берди.


2022 йил май ойида Россия Адлия вазирлиги Каспаровни хорижий агентлар реестрига киритди. Исмининг ёнидаги “Хорижий манбалар ҳақида маълумот” устунидаги бўлимда Украина ва Инсон ҳуқуқлари жамғармаси кўрсатилган.


2023 йилнинг февралида Россия Бош прокуратураси ташкилотчилари орасида Каспаров бўлган Литва “Эркин Россия” форумини “номақбул ташкилот” деб тан олди. Декабрь ойида Адлия вазирлиги Каспаров, Михаил Ходорковский, сиёсатчи Дмитрий Гудков ва журналист Юлия Латинина (барчаси чет эл агентлари реестрига киритилган) томонидан асос солинган “Россия ҳаракат қўмитаси”ни “номақбул ташкилотлар” рўйхатига қўшди.


2024 йил февраль ойининг бошида Адлия вазирлиги Бош прокуратуранинг қарорига биноан 2022 йил февраль ойида Каспаров ва Ходорковскийнинг ташаббуси билан тузилган “Россия урушга қарши қўмитаси”ни ҳам “номақбул ташкилотлар” рўйхатига киритди.




2024 йил 6 мартга келиб, Росфинмониторинг Каспаровни “террорчилар ва экстремистлар рўйхатига қўшди. Таъкидлаш керакки, марҳум мухолифатчи Алексей Навалний ҳам аввал ушбу рўйхатдан жой олганди.


Қонунга кўра, реестрга киритилганидан кейин банклар унинг ҳисоб рақамларига хизмат кўрсатишни тўхтатиб, маблағларини музлатиб қўйиши керак. Гарчи собиқ шахматчининг ўзи Россиядан узилмаслигини айтса-да, мавжуд шароитда унинг ватанига қайтиши деярли имконсизлигича қолмоқда.


Қизиқ факт: 1998 йилда Торонтода Каспаров шахматни ақл-заковат ривожлантиришнинг ажойиб усули сифатида мақтаб, оташин нутқ сўзлади. Нутқ канадаликларга шунчалик таъсир қиладики, журналистлар уни россиялик даҳо деб аташган. Гаррининг нотиқлик маҳорати жамоатчиликда шундай кучли таассурот қолдирдики, маърузадан сўнг дарҳол унинг қимматбаҳо туфлиси ечиб олиниб, буюк одамларнинг туфлилари сақланадиган музейга жойлаштирилди.


Аброр ЗОҲИДОВ


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Ўзгача ракурс
Ўзгача ракурс
Ўзгача ракурс