Ногиронлиги бўлган шахслар санаторий-курортда бепул даволанадими?
Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш сиёсати мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Уларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва имтиёзлари борасидаги саволларга жавоб олиш мақсадида, Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжоновни суҳбатга чорладик.
— Меҳнат кодексида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари қай даражада ҳимояланган?
— Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасида меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги мустаҳкамланди.
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 21 декабрдаги ПҚ-57-сон қарорига мувофиқ:
2022 йил 1 январдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия берилиши;
ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилиши;
2022 йил 1 февралдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун туман (шаҳар) ҳокимларининг қарори билан белгиланган иш ўринларининг энг кам сони ва иш берувчилар томонидан иш ўринлари захирага қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотлар “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритиладиган бўш иш ўринлари миллий базасида акс этиб борилиши белгиланди.
Меҳнат кодекси 4-моддаси 3-қисмига кўра, меҳнат ва машғулотлар соҳасида ходимларнинг ҳуқуқларини меҳнатнинг муайян турига хос бўлган талаблар ёки юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (оилавий вазифаларни бажариш билан банд бўлган шахслар, вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар ва бошқалар) тўғрисидаги алоҳида ғамхўрлик билан боғлиқ ҳолда асосланган тарзда фарқлаш, истисно этиш, уларга афзаллик бериш, шунингдек, уларни чеклаш камситиш деб ҳисобланмайди.
Меҳнат кодексининг 119-моддасига кўра, ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишга йўл қўйилмайди. Қуйидагилар ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишдир: меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузиш ва бошқалар. Яъни ногиронлиги бўлган шахсни айнан ногиронлик белгисига кўра ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишга йўл қўйилмайди.
— Ногиронлиги бўлган шахслар билан меҳнат шартномасини тузишда нималар эътиборга олиниши зарур?
— Меҳнат кодексининг 96-моддасига кўра, ногиронлиги бўлган шахслар аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари жумласига киради ва давлат уларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.
Ногиронлиги бўлган шахсларга “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланган иш ўринларининг энг кам сони ҳисобидан захирадаги иш ўринларига маҳаллий меҳнат органлари йўлланмасига кўра ишга жойлашиш кафолатланади. (МК 423-моддаси).
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ходимларининг сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун ходимлар умумий сонининг камида 3 фоизи миқдорида иш ўринларининг энг кам сони белгиланади. Масалан, 100 нафар ходим ишлайдиган ташкилотда (мулкчилик шаклидан қатъи назар) камида 3 та иш ўрни ногиронлиги бўлган шахслар учун банд қилиб қўйилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарорига
1-илова 6-7-бандларига кўра, ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони 20 нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар ҳар йили:1 августдан кеч бўлмаган муддатда лавозимларни ҳисобга олган ҳолда келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сонини белгилайди;
15 августдан кеч бўлмаган муддатда келгуси йил учун иш ўринларининг захирага қўйиладиган умумий сони тўғрисидаги маълумотларни тегишли шакл бўйича туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этади.
— Иш соатлари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз…
— I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсияларига мувофиқ белгиланади, лекин олти кунлик иш ҳафтасида — олти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида — етти соату ўттиз дақиқадан ортиб кетмаслиги керак (МК 427-моддаси).
Демак, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга 6 кунлик иш ҳафтасида 6 соатдан ва 5 кунлик иш ҳафтасида 7,5 соатдан ортиқ бўлмаган иш вақти белгиланиши зарур.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларнинг меҳнатига иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ҳақ тўлаш тегишли касб ва лавозимлардаги ходимларга тўлиқ иш вақти давомийлигидаги миқдорда амалга оширилади (МК 431-моддаси).
— Ногиронлиги бор шахсларнинг меҳнат таътили, хизмат сафарига юбориш масалалари борасида ҳам маълумот берсангиз…
— Ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатидан уларга соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлган ишларда фойдаланиш тақиқланади.
Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлиқсиз иш вақти режими тўғрисидаги, юкламани камайтириш ҳақидаги ва меҳнатнинг бошқа шарт-шароитлари тўғрисидаги тавсиялари иш берувчи томонидан бажарилиши мажбурийдир (МК 424-моддаси).
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга давомийлиги камида 30 календарь кундан иборат йиллик меҳнат таътили берилади ва улар бу таътилдан йилнинг ўзлари учун қулай бўлган вақтида фойдаланиши мумкин (МК 218 ва 429-моддалари).
Ногиронлиги бўлган ходимларни хизмат сафарига юборишга, тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ҳамда дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилишга фақат уларнинг розилиги билан, агар ушбу ходимлар учун бундай ишлар тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси тавсияларида тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади. (МК 428-моддаси).
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун уларнинг хоҳиши бўйича 6 ой ўтмасдан олдин берилади (МК 227-модда 3-қисми).
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг хоҳишига кўра иккинчи ва кейинги иш йиллари учун ҳар йилги меҳнат таътили қулай бўлган вақтда берилиши керак (МК 228-модда 4-қисми ).
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг хоҳишига кўра, ҳар йили 14 календарь кунга қадар иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил (“без содержание”) берилади. Бу ҳолатда иш берувчи билан келишув шарт эмас (МК 242 ва 430-моддалари).
Диққат! Эътибор берган бўлсангиз иш вақтининг қисқартирилган муддати, йиллик узайтирилган асосий таътил, иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил бериш ва бошқа айрим кафолатлар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга тақдим этилган.
Диққат! III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам корхонанинг меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларида қўшимча ҳуқуқлар ва кафолатлар назарда тутилиши мумкин (МК 13-моддаси).
Ногиронлиги бўлган шахслар фақат дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ўтганидан кейин ишга қабул қилинади ва кейинчалик ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиб турилиши лозим.
Ушбу Кодекснинг 360-моддасида назарда тутилган ногиронлиги бўлган шахсларнинг мажбурий тиббий кўриклари иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади (МК 426-модда).
— Ногиронлиги бор ходимларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш юзасидан қонунчиликда алоҳида эътибор қаратилганми?
— Албатта. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни кузатиб борувчи шахсга бепул санаторий-курорт йўлланмалари берилади. Меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги туфайли I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, I ва II гуруҳ болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар автомобиль бензини сотиб олишга харажатларнинг бир қисми учун ойлик пул компенсацияси тўланади.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар тиббиёт муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 51-1-моддасига кўра (Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш), ногиронлиги бўлган шахсларга бинолардан, иншоотлардан, транспортдан, ахборотдан ва алоқа воситаларидан, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологиялари ва тизимларидан монеликсиз фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, меҳмонхоналарнинг мулкдорлари томонидан умумий хоналар фондининг камида битта хонасини ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай тарзда жиҳозлаш бўйича талабларни бажармаганлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0