«Ватан» журнали: миллий контент учун муносиб туҳфа
Бугун давр 10 йил олдинги замонлардан тубдан фарқ қилади. Дунё иккинчи жаҳон уруши кечган икки қутбли олам «қолипи»ни синдириб, глобал тараққиёт сари юзланган бўлса-да, ер шари ҳамон идишдаги сувдек қалқиб турибди.
Бир томонда миллатчилик ниқоби остида хуружлар, жангу жадаллар кечаётган бўлса, бир томонда ўлкаларга босқинчилик, ер, ҳудуд талашиш давом этмоқда. Ва ҳеч ким, давлатларни, халқларни бундай хуружлар, босимлардан ҳимоялашга кафолат бермаган.
Ўз-ўзидан бундай пайтда ҳар бир халқ, давлат ўз фуқароларида миллий ўзлик ва миллий ғурур туйғуларини кучайтириши зарурати туғилади. Чунки ҳар қандай долғали замонларда ҳам миллатни ватанпарвар, юрти учун жонини аямайдиган, шу билан бирга дунёга очиқ нигоҳ билан қаровчи, юксак билим ва салоҳиятга эга ёшлар, фуқаролар ҳимоя қилади, ривожлантиради.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳомийлигида нашр этилган «Миллатпарвар» китоби ва «Ватан» журнали эса бугун долзарб ҳисобланаётган миллий медиа контентимизда миллий ғурур туйғусини кучайтиришга хизмат қилувчи муносиб манба бўлди, деб бемалол айта оламиз.
«Миллатпарвар» китобида сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг янгиланаётган Ўзбекистон сийратига чизгилари – Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмунига бағишланган публицистик мақолалари ўрин олган бўлса, «Ватан» Янги Ўзбекистон имижини кенг жамоатчилик ва академик доираларда юксалтиришга ҳисса қўшиш ҳамда ўқувчиларни бугун дунё илм-фанида, сиёсий ва ижтимоий ҳаётида кечаётган тенденциялар билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.
«Ватан»нинг илк сонида Фитрат, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Қудратилла Рафиқов, Фарҳод Толипов, Қозоқбой Йўлдош, Хайриддин Султон, Элдор Асанов ва яна бошқа муаллифларнинг Ватан, тил мавзусидаги ўйлари, ҳикоялари, шеърлари ва тарихий шахсларимиз — аждодларимиз ҳақидаги илмий таҳлилларга асосланган мақолалари ўрин олган.
Яқинда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши бошчилигида Тошкент шаҳридаги мавжуд олий ўқув юртларининг проректорлари иштирокида маърифий тадбир ташкил этилди. Тармоқ раиси Равшан Бедилов ва «Ватан» журнали бош муҳаррири Ҳусан Эрматов қатнашган мазкур тадбирда «Миллатпарвар» китоби билан бирга «Ватан» журналининг ҳам тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари китоб ва журнал саҳифаларидаги мақолалар юқори савияда танлаб олингани ва ёзилганини, хусусан, давлат раҳбари олиб бораётган сиёсат моҳияти, меҳнат муносабатлари соҳасидаги ўзгаришлар, ташқи қарз мавзуси жуда содда ва равон, таъсирли мисоллар асосида очиб берилганини таъкидлашди.
– Бугун истаймизми, йўқми дунёда йирик давлатларнинг бошқарувни қўлга олиш борасидаги кураши кетмоқда, – дейди Шарқшунослик университетининг проректори Қудратилла Омонов. – Бундай даврда халқимиз, ёшларимиз кучли миллий мафкура билан қуролланган бўлиши керак. Мафкура эса мана шундай миллий руҳ билан суғорилган миллий контентлар асосида, жумладан, етук ва тажрибали инсонларнинг Ватан, тарих, маданият, геосиёсат ва иқтисодиёт мавзуларидаги таҳлиллари асосида шакллантирилади.
Шу боис «Ватан» журналининг электрон шакли ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган кўринишини ҳам яратиб, уни кенг тарғиб қилишимиз зарур. Шу билан бирга журнал саҳифаларида етук мутахассисларнинг иқтисодий-геосиёсий мавзулардаги таҳлилларини ҳам мунтазам бериб бориш лозим. Токи ёшларимиз дунёда бўлаётган зиддиятларнинг асли илдизи қаерга бориб тақалишини тушунишсин, тўғри мулоҳаза қилишсин. Мафкуравий иммунитети ривожлансин.
Тақдимотда шу каби яна кўплаб илиқ фикрлар ва фойдали таклифлар билдирилди.
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0