“Менинг ижарадаги ҳаётим” – йиллардирки ўз уйида яшаш насиб қилмаган юртдошларимиз ҳикоялари
Ижарада яшаш асримизда, жамиятимизда шу қадар оддий ҳолга айланяптики, кўпчилик ўз уйига етишишига умид ҳам қилмай қўймоқда. Хорижда “ижарада яшаб ўлиб кетишаркан”, деган аччиқ воқелик бизга ҳам келиб қоладигандек. Ижтимоий сўров тарзида ижарада яшаётган юртдошларимиз ҳаёти билан қизиқдик. Айримларининг тақдири шу қадар таъсирлики...
(Кўпчилик суҳбатдошлар ҳижолатлик ортидан шахсини сир тутишди)
13 йил давомида 7 марта ижара уй алмаштирдим...
Исмим Мавжуда, ёшим 32 да, 13 йилдан буён ижарада яшайман. Шу давр мобайнида 7 марта ижара уй алмаштирдим.
7 йил Вера холаникида яшадим. Энг кўпи шу. Марказда 8 ой, Бодомзорда 2 ой яшаганман. Бодомзорни қисқалик бўйича рекорд деманг. Чорсуда 3 кун яшаб, чиқиб кетганимга нима дейсиз? Жуда оғир ҳолат бўлганди. Аввалига маклер орқали уй эгаси дейилган одам (аслида уй эгасининг куёви экан) билан 300 долларга келишдик. Ҳамма жойни тозалаб, кўчиб кирдик. Энди нарсаларни жойлаб бўлиб, овқатланиб ўтирганимизда икки аёл бақир-чақир қилиб, кириб келишди. “Куёвимдан уй калитини олишга нима ҳаққинг бор, бу уй меники, ойига 400 доллар тўласанг турасан, бўлмаса чиқиб кет!” деди. Мен “Узр, холажон, мен эркак киши билан келишдим, у сўраган пулини олдиндан бердим”, дедим. Хуллас, роса тўпалон қилишди. Кейин менга вақт беринг, уй топиб чиқаман, дедим ва учинчи кун бошқа жойга чиқиб кетдим.
Ҳозир ҳам кўчиш ҳаракатидамиз. Яшаётган жойимизни сентябрдан таъмирлашмоқчи. Уй олиш ниятим бор, албатта, фақат маблағ етишмайди... Aллоҳга осон!
* * *
Ўз уйимда яшай олмадим
Чет элда яшаганимиз сабаб, Тошкентдаги квартирамизда турмуш ўртоғимнинг акаси вақтинча яшаб турганди. Баъзи муаммолар туфайли юртга қайтиб келдик. Қайнотамнинг уйида катта қайноғам яшагани боис аёллар ўртасида келишмовчилик чиқа бошлади, иззатимиз борида Тошкентдаги уйимизга қайтдик. У ерда кичик қайноғам оиласи билан яшаётганди. Уч хонали уйда икки оила, олти нафар фарзанд билан яшадик. Аслида уй бизники эди, аммо қайноғамнинг аёли бизни чиқариб юбориш учун хархаша қила бошлади. Арзимаган нарсаларни баҳона қилиб, ака-укаларни уриштираверарди. Охир-оқибат, уйни бўшатишлари учун бир йил муҳлат бериб, ўзимиз ижарага чиқиб кетдик. Бир хонали уй олдик, ижара нархи 250 доллар эди, уйнинг аҳволини гапирмаса ҳам бўлади. Қуёш тушмагани учун роса ҳам зах эди, ошхона балконга кўчирилган. Ўша вақтлар қиш роса ҳам қаттиқ аномал ўтаётганди.
Ортиқча жиҳозларга имконимиз бўлмасди, сабаби турмуш ўртоғим қўлидан тўққиз марта операция бўлгани учун оғир ишда ишлолмас эдилар, ижара тўловларини ойма-ой қарзга кириб тўлардик. Хўжайнимнинг кира қилиб, топган пуллари кунлик рўзғор ва икки фарзандимизнинг харажатидан ортмасди. Болаларим кичкина бўлгани сабаб тинимсиз шамоллаб, бетоб бўлиб қоларди. Тўрт ёшли ўғлимда сийдик ушлолмаслик касали аниқланди. Бир куни икки фарзандимни ҳам 39 иситмада касалхонага олиб бордик, иккисининг ҳам қулоғи йиринглаган экан. Шифокор роса койиди. Ўша куни қайноғам уйига қариндошларни меҳмонга чақирибди, биз ҳам бордик. Овсинимни болалари юпқа енгил кийимда ўйнаб юришипти, менинг болаларим эса зах уйда қалин кийимда юришар эди, кўриб ичим оғриб, жуда қаттиқ ҳафа бўлдим.
Келишилган бир йил ҳам ўтди, аммо овсиним чиқмаслик учун ҳар хил баҳоналар қила бошлади, аммо бу сафар мен қаттиқ турдим ва ҳеч кимга қарамай, ўша уйга кўчиб кирдим. Мен билан бир уйда яшагиси келмай, овсиним болаларини олиб, ота уйига кетди, охир-оқибат, сабр, қийинчиликлар эвазига ўз уйимда фарзандларим билан яхши яшашни бошладим.
* * *
Дадамга ичирманглар...
– Исмим Aзизуллоҳ, 24 ёшдаман, фарғоналикман. Ҳозирда уйим бор. Лекин болалигимда салкам 10 йил уйсиз юрганмиз. Бу ишда на онамни, на дадамни айблайман. Aллоҳнинг синови экан. Бағдодда бир холанинг иккинчи уйида ижарада яшаганмиз. Ижара эвазига биздан 6 бош молини боқишни сўрарди, баъзи кунлари қўшимча ишларига қарашардик.
Дадам кўп ичарди. Эсимда 8-9 синфда эдим. Ёз ойларида дадамнинг ўрнига ғишт заводга ишга борардим. Кўча ўзи иссиқ, лекин хумдон ичи ундан ҳам баттар – ками +70 даража иссиқ бўларди. Коллежнинг 1-2 курсида ўқиб юрган кезларим ҳам ишлаганман. Дадам ичиб келиб, тўпалон қилса, биз кўчада қолардик, онам йиғлаб, ижарачига ялинарди. У эса яна такрорланса, ҳайдаб юбораман, дердилар. Аммо биз норасидаларни кўзи қиймасди, шекилли, ундай қилмаган. Лекин сабр ҳам тўладиган нарса экан…
Жон аччиғида бир хонали уйнинг томини ёптириб, полсиз, светсиз ҳолатда 1,5 йил 1 хонада 5 киши яшадик. Бу орада онам билан қолган 4 хонани ҳам битиришга ҳаракат қилдик. Ва мен буйрагимни шамоллатиб олган эканман, қон босимим оша бошлади. Бу орада ўқишга кирдим, шартнома эди, ўқимайман дедим, онам ўқитаман деди. У ҳолатларни сўз билан таърифлаб бера олмайман. Ҳозиргача доимий даволаниб юраман. 4 ойдан бери муолажадамиз, онамнинг соғлиқлари анча ёмонлашди, китобларимгача сотдим. Синглимни ўқитиш керак, бир ёқда бўйнимгача қарз. Ҳамма қатори эрталабдан кечгача ишлайман, лекин етмайди. Дадам ҳозир ҳам ичади... Эҳ гапираман десам гап кўп.
* * *
Шу кунгача 15 000 долларга яқин ижара тўлабман
– Ёшим 30 да, асли хоразмликман. Оилада тўнғич ўғилман. Ёшлигимизда уйдагиларда етарлича пул бор бўлган пайтда Тошкентдан уй олишга қизиқишган, лекин эҳтиёж йўқлиги туфайли олишмаган. Ўқишга кирсанг олармиз, дейишган эди. Ўша пайтлар лекин қариндошимизга Тошкентдан уй олишига ёрдам қилишган. Кейинги йилларда уйлар нархи қимматлади, ота-онамни ишлари юришмай, орқага кетди ва Тошкентдан уй олиш ҳаёлий нарсага айланиб қолди.
Талабалик пайтим, қариндошим уйида яшаганман. Ўқишни битириб, уйлангач, Тошкентда ишлай бошладим. 2019 йилдан бошлаб, оилам билан ижарада яшашни бошладим. 5 йил ичида майда-чуйдаларини ҳисобга олмаганда тўрт марта уй алмаштирибман. Энг арзони 150 доллар бўлган, энг қиммати 400 доллар, ҳозирги ижара уйим шунча.
Таъсирли воқеалар етарлича бўлган, яъни асосий масала, албатта пулга бориб тақалади. Қисқаси, оила қургандан кейин келажак ва ишим учун магистратурада ўқишга мажбур бўлдим. Вебстерда ўқидим, контракт 4200$ эди. Ўзи 1 йил олдин кириб, тўлай олмай, ташлаб кетган эдим, кейин яна тиклаб, ўқишга қарор қилдим. Aлбатта, контрактимни ярмини кредит орқали, ярмини ишхонамдан қарз олиб, 10 ойга бўлиб бериш шарти билан тўладим. Бир тарафда кредит, бир тарафда ижара, кўтара олмадим. Мажбурликдан оиламни вилоятга, ота-онам олдига юбордим. Ўзим ўшанда уй тополмай, жуда сарсон бўлдим. Нарсаларим билан кўчиб юрдим.
Кейин таниш талаба йигитлар билан турдим. Оиласи билан яшаган эркакка, талабалар билан ижарада туриш жуда алам қилган. Бироз пул йиғдим-да, 300 долларга 2 хонали уйга ўтдим ва оиламни олиб келдим. 2 йилча шунақа яшадим. Бу орада жиддий хатоларга йўл қўйдим, яъни олган кредитим устига яна кредит олдим. Сабаби уйдагилардан пул сўрашдан уялдим. Орада операция бўлдим, оёғим синиб, ойлаб уйда ётдим.
Шу вазиятларда кредит олавердим. Бировдан сўрашга андиша қилганман. Ойлигим ҳам унақа катта эмасди. Лекин эплаб келдим. Яқингача 2-3 та жойда ишлаб келдим. Ишдан ташқари репетиторлик, таржимонлик қилиб юрдим. Қисқаси ҳам кредит, ҳам квартирага ўртача 7-8 миллион сўм кетарди.
Яқинда уй эгаси ижара нархини 500 долларга чиқаришини айтди. Энди ойлигим ошиб, баракага кираман, деганда бу аҳвол. Ўйланиб, иккиланиб, кўзим қияр-қиймай, болаларимни яна Хоразмга, ота-онам олдига жўнатди. Ўзим эса мана уч ойдирки яна таниш талабалар билан квартирада яшаяпман. 400 долларни учга бўлиб тўлаймиз...
Ҳисобласам, шу кунгача 15 000 долларга яқин ижара тўлабман. Қимматга ижарага қўяётган, шу ижарада яшаётганимиз ҳам ўзимиз, ўзимизнинг халқ. Баъзида иккиланиб қоламан, боре деб Хоразмга кетиб қолсам, ўша ерда ишласам, балки кейинчалик пул тўплаб келиб, Тошкентдан уй оларман, дейман. Лекин... менга тўғри келадиган иш йўқ. Иккинчидан, ҳаммасини нолдан бошлаш, қийин бўлса керак. Учинчидан эса, барибир ривожланишда анча орқадаман.
* * *
Фирибгарга тушиб, 10 минг долларимдан айрилдим
Ёшим 32 да. 6 йилдан бери ижарада яшайман. Ижарадаги ҳаётимдаги энг таъсирли воқеанинг биринчиси карантин даврида бўлган. Ишхоналар ёпиқ, ишлай олмасдан ижара пулини тўлашга қийналганмиз. Яна бир таъсирли воқеа – биринчи ижарада турган уйимизга 3 ойлик пулни олдиндан тўлаганмиз. Аммо ижарачи иккинчи ойнинг ярмида кечаси “бугундан қариндошларим туради, уларга жой топишим керак”, деб бизни чиқариб юборган. Эрталабгача уй қидириб, бошқа 1 хонали уйга ижарага чиққанмиз. Ҳозир ҳам шу уйда ижарада турамиз.
Уй олиш ниятим бор, бошланғич тўловга 10 минг доллар пул жамғариб, ипотека кредитини олишга ҳаракат қилдим, лекин ойлик маошим лимити етмагани учун банкдан кредит ололмадим. Кейин бир танишим “Райёна” деган ипотека фирмасини тавсия қилганди. Йиққан 10 минг долларни ўша фирмага тўладим, бироқ улар фирибгар бўлиб чиқди. Кўп одамлар менга ўхшаб, шу фирмага аладанган. Ҳозир яна нолдан ҳаракат қиляпман.
Уйлар нархи жуда қиммат, шаҳар четида арзонроқ бўлса ҳам, иш ва бошқа шароитлар йўқ. Уй олиш менга ўхшаб, ойликли ишда ишлайдиганлар учун жуда оғриқли мавзу. Менимча, оддий давлат ишида ишлайдиган одамлар бир умр уй ололмайди.
* * *
Ижарага олган уйимда меҳмон бўлиб қолганман
– Ёшим 29 да. 8 йилдан бери ўқиш ва иш сабабидан турли жойларда ижарада яшайман. 1-курслигимда, Нукусда талаба пайтимиз квартира эгаси 6 нафаргача болага туришга рухсат берганди. Кўчада қолмасин, деб ўзимиз яхши танимаган болани еттинчи қилиб олдик. Қиш эди, бир куни кийиниб дўконга тушиб кетдим. Қайтиб келсам, квартира эгаси ўтирибди. Мени кўрди-ю “Мана, 7 киши турибсанлар”, деди жаҳл билан. Болалар нима дейишга ҳайрон. Биттаси сўзамоллик қилиб, мени меҳмон, деб таништирди. “Меҳмон бўлса, ўзини квартирасига борсин”, деди менга қараб. “Майли”, деб чиқиб кетётгандим, квартира эгасининг калласи ишлаб қолди. “Юр, ўзим олиб бориб қўяман”, деди. Машинасига чиқиб, роса Нукусни айлантирганман. Шаҳарни яхши билмайман, деб роса тентиратиб, бошқа курсдошларим квартирасига олиб борганман. Мен билан квартирага кириб, “шу йигит сизлар билан турадими?”, деб сўраган... Ҳеч бири буни тасдиқламаган. Яна ўзимизнинг йигитлар олдига қайтганмиз. Бир соатлик бақир-чақир ва жанжалдан кейин квартира нархига 100 минг сўм қўшиб кетган.
* * *
Шеърлар ҳам ёзилган
Бу шеърни 2005 йилда, Чилонзордаги 2 хонали ижара уйда ёзганман.
Ижарачи келади,
Бирпасда келди бир ой.
Пулни тайёрлаб қўй, ҳой,
Кеч бўлганда ҳойнаҳой.
Ижарачи келади,
Бу ой сал кам маошим.
Гўштсиз бўлади ошим,
Оғриғи тўхтамай бошим,
Ижарачи келади.
Ванннага кирмай тургин,
Оёқни учида юргин.
Болам, тинчроқ ўтиргин,
Ижарачи келади.
Баъзан болага эрмакни,
Чўчиб айтсам эртакни.
Сўраб мендай эркакни,
Ижарачи келади.
Пешонада шу тақдир,
Уйлар қимматку ахир.
Ҳар ойда бақир-чақир,
Ижарачи келади.
Келишга қилса хабар,
Кутасан шому саҳар.
Ҳар хил вақтда ҳар сафар,
Ижарачи келади.
Бу ой нархни ошириб,
Камига сал шошириб.
Сал кечикса, дўқ уриб,
Ижарачи келади.
Дейди «Долларда бергин,
Сўмга тошингни тергин».
Шартлари эмас эркин,
Ижарачи келади.
Ватандан қилмай жудо,
Бир кун қўллайди Худо.
Ошга айтсам мабодо,
Ижарачи келади.
Сиқиласан ўйловда,
Ихтиёринг жиловда.
Шу пайт қиммат уловда,
Ижарачи келади.
Бу дунё ҳам хонадон,
Ижарада ҳар инсон.
Тўлаймиз катта товон,
Маҳшарда ўша БУЮК
ИЖАРАЧИ келади.
Баҳриддин Асрор.
* * *
Ҳовлида кимдир юргандек бўларди
– 43 ёшдаман, 2022 йилдан бери ижарада турамиз. Янги кўчиб келганимизда ижарадаги уйимизда ҳудди биров борга ўхшар эди. Эшиклар ўз-ўзидан очилиб, ҳар хил овозлар, нарса йўқолишлар кузатиларди. Болаларим ҳам, мен ҳам нега бундай, деб қўрқамиз. Намозлардан кейин ўтганлар руҳига тиловат килиб, шу хонадонда яшаган марҳумларга деб дуо килавердим. Ҳар куни белгиланган сураларни телевизорда қўйишни бошладик. Ишонсангиз, ҳаммаси ўз-ўзидан тўхтади. Кейинчалик уй эгасидан билдикки, олдин бир чол яшаган экан, ёлғизликда ўтиб кетган экан.
Уй олиш ниятим бор, лекин имконим йўқ, сабаби ёлғиз аёлман, топган пулим фарзандларим ўқишига ва озиқ-овқатга кетади. Вилоятларда иш бўлса, менимча ҳеч ким пойтахтга келмасди. Камига айримларнинг вилоятликларни пастга уришлари жуда ачинарли.
* * *
Битта хурмо қани?
– Ёшим 42 да. Асли самарқандликмиз. Хўжайинимнинг иши Тошкентда бўлгани учун 2003-2007 йиллар Тошкентда ижарама-ижара кўчиб яшаганмиз. Ўша пайтлар ёш оиламиз, бир ёшга тўлмаган фарзандимиз бор. Олдин бир рус кишининг уйида турдик. Яхши одам эди, раҳматли, бизга деярли халақит бермасди. Фақат хотини келиб, пулни олар ва тозаликка қараб кетарди. Доим ўз уйимдай тоза тутишга ҳаракат қилардим. Улар биздан, биз улардан рози бўлиб яшадик. Хўжайинимнинг ишхонасига узоқлик қилгани учун ва бу уй соҳиби вафот этганидан кейин яқинроқ жойга кўчишга қарор қилдик.
Ҳаммаси шундан кейин бошланди... Эрим Миробод тарафда бир ўқитувчи аёлнинг уйини топибди. Бева аёл, уч ўғли бор, ўзининг уйи ҳам шу атрофда экан, деди. Мен у аёлнинг ўқитувчи эканлигини эшитиб, яхши, ҳамкасб эканмиз, деб қўйдим.
Опанинг уйи биринчи қаватда жойлашган бўлиб, уч хонали ва ҳовличасиям бор эди. Ҳовлида мевали дарахтлари ва гуллар экилганди. Домнинг подвалида товуқ боқаркан. Опа жудаям инжиқ ва майдагап эди.
Мижғовлиги касб касаллиги десам, инжиқлиги унинг характерининг оғирлигини англатарди. Ўғиллари ўттиздан ошсаям уйлантирмай, ҳар ҳафта келин излаб, совчиликка бориб, қизнинг онаси унақа экан, уйлари бунақа экан, деб камчилик топиб келишиданам билса бўларди, қанчалик инжиқлигини.
Бизга уйини ижарага берсаям, ҳар куни тушдан кейин келарди. Мен у киши келгунича уйларни супуриб-сидириб, полларни артиб, ҳовлига сув сепиб қўярдим, акс ҳолда уйдан чиқарвораман, деб шарт қўйганди бизга. Ҳамма айтган ишларим қилинганми йўқми деб, ҳар куни келиб текширарди. Мен қайнонамданам бунчалик қўрқмаганман! Ўша пайтлар ёш бўлганманда, ҳозирлар бўлса, ўзим билардим.
Опа келиб, ҳовли, уйларга қараб, кўнгли тинчирди-да, товуқларини ҳовлига чиқариб, тухумларини оларди. Мевалар пишиб, ерга тушса, опкетарди. Ҳовлида битта катта хурмо дарахти бор эди, ўша дарахт 20 тадан зиёдроқ мева солган экан (кейинроқ опа айтганида билиб қолдим).
Менинг ёш болам бор, ўзим у даражада хурмога ўч эмасман, егим келса, эрим бозордан ҳамма нарсани опкеб қўярдилар. Бир кун опа кечга қолди, тўйгами бир жойга кетган экан. Келавермаганига товуқларни ўзим чиқардим ташқарига ва ўғлимни ўйнатиб ўтирдим ҳовлида. Бир пайт шошиб-пишиб кеп қолди-да, тўғри подвал-катагига кириб кетди. Биттагина тухумни кўтариб чиқди. Олдин эътибор бермаган эканман, нечта тухум олганини, лекин ўша куни битта опчиққанини кўриб, ўнтача товуқ кунига биттагина туғарканда, деб ўйладим. “Нимагадир сизлар кеганларингдан бери бу товуқлар кам туғвотти”, деб бошлади опа чимирилиб. Опа, биз бозордан тухум оламиз ҳар ҳафта, ишонмасангиз холодильникни кўринг, дедим. “Бозорники барибир “домашний”дай бўлмайди-да”, деди опа. Индамай қўйдим. Бир пайт хурмо дарахтининг тагига бориб, тепага қараб, меваларни санай бошлади. “22 та хурмо қолибди, биттаси йўқ, кўрмадингизми?”, деди. Яхшики товуқ ўлгурлар чиқа солиб, ерга тушган хурмони чўқилаб еб ташлаган экан, қолган қутган пўчоғини кўриб, кейин тинчиди опа. Шундаям узр сўраш йўқ, чимирилиб уйига жўнади. Эрим келгач, “Бу ҳолатда мен ё асабий касал бўлиб қоламан ёки бу хотин билан уришиб уйдан чиқиб кетишимизга тўғри келади, ундан кўра бошқа уй топайлик”, деб туриб олдим.
Опага билдирмай ён-атрофдан уй излай бошладик. Уй топгандик ҳам, опанинг янги ўйини чиқди. “Мен келин топдим, ўғлимни уйлантираман, шунга бу уйни ремонт қилишим керак. Лекин чиқмайсизлар, уста келади, битта хонани ремонт қилади, бу хонасида яшаб турасизлар. У хонанинг ремонти тугаса, йиғиштириб тозалаб, унисига ўтиб яшайсизлар. Усталарнинг ош овқатидан ўзларинг хабар олиб турасизлар, менгаям яхши бўлади”, дейди! Мен янги келинчак, қўлимда ёш бола билан, эрим ишда, уйда уч-тўрт нафар эркак уста ишлармишда, улар билан бир хонадонда туриб, овқат қилиб берармишман. Шуям гапми!?
Тайёр хизматкор керак эканда сенга, дейдиган тил йўқ. “Ундай бўлса, биз бошқа жойга кўчамиз, опа рози бўлинг”, деб чиқиб кетдик. Ҳозир Самарқандда, ўз ҳовлимизда яшаймиз, ҳовлимизнинг 20 сотихига мевали дарахт экилган, лекин меваларини санамаймиз, пишгани пишиб, тушгани тушиб ётибди.
* * *
Давоми бор..
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0