Сериаллар қаршисидаги саволлар: халққа нималар тақдим қилиняпти?
Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган бир сериалдаги лавҳадан шокка тушдим. Бошимдан бир челак сув қуйиб юборгандек бўлди. Унда таниқли санъаткор қайнона ролида келинига ич кийим масаласида дашном бермоқда. Яхшиям ён-веримда ҳеч ким йўқ экан. Бўлмаса, билмадим, ҳолим не кечарди?..
Лавҳани кўриб, уятдан қизардим. Оила даврасида – қиз, келинлар бир дастурхонда ўтирганда кўзи тушганлар ҳолини-ку, қўяверасиз энди. Ота-она олдида экранда йигит қизга севги изҳор қилган кадр намойиш этилганда фарзандлар уятдан жойидан туриб кетган халққа бундай бемаънилик тақдим қилинса-я? Уят ва ор-номусни устун қўядиган миллат учун бу даҳшатнинг ўзи, аҳмоқликдан бошқа нарса эмас.
Умуман, бунақа саёз ва расво фильмлар ишлаш кимнинг калласига келаркин? Шуларнинг ҳам ота-онаси, оиласи, яқинлари бормикин?! Наҳотки, уларга уят деган туйғу бегона бўлса?! Тағин ўзини худди оламшумул бир ишни қойиллатиб қўйгандек тутиши ортиқча.
Мана шу лавҳанинг тагига ёзилган изоҳлар билан танишиб чиқдим. Биронта ҳам ижобий фикр йўқ. Юмшоқроқ айтганда, аксарияти бўралатиб сўкишдан ҳам тоймаган. Ёзишмалар орасидаги «Ёшларнинг онгини бузаётган, маънавият ва маърифат душманларини узоқдан излаш шарт эмас. Буларни экранга чиқаришдан олдин кўрадиган экспертлар борми?» дейилган изоҳ бизни сериаллар борасида мулоҳаза юритишга ундади.
Бугун телеканалларни миллий сериалларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ҳатто биттаси тугамай, бошқаси бошланиб кетади. Қисқаси, уларни уй бекалари-ю болалар оилавий томоша қилишади. Улар орасида сериал қаҳрамонлари ҳаёти билан яшайдиганлар ҳам кам эмас. Лекин масаланинг кўз юмиб бўлмайдиган бир аммоси бор.
Муаммо шундаки, кенг омма эътиборига тақдим этилаётган бундай фильмлар аслида бизга нима беряпти? Уларнинг «тарбиявий аҳамияти» ва «ибрат бўладиган» томонлари вақтимизни сарфлашга арзийдими?
Афсус, ушбу саволлар бугун очиқ қолмоқда. Қуйида уларга баҳоли қудрат жавоб излаймиз.
Қусурлар – тақлид мевасими?
Катталарнинг ҳар бир қадами келажак ниҳоллари ҳисобланган ёшларга ўрнак ва тарбия вазифасини ўтайди. Шу ўринда ижтимоий тармоқларда «Тарбияни ким беради – сериалми ёки ота-она?» каби сўровларга кўзимиз тушади. Ёшлар тарбияси борасида кўплаб кўрсатувлар эфирга узатилади. Бироқ 20-30 дақиқалик эфир ўрнини айнан ойнаи жаҳон қаршисида жам бўлган вақтда сериаллар эгаллаётгани ачинарли.
Ҳозир телеканалларда «Тақдирлар», «Юрагим сеники», «Мен учун яша» каби қатор кўп қисмли картиналар намойиш этиляпти. Таассуфки, турли бўлмағур ҳақоратлар, оилавий жанжаллар, эрга ёки хотинга хиёнат каби саҳналар янгиликка ўч уй бекаларини ўзига боғлаб оляпти.
Биргина мисол. «Мен учун яша»даги оилавий зўравонлик, фарзанднинг отадан ўч олиши, ёши катта ҳисобчи аёлнинг ҳали уйланмаган йигитга ўйнаш бўлиши, энг ёмони, чет элга аммасиникига борган аёлнинг ўз поччасини йўлдан уриши билан боғлиқ воқеалар акс этган саҳналарга қандай чидаш мумкин? Актёрларнинг шевада гапириши эса она тилимизга бўлган ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.
Айниқса, мазмунан саёз, қасд олиш, қиз-жувонлар шаллақилиги, ўз мақсади йўлида қўрқитиш учун суицид тарғиб қилинаётгани ёшлар ҳаётига таҳдид соладиган энг жирканчли ҳолатдир.
– Айни кечки дастурлар кетма-кетликда турк, корейс, ҳинд ва бошқа сериаллар билан безалган. Болалар дарс қиладиган пайтда ота-оналар билан бирга уларни томоша қилишади. Исботини мактабдаги танаффус пайтидаги муҳокамаларидан билиш мумкин, – дейди ўқитувчи Мукамбар Орипова. – Ачинарлиси, кўпчилик қизларнинг хаёли сериалларда бўлиб қолган. Бу нафақат уларнинг тарбияси, балки таълим олишига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Чунки фильмлардаги турли бачкана қилиқ ва ахлоқсизликлар болаларни тез улғайтириб, тақлидчилик характерини шакллантирмоқда.
Баъзи сериалларни оила даврасида кўриб бўлмайди. Улар катталарнинг ҳам, ёшларнинг ҳам онгини заҳарлаб, ахлоқий бузуқлик, оилага, эрга хиёнат, ўзгадан фарзанд кўриш, ота-онага ҳурматсизликни тарғиб қилишдан бошқасига ярамайди. Одамлар телевизор кўрмай қўяётганининг боиси оила бир дастурхон атрофига жамланганда қўйилаётган сериаллар бўлса-чи? Ёки жамиятда тобора урчиб бораётган маънавиятсизликларга мана шу хонтахта фильмлар сабабчи эмасмикин? Уларни тегишли мутахассислар назорат қилиши, керак бўлса, экранга чиқармаслиги лозим эмасми?
– каналларнинг бири ибратли ҳаёт йўлини акс эттирса, иккинчиси бачкана клиплару менталитетимизга тўғри келмайдиган сериаллар намойиш этмоқда. Улар орқали миллий қадриятларимизга соя солаётган ёт иллатлар кириб келмоқда, урф бўлмоқда. Оилавий келишмовчиликлар, кимўзарга кийинишлар, хўжакўрсинга тўй қилиш, қимматбаҳо мебеллар олиш, қизнинг сепини халққа кўз-кўз қилиш, мол-дунёга муккасидан кетиш ҳам айнан турли миллат сериаллари ва роль ижро этаётган актёр-актрисаларнинг миллийлигимизга мос бўлмаган чиқишлари, енгилтабиат аёллар ҳаётининг акс эттирилиши оқибатидир, – дейди хотин-қизлар фаоли Муяссар Патхуллаева. – Фарзандига китоб ўқиб бериш, дарс қилдиришга вақти йўқлиги, тирикчиликдан ортмаётганидан нолийдиган ота-оналар сериал кўриш учун уни кўчага ҳайдайди ёки ёнига ўтирғизиб олишади. Она меҳри ва эътиборига муштоқ боланинг диққати экранга қаратилади. Бунинг оқибатида маза-бемаза гапларни тинглаб, катта бўлган қиз ёки ўғилнинг қулоғига турли сўкиш ва қарғишлар муҳрланиб қолади, уни амалда қўллайди.
Ҳа, бугунги кунда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг онгида маънавий бўшлиқ вужудга келмаслиги учун соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантириш долзарб масалалардан биридир. Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари, хусусан, телевидение муҳим роль ўйнайди. Телеканаллардаги кўплаб сериаллар эса, афсуски, юртдошларимизнинг миллий қадриятларимизга бўлган муносабатларини синдирмоқда, таҳқирламоқда. Баъзи хорижда ёки ўзимизда ишланган картиналар, бачкана клиплар ва шоулар ҳам шулар жумласидан.
Болалар нега китоб ўқимайди?
Ҳар бир инсон ўз фарзандига энг сара маҳсулотларни илинади. Не яхшилик бўлса, боламга бўлсин дейди. Шундай экан, томошабинларга сериалларнинг ҳам энг яхшиларини тақдим этиш лозим. Бунинг учун енгил-елпи ҳолатларга ўралашмасдан, ўзбекнинг менини, ориятини кўрсатадиган, томошабинда ғурур уйғотадиган, имонини тарбиялайдиган ёки бўлмаса, қийинчилик билан иш бошлаб, бугун қатор ютуқларга эришган, фаолиятини кенгайтириб, халқимизни иш билан таъминлаётган тадбиркорлар мавзулари танланса, нур устига аъло нур бўлар эди.
Бозорда 16 ёшлар чамасидаги бир қиз тинмай онасига ниманидир уқтираётгани эътиборимни тортди. Онаси қизига бир кийимни кўрсатар, унга бу ёқмай, нуқул «менга Ниҳонни олиб берасиз», деб жанжал қиларди. Ниҳон эса турк сериали – «Севги изтироби»нинг бош қаҳрамони.
Инсон ўз қаҳрамонлари билан фахрланишни, ғурурланишни истайди. Дилбандларимизни ҳам қаёқдаги сериал қаҳрамони эмас, ўзимизнинг Барчиной, Тўмарис, Нодирабегимлар мафтун этсин. Бунинг учун уларни экранга маҳлиё қилмай, китоб ўқишга қизиқтирайлик. Аввало, ўзимиз ўрнак бўлайлик!
Қадриятлар нега тарғиб қилинмайди?
Сериаллар кенг аудиторияга тез етиб боради, бу эса ижтимоий масалалар бўйича хабардорликни ошириш воситаси сифатида фойдаланилиши мумкин. У ҳиссий озуқа олиш ва кундалик ҳаётнинг стрессидан халос бўлиш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Улар орқали миллий киноиндустрия ривожланади, янги ижодкорлар, актёрлар ва сценаристлар майдонга чиқади.
Аммо бугунги телевидение ва ижтимоий тармоқларда намойиш этилаётган сериаллар ҳақида бундай ижобий фикрни айтиш мушкул. Чунки тарбиявий мазмуни заиф ёки маданиятимизга зид сериаллар оилавий ва ижтимоий муносабатларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларга ортиқча боғланиш одамларнинг қимматли вақтини беҳуда сарфлашига, маънавий ва илмий ривожланишдан чалғишига олиб келмоқда.
– Сериал кеча ёки бугун пайдо бўлган ҳодиса эмас. Дастлаб, ойнаи жаҳонда намойиш қилинган «Кўнгил кўчалари», «Шайтанат»нинг кейинги қисмини кўриш учун интизор бўлган катта авлод вакиллари билан кўп мулоқотда бўлганман. Ҳар бир образ тақдири, юриш-туриши, кийиниши, атрофдагиларига қилаётган муносабатигача эътибордан четда қолмаган. Баъзан ўзимнинг ёшликдаги шўхликларим сабаб бувимнинг «Асадбекнинг қизини қара, катталарни ёнида кўзини ерга тикиб туради, ўрган!», деганларидан сал ғашланганман, ҳатто! Ҳозир ўйлаб қарасам, инсон эшитганига эмас, кўрганига кўпроқ эргашар экан, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти таянч докторанти Хуршида Нишонова. – Сериаллар маданий, маънавий ва ижтимоий жиҳатдан турлича таъсир кўрсатади, бу уларнинг мазмуни, сифати ва мақсадига боғлиқ. У, аввало, ўзбек миллий қадриятлари, урф-одатлари, тарихи ва маданиятини кенг оммага тарғиб қилиши лозим. Бу ёш авлодда ўзлигини англаш ва миллий ифтихорни шакллантиришга ёрдам беради. Одамларни меҳр-оқибат, мардликка, ҳалоллик ва сабрга чақиради. Улар орқали ижтимоий муаммолар кўтарилиб, уларни ҳал қилиш йўллари кўрсатилиши мумкин.
Мақсад тижоратми?
Сериалнинг аҳамияти қандай мақсадларда яратилгани ва қандай мазмунни тарғиб қилаётгани билан ўлчанади. Агар жамиятни маънавий жиҳатдан бойитадиган, миллий қадриятларни ривожлантирадиган бўлса, у миллат тараққиётига хизмат қилади. Акс ҳолда, зарардан бошқа ҳеч нарса келтирмайди.
Бу масалада асосий масъулият ижодкорлар ва уларни назорат қилувчи тузилмалар зиммасига тушади. Томошабин сифатида эса контент танлашда эҳтиёт бўлиш муҳим. Ўзбек сериалларининг оила ва бола тарбиясига салбий таъсири бир қанча омилларга боғлиқ. Қуйида ушбу таъсирларни кенгроқ ёритамиз.
Ноўрин қадриятларни тарғиб қилиш: баъзиларида ўзбек анъаналарига зид бўлган хатти-ҳаракатлар, шахсий манфаатни биринчи ўринга қўйиш ёки оилавий муаммоларни манипуляция орқали ҳал қилиш каби мавзулар кўтарилади. Бу ёш томошабинларда нотўғри тасаввур уйғотиши мумкин.
Зиддиятли роллар ва қаҳрамонлар: кўпинча ижобий ва салбий роллар чегараси ноаниқ бўлади. Салбий қаҳрамонлар баъзан ўз мақсадларига эришаётганини кўрсатиш болаларга нотўғри ўрнак бўлиши мумкин.
Тарбиявий мазмуннинг сустлиги: қаҳрамонларнинг ижтимоий масъулиятсизлиги, оилавий қадриятларни эътиборсиз қолдириши ёки енгил ҳаёт тарзини тарғиб қилиши тарбияга салбий таъсир ўтказади.
Жанжалли мавзуларни кўпайтириш: кўпчилигида оиладаги жанжаллар ва тортишувлар ҳаддан ташқари ошириб кўрсатилади. Бундай тасвирлар ёш болаларда оилавий ҳаёт ҳақида салбий фикр шаклланишига олиб келади.
Ҳақиқий ҳаётдан узоқлик: қаҳрамонлар яшаётган ҳаёт реал воқеликлардан узоқ бўлади. Ёш авлод бундай образларни кузатиб, нотўғри хулосалар чиқариши ёки уларга ўхшашга уриниб, реал ҳаётда муваффақиятсизликка учраши мумкин.
Телеэкранга боғланиш: сериалларга ҳаддан ташқари боғланиб қолиш оила аъзолари ўртасида мулоқотнинг пасайишига, бола вақтдан унумли фойдаланмаслигига олиб келади. Бу эса тарбия жараёнига бевосита зарар етказади.
Миллий сериалларда маиший муаммолар кенг ёритилади, чунки бу мавзулар томошабинлар учун яқин ва долзарб ҳисобланади. Бироқ бундай ёндашув доим ҳам тўғри эмас. Ўйлаб чиқилмаган сценарийлар, саёз саҳна кўринишлари ва тижорат мақсадида яратилганлари ўзбек анъаналарининг чуқур мазмунидан четланиб, муаммоларни юзаки ёритяпти, энг ёмони, маданиятни қашшоқлаштирмоқда.
Нотўғри қарашлар шаклланмаяптими?
Сериалларда кўпинча оиладаги турли қийинчиликлар – молиявий муаммолар, қариндошлар ўртасидаги низолар, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги зиддиятлар тасвирланади. Кундалик ҳаётда кам учрайдиган ва ўта бўрттирилган воқеаларни кўрган томошабин эса буни беихтиёр ўз ҳаёти билан таққослай бошлайди. Табиийки, муаммоларнинг сунъий кескинлаштирилгани уларда ҳаётга нисбатан нотўғри қарашларни шакллантиради. Келин-куёв ёки қайнона билан боғлиқ муаммоларнинг бир томонлама, салбий контекстда кўрсатилиши оилавий низолар ечимидан кўра, уларни кучайтиришга хизмат қилаётгандек таассурот уйғотади…
Салим Абдураҳмонов, журналист
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0