Ходим меҳнат таътилига чиқмаслик ҳуқуқига эгами?
Савол: Ходим меҳнат таътилига чиқмаслик ҳуқуқига эгами? Иш берувчи ҳам рози, ходим ҳам тилхат ёзиб берди.
Саволга ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради.
Бу меҳнат қонунчилигига зид ҳисобланади. МК 230-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътили ҳар йили, ушбу таътил берилаётган иш йили тугагунига қадар берилиши керак.
Ишлаб чиқариш хусусиятига эга сабабларга кўра жорий йилда ҳар йилги меҳнат таътилини тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда ходимнинг розилиги билан таътилнинг 14 календар кундан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин бўлиб, ушбу йил давомида ундан фойдаланилиши шарт.
Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга, ногиронлиги бўлган ходимларга ҳар йилги меҳнат таътилини, шунингдек ушбу Кодекснинг 481 ва 483-моддаларида кўрсатилган ҳар йилги қўшимча таътилларни бермаслик тақиқланади.
МК 225-моддасига кўра, иш йили деганда ходимнинг муайян иш берувчида 12 ойга тенг бўлган ва ҳақиқатда иш бошланган санадан эътиборан ҳисоблаб чиқариладиган иш даври тушунилади.
Масалан, ходим бугундан 22.12.2023 дан иш бошлади. Унинг иш йили 22.12.2023 дан 21.12.2024 гача бўлади. Бизнинг мисолда ҳар йилги меҳнат таътили таътил берилаётган иш йили тугагунига қадар яъни 21.12.2024 гача ( шу куни ҳам) берилиши керак.
Кўпчилик мана шу ўринда календар йилга чалғиб кетиб, ходимни 31-декабргача таътилга чиқарсам бўлади деб, хато ўйлашади. Яъни ходимни календар йил тугагунга қадар эмас, ходимнинг иш йили тугагунига қадар таътилга чиқариш шарт экан.
Демак, юқоридагилардан хулоса қилсак, ходимга иш йили тугагунга қадар (календар йил тугагунга қадар эмас) таътил берилиши керак экан. Ходим таътилга чиқмасликка тилхат ёзиб бергани ҳам аҳамиятга эга эмас.
Кўпчилик ҳозир ўйлаётган бўлса керак, фалончижон 5 йилдан бери, фалончихон эса деярли 10 йилдан бери таътилга чиқмаганку деб... Бу меҳнат қонунчилигини бузилиши ҳисобланади.
Агар иш берувчи ушбу қоидаларга риоя қилмаса, МЖТК 49-моддасига кўра, мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, бундан била туриб ғайриқонуний ишдан бўшатиш мустасно, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0