Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 803.0626

  • EUR

    13 902.84-17.77

  • RUB

    131.840.4

+3C

+3C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+3c

  • Hozir

    +3 C

  • 05:00

    +2 C

  • 06:00

    +2 C

  • 07:00

    +1 C

  • 08:00

    +3 C

  • 09:00

    +7 C

  • 10:00

    +13 C

  • 11:00

    +16 C

  • 12:00

    +18 C

  • 13:00

    +19 C

  • 14:00

    +19 C

  • 15:00

    +20 C

  • 16:00

    +19 C

  • 17:00

    +17 C

  • 18:00

    +15 C

  • 19:00

    +13 C

  • 20:00

    +12 C

  • 21:00

    +8 C

  • 22:00

    +7 C

  • 23:00

    +6 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Juma, 18-October

+3C

  • Hozir

    +3 C

  • 05:00

    +2 C

  • 06:00

    +2 C

  • 07:00

    +1 C

  • 08:00

    +3 C

  • 09:00

    +7 C

  • 10:00

    +13 C

  • 11:00

    +16 C

  • 12:00

    +18 C

  • 13:00

    +19 C

  • 14:00

    +19 C

  • 15:00

    +20 C

  • 16:00

    +19 C

  • 17:00

    +17 C

  • 18:00

    +15 C

  • 19:00

    +13 C

  • 20:00

    +12 C

  • 21:00

    +8 C

  • 22:00

    +7 C

  • 23:00

    +6 C

  • Juma, 18

    +3 +20

  • Shanba, 19

    +4 +20

  • Yakshanba, 20

    +6 +20

  • Dushanba, 21

    +9 +20

  • Seshanba, 22

    +12 +20

  • Chorshanba, 23

    +10 +20

  • Payshanba, 24

    +7 +20

  • Juma, 25

    +3 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Қўш устунимнинг бири (8-қисм)

Ушбу битикларимни онам – Қумрихон Абдулҳамид қизи хотирасига бағишлайман.
216 13:30 | 16.10.2024 13:30

Онамнинг эртаги


Болалик кезларим онамдан кўп эртак эшитганман. Баъзиларини қайта-қайта тинглаганман. Бироқ бешафқат йиллар ўз ишини қилган, ҳозир аксарияти ёдимда йўқ. Фақатгина биттаси хотирамга аввал-охир муҳрланиб қолган. Ҳолбуки, уни онам менга бир марта, атиги бир мартагина сўзлаб берган...


...Билмадим, ўшанда неча ёшда эдим – бешдами ё олтида?.. Ҳар қалай, ҳали укам ва кичик синглим туғилмаганди. Мен мактабга қатнамасдим, ҳарф танимасдим. Яна эсимда бори – қирчиллама қиш эди. Борлиқни қалин қор босган, шамол қутуриб, бўрон авжига чиққанди. Шундай қаҳратонда отам акаларимни ёнига олиб, тонгсаҳар Ўратепага йўл олганди. Кейинчалик билсам, қўшни Тожикистонга қарашли бу шаҳар бизнинг қишлоғимиздан 50-60 чақиримча нарида жойлашган экан. Отам ўша ерда бир неча кун бўлиб, ўзининг таъбирича, ,,Иликузилди дамларда коримизга яраб қолар деган ниятда тишининг кавагида” асраган олма-аноримизни сотгани кетганди. Уйда онам, яқинда тетапоя бўлган катта синглим ва мен қолгандим.


Қиш кунлари – бир тутам, тунлари эса узундан-узун!


Қош қорайгани ҳамоно учовлон сандал атрофига жам бўламиз. Биргалашиб овқатланамиз. Кўп ўтмай, синглим мудрай бошлайди. Онам уни бешикка белаб, алла айтади. Синглим бешикнинг бир маромда тебраниши-ю, алла оҳангига маст бўлиб бир зумда ухлаб қолади. Мен эса, мижжа қоқмайман. Сандал четида чалқанча ётиб, уйимизнинг чироқ нури тушаётган йўғон харисига, ҳар ер-ҳар ерида қамишлари осилиб турган вассажуфтли шифтига тикилганча, онам тезроқ ёнимга келишини кутаман. Дардим ўзимга аён – ҳар доимгидек эртак эшитиш!..


Аммо онам ётишга шошилмайди. Синглим ухлаганига ишонч ҳосил қилгач, бешик устини қалинроқ ёпиб, дастурхонни йиғиштиришга киришади. Овқатдан бўшаган идишларни кўтариб, ошхонага йўл олади. Ўша ерда қозон-товоқ ювиб, узоқ куймаланади. Сўнгра ичкарига кириб, отамнинг деворқозиққа илиб қўйилган тўнини қўлига олади-да, харига боғланган йўғон симга осиқлиқ шиша чироққа яқин ўтиради. Амаллаб нинага ип ўтқазгач, чопонни тиззасига қўйиб, енгини ямашга тутинади.


Мен уни зимдан кузатаман: назаримда, кайфияти тушкунроқ. Чеҳраси сўлғинроқ. Боши қуйи солинган. Киприклари ўйчан эгилган. Қўли ишда-ю, хаёли бошқа ёқда. Мени буткул унутиб юборгандай, ўзи билан ўзи овора. Ўқтин-ўқтин кўксини тўлдириб чуқур нафас олади, ортидан оҳиста хўрсиниб қўяди...


Ахийри, сабрим чидамайди. Қандай бўлмасин, унинг диққатини ўзимга жалб этишга уринаман.


– Опа, – дейман ҳамон чалқанча ётган кўйи товонимни бозиллаган сандал чўғига тобларканман, – эртаклар қандай яратилади?


– Нима? – Онам чўчиб тушади. Тикишдан бир зум тўхтаб, елкаси оша менга қарайди. – Ие, ҳалиям ухлаганинг йўқми, болам? – дейди таажжуб аралаш. – Вақт алламаҳал бўлди-ю...


Мўлтираб ётганимни кўриб, ниятимнини англагач, мулойим кулимсирайди. Мени катталар қатори кўриб, эринмай тушунтира бошлайди.


Эртаклар, – дейди ётиғи билан сўзлаб, – одамзоднинг энг яхши орзу-тилакларидан, ушалган-ушалмаган армонларидан туғилади. Охири доимо яхшилик билан тугайди. Шунинг учун ҳам сира эскирмайди. Тушундингми, ўғлим!


Мен “Ҳм-м”, дейману, барибир, болалигимга бораман. Ҳарчанд ўйламай, онамнинг гаплари мағзини чақолмайман. Бошим ғувиллаб кетганидан тескари ўгирилиб, ерга қараб ётиб оламан.


Ўзи, шу... – дейман тирсакларимни лўлаболишга, иягимни иккала кафтимга тираганча, – эртакларни ким тўқийди?


– Ким бўларди, сану манга ўхшаган одамлар-да...


Онам ипни тишларида қимтиб узади. Солган ямоғини чироқ ёруғига тутиб, кўздан кечиради. Кўнгли тўлади шекилли, тўн барини ҳафсала билан текислайди. Уни тахлаб, сандал устига қўйгач, тиззаларига таяниб, қаддини ростлайди. Айни лаҳза сояси катталашиб, шифтда аксланади. Товуши алланечук йўғонлашади.


– Эртакларни, – дейди белини уқаларкан, алоҳида урғу бериб, – бисмиллосига кимдир бошлаб беради. Кейин иккинчиси, ундан кейин учинчиси-тўртинчиси ўзидан қўшиб-чатади. Шу зайл бир-бировини тўлдириб-тузатиб, яхлит ҳолга келтиради. Яхшиликка ташна одамлар уларни бир-бирларига айтиб, ўзлариниям-ўзгаларниям овунтириб юрадилар. – Нинани бармоғи учида кирпечга санчаркан, онамнинг овози майинлашади. Ишқилиб, бу дунёда ҳар қайси халқнинг, ҳар қайси юртнинг ўз чўпчаги бўлади.


Бу гапни тинглаб, онамнинг ўзидан эшитган эртакларим ёдимга тушади.


– Унақада анави ,,Ёрилтош”, ,,Уч оғайни ботирлар”, ,,Муқбил тошотар”, ,,Зумрад ва Қиммат”, ,,Эчки билан бўри”лар кимники? – дейман астойдил қизиқиб.


– Улар ўзимизди ўзбек эртаклари ҳисобланади...


Онам гап орасида уй ўртасига бориб, чироқ пилигини пасайтиради. Нимқоронғилашган хонага сирли сукунат чўкади. Ташқарида шамол увиллайди. Дарча ойнасига қор учқунлари чирсиллаб урилади. Эшик бетиним ғижирлайди. Хона шифтида алланечук ваҳимали шарпалар пайдо бўлади. Хаёлимда худди шу лаҳза уйимизга гурзи кўтарган бир кўзли баҳайбат дев бостириб киргандек бўлади. Кенжа ботирнинг якка ўзи унга пешвоз чиқади. Иккови ўртасида ҳаёт-мамот жанги бошланади. Дев оғзидан олов пуркайди. Кенжа ботир қилич сермайди. Кураш аёвсиз тус олади. Сутдай оппоқ, тиниқ нур сочаётган тўлин ой бундан огоҳ топиб, чўчиб тушади. Хавотирланганча шошиб пастга энади. Дарчамиз пештоқига келиб қўнади-да, ичкарига ҳайрон-ҳайрон мўралайди. Обкаш кўтарган қизалоқ даҳшат ичра қотиб қолади. Аввалига бандидан узилган япроқдек дағ-дағ қалтирайди, дев Кенжа ботирга ташланганида эса қўрққанидан изиллаб йиғлаб юборади...


Хаёлимда жонланган бу манзаралар юрагимга ваҳм солади. Шифтга қарашдан қўрқиб, кўзларимни чирт юмаман. Апил-тапил кўрпа остига шўнғийман. Онам ёнимга келиб чўзилиши биланоқ, пинжига суқулиб, уни маҳкам қучиб оламан. Ўзимни бир оз босиб олгач, бояги сўзларини эслайман.


– Опа, – дейман кўрпа остидан қия мўралаб, бизди Бекобод ҳақидаям эртак борми?


– Албатта! – Онам менинг хаёлимдан нималар кечаётганини, шифтга қарашдан чўчиётганимни сезмайди. Ҳар бир ошённинг, – дейди бамайлихотир тилга кириб, – ўзига яраша кечмиши бўлади. Бекобод тўғрисида жа эртак бўмасаям, шунга яқинроқ ривоятлар талайгина.


Мен қувониб кетаман. Ҳовурим босилиб, кўнглим ширин орзиқади. Бошимни кўрпадан дадилроқ чиқариб, ялинаман:


– Унақа бўлса, бирортасини айтиб бери-и-инг...


Ўйлаганимдек бўлади, онам раъйимни қайтармайди.


– Хўп, бўпти, – дейди менга яқинроқ сурилиб. – Кўзингни юмиб жимгина ёт-да, қулоқ сол! – У меҳри товланиб, енгилгина томоқ қиради. – Бир замонлар Сирдарё ҳозиргидек оддий дарё эмас, роса катта денгиз бўган экан...


Мен томорқамиз адоғидаги жарни, унинг тагидан пишқириб оқадиган дарёни кўз ўнгимга келтираман. Аммо денгиз нималигига ақлим етмай, онамнинг гапини оғзидан оламан:


– Денгиз дейсизми?.. Нима у?..


– Уни мен ҳам кўрмаганман. Аммо бир нечта дарёнинг суви қуйиладиган, ҳовузга ўхшаган роса катта жой шунақа ном билан аталишини эшитганман. – Онам саволимга қисқача жавоб бергач, аввалги гапини давом эттиради. – Хуллас, ҳозир биз яшаётган жойлар қадим-қадимда Сирдарёнинг ўзани ҳисобланган. Бошдан-оёқ нуқул инсон қадами етмаган кўллару тўқайзорлардан иборат бўган. Ҳар кўлларки, тубида нақ уйдай-уйдай наҳанглар, юзасида туядай-туядай ўрдаклар сузиб юрган. Ҳар тўқайларки, куппа-кундузи бўрилар увлаган, тулки-шақоллар тинмай изғиган. Йўлбарслар, тўнғизу бўрсиқлар ҳам тез-тез учраб турган. Бора-бора дарё кичрайган. Асов тўлқинлар ювош тортган. Кўллар қуриган. Тўқайлар қақраган. Парранда-ю даррандалари қирилиб, чор атрофи ҳувиллаган биёбонга айланган. Ўнг қирғоққа ёндош ерлар Далварзин дашти, сўл тарафидагилар Мирзачўл деб аталган. Сал юқорироқда Куркат деган қалъа бўган. Унда Ширин исмли бўй етган, ғоят гўзал малика яшаган. У ниҳоятда доно-зукко, ақлли ва халқпарвар қиз экан. Шунданми, ошиқлари бисёр экан. Лекин малика турмуш қуришга ошиқмас, кўпроқ чўлларга сув чиқариш тўғрисида қайғураркан.


Шу ниятда бир куни элга жар солдиртирибди. ,,Кимда-ким мен айтган юмушни уддаласа, ўшанга суюкли ёр бўламан,” дебди. Бу гап шу ерлик Фарҳод исмли паҳлавон йигитга ҳам бориб етибди. У Ширинга зимдан кўнгил қўйиб юрган экан. Энди фурсатни ғанимат билибди. Дарёга банд солишга, беҳуда оқиб ётган сувни саҳро томон буришга астойдил бел боғлабди. Олмосдек кескир пойтешасини обдон чархлабди. Тўғон қуриш учун дарёнинг энг тор қисмидан жой танлабди. Унинг ёнбошидаги осмонўпар тоғ харсангларини сариёғдек кесиб-қўпориб, парчалашга тушибди.


Маликанинг қаллоб харидори – Фарҳоднинг айёр рақиби Хисравшоҳ эса, хиёнаткорона йўл тутибди. Шотирларига дарё зийидан чўлнинг қоқ киндигига қадар оқ-ялтироқ бўйралар тўшаб чиқишларини буюрибди. Амри вожиб бўлгач, Ширинга чопар жўнатибди. “Эй, паризоди олам, шартингни бажардим. Ишонмасанг, хуфтон чоғи кўшкингга кўтарилиб, этакка разм сол!” деган хабар етказибди.


Макр-ҳийла нималигини билмаган малика унинг истагини бажо келтирибди. Қараса, ҳақиқатан ҳам, чўлу даштларга оби ҳаёт таралаётганмиш. Аммо у тун қоронғусида бир нарсани пайқамабди. Бу аслида сароб эканлигини, оқ-ялтироқ бўйралар майин эсган шамолда беозор тебранаётганини, ой шуъласида худди сув жимирлаб оқаётгандек товланаётганини хаёлига ҳам келтирмабди. Лафзига содиқ қолиб, шу заҳотиёқ Хисравга тегишга розилик билдирибди. Тонг ёришар-ёришмас, тўй-томоша бошланиб кетибди. Шириннинг шошқалоқлигидан огоҳ топган Фарҳод аламига чидай олмабди. Ўзини баланд чўққидан пастга ташлаб, ҳалок бўлибди. Эрталаб малика ҳам алдаганини билибди. Номус – ўлимдан кучли! Орияти устун келиб, ўзини дарёга отибди. Тилсиз ёв азалий ҳунарини кўрсатибди. Кўз очиб-юмгунча уни комига тортибди...


Онамнинг овози сусаяди. Сусая-сусая, жимиб қолади. Ора-чира эснаётгани қулоғимга чалинади. Мен хавотирга тушиб, бетоқатланаман.


– Ундан кейин нима бўпти? – дейман юрагим увишиб.


– Нима нима бўпти? – уйқусирай бошлаган онам каловланиб сўрайди.


– Чўлларга сув чиқибдими?


Ҳа-я, онам йўқотган калавасининг учини топган одамдай, мамнун бош ирғайди. – Чиқибди. Аммо маликанинг орзусини кейинчалик ҳар ишга қодир оддий халқ амалга оширибди, дейди шикаста жилмайиб. Улар Ўратепа беклари кўмагига таянибдилар. Дарёни Фарҳод чамалаган қисмидан бўғиб, қақроқ чўлларга сув чиқариб, уларга жон бағишлабдилар. У қирғоқни бу қирғоққа боғловчи кўприк солибдилар. Дарёнинг икки соҳилида қўрғон тиклабдилар. Мавриди келиб, уларнинг авлодлари ГЭС қурибдилар. Кулбаларга зиё улашибдилар. Қўрғончани Бекобод, ГЭС билан ҳалиги қояни Фарҳод деб атабдилар. Тоғ пойидан ирмоқланувчи сойни-ю рўпарада чирой очган янги қишлоқни Ширин дея номлабдилар. Шундай қилиб, афсоналарда бир-бирининг васлига муштоқ бўлган ошиқ-маъшуқлар ёнма-ён қад ростлабдилар. Эл наздида, улар мурод-мақсадларига етибдилар...


Онам ривоятини якунлаб, менга юзланади:


– Мани билганларим шу холос... Энди-чи, дам олайлик, маъқулми? Кеч бўп кетди, эрталаб барвақт туришимиз керак.


У гап орасида камзулини ечиб, енгларини шимаради. Дуррасини маҳкамроқ танғиб, ухлашга чоғланади. Мен бирпасда шунча нарсани билиб олганимдан хурсанд бўламан. Ҳаво очиқ пайтлари ҳовлимиздан кўриниб турадиган олисдаги тоғларни, шаҳар томондаги қувурларидан эрта-кеч мудом қоп-қора тутун бурқсийдиган катта ва ббаланд иморатни, тунлари электр чироқлари равшан жилоланадиган ГЭСни тасаввуримда жонлантириб, бениҳоя ғурурланаман. Онамдан эшитганларимни эртасигаёқ ўртоқларимга айтиб бериб, ҳаммасини қойил қолдиришни кўнглимга тугиб қўяман.


– Опа, – дейман кейин шодон суюнчилаб, – катта акам Сирдарё дунёдаги энг узун дарё, дейди. Шу тўғрими?


Тўғри! – Онам чуқур хомуза тортаётиб, сўзимни маъқуллайди. – Аканг рост айтибди: ,,Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига!” Уқдингми?.. Унда бугунча етар, кўп эзмаланмай ухла энди!


Мен ,,Хўп!” деб кўзимни юмаман. Бироқ ухлаш қайда?.. Зум ўтмай, яна онамнинг елкасидан тортқилайман:


– Опа, сиздиям ўзийиз тўқиган эртагингиз борми?


Бор, – мудрай бошлаган онам истар-истамас жавоб қайтаради. – Нимайди?


– Бўса, униям айтиб беринг.


– Оббо! – Онам норози қиёфада юзини буриштириб, қошларини чимиради. Илтимосимга кўнмай, баҳона қидиради. – Мани эртагим сираям қизиқмас. Айтганим билан фаҳминг етмайди. Яхшиси, каттароқ бўлганингда эшитарсан... – дейди зорлангудек бўлиб.


Мен ўжарлигимдан қолмай, баттар қисталанг қиламан:


Қизиқ бўмасаям, тушунмасамам, майли, ҳозир айта қолинг, жо-он опа!..


– Хаҳ, қайсарлигинг ҳам бор бўлсин, болам, тутган жойингдан кесмагунингча қўймас экансан-да.


Чамамда, онамнинг энсаси қотиб, уйқуси қочади. Бошини кўтариб, ёстиққа ёнбошлайди. Аммо ҳадейишда эртагини бошламайди. Нимадандир иккилангандай, ҳазин ўйга ботади. Мен маҳтал бўлиб ётавераман.


– Эмасам, диққат билан эшит! – дейди анчадан сўнг қатъий қарорга келиб. – Бири бор экан, бири йўқ экан. Бири оч экан, бири тўқ экан. Узоқ ўтган замонда, кунчиқар томонда гуллаб-яшнаган сарзамин бор экан. Номи Серқуёш ўлка экан. Бир чеккаси баланд-баланд тоғларга, қибла тарафи ям-яшил воҳаларга уйқаш экан. Ариқларида сув ўрнида шарбат оқар, боғларида мева ўрнига бол етиларкан. Ер ости-ю ер устининг турган-битгани бойликлардан иборат экан. Хуллас, нақд жаннатмакон маскан экан. Одамлари пок-ҳалол, аҳил-иноқ яшарканлар.


Буни қорли тоғлар ортидаги, қалин-қалин ўрмонлар бағридаги Совуқ ўлка подшолари ҳам яхши биларканлар. Улар Серқуёш ўлкадагиларга ҳасад кўзи билан қарарканлар. Қачон бўлмасин, бу юртни босиб олиб, одамларини қулга айлантириш, бебаҳо бойликларига эга чиқиш пайида юрарканлар. Шу мақсадда бот-бот ҳужум уюштирибдилар. Лекин қабиҳ ниятларига етолмабдилар. Охири энг нозик, энг қалтис усулни қўллабдилар. Серқуёш ўлкага айғоқчиларини йўллашга аҳд қилибдилар.


Айғоқчилар аввалига маҳаллий аҳоли тилини, урф-одатини ўрганибдилар. Сўнгра савдогару сайёҳ ниқобида Серқуёш ўлкага кириб келибдилар. Шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қищлоқ изғиб, оми-тўпори одамларни тўғри йўлдан урибдилар. ,,Нима учун бир ҳовуч бойлар егани олдида, емагани ортида деганларидек, тўқ-фаровон яшаб, даври даврон сурадилар-у, қишин-ёзин қора терга ботиб ишласангиз-да, сизларнинг косангиз оқармайди?” дебдилар. “Ҳамма бало ўзларингизнинг бўш-баёвлигингизда, ҳақ-ҳуқуқингизни билмаслигингизда,” дебдилар. Агар бизга эргашсангиз, сизларга бахт-иқбол келтирамиз. Қонхўр хону амирларни, золим бойларни йўқотиб, барчани баробар қиламиз,” дебдилар. Истасангиз, Худоингиз нариги дунёда ваъда этган беҳиштни Ер юзининг ўзидаёқ барпо этамиз,” дебдилар.


Шоли курмаксиз, карвон хатосиз бўлмайди. Дарахтни ичидан қурт кемирмаса, мўрт келмайди. Айрим лақмалару юртдан чиққан хоин-сотқинлар кечириб бўлмас гуноҳга ботибдилар. Яқиндаги жигардан узоқдаги қуйруқни афзал кўрибдилар. Ғаламислар иғвосига лаққа тушиб, босқинчиларни қўллаб-қувватлабдилар. Пайт пойлаб, хону амирларни тахтдан ағдариб ташлабдилар. Бу ҳам етмагандай, андаккина ўзига тўқ одам борки, барини муштумзўр-қулоққа йўйибдилар. Хоҳласалар, уларнинг мол-мулкларини тортиб олиб, ўзларини зиндонбанд қилибдилар. Хоҳласалар, бегуноҳ бола-чақаларини ҳам қўшиб, борса-келмас ерларга бадарға қилибдилар. Жиндай эътироз билдирганларни халқ душмани ҳисоблабдилар. Йўқдан бор ясаб, ўлимга буюрибдилар.


Охир-оқибат зулм ғалаба қозонибди. Серқуёш ўлкага фалокат дорибди. Не-не гўзал гўшалар вайронага айланиб, сайроғи бехосият бойўғлиларга макон бўлибди. Элдан файз-барака, рўзғордан ризқ-насиба қочибди. Одамлар ўртасига совуқлик тушиб, ўзаро меҳр-оқибат йўқолибди. Бола отага қўл кўтарибди, ини оғага қурол ўқталибди. На насл-насабини тан оладиган қаттоллар, на киндик қони тўкилган тупроқни қадрлай биладиган баттоллар кўпайибди. Қирғинбароту парокандалик кучайгандан-кучайибди. Гўёки ўрмонга ўт кетиб, ҳўлу қуруқ баравар ёнибди...


Эртак шу ерга етганда синглим уйғониб йиғлайди. Онам бешик тебратиб алла айта бошлайди. Овози сокин-ғамгин янграйди. Чироқ ожиз милтиллайди. Танҳоликдан зерикиб, муз қотган ой секин осмонга ҳаволанади. Шамол забтига олади. Томда алланима тарақлайди. Бўғотда мушук зор-зор миёвлайди. Эшик аввалгидан-да аянчлироқ ғижирлайди. Игнадай тирқишидан туядай совуқ ёпирилади. Чўғи ўчган сандал совий бошлайди.


Мен этим жунжикиб, ғужанак бўлиб оламан. Дамимни ичимга ютиб, хаёл сураман. Нуқул Серқуёш ўлкани ўйлайман. Унинг одамлари қисматига ачинаман. Ўзгалар юртига ғорат келтирган босқинчилардан, болани отага, укани акага қайраган жосуслардан, уларнинг ноғорасига ўйнаган сотқинлардан нафратланиб кетаман. Синглимнинг пишиллаши қулоғимга чалингач, маънодор йўталаман. Онам ниятимни англайди. Эртагини узилган жойидан улайди.


– Бало-қазога гирифтор бўлганлар орасида, – дейди бошимни силаб, – пайваста қош, барваста қомат, диндан бир оз хабардор норғул йигит ҳам бор экан. У қирга буғдойини сепиб, яйловга чорвасини ёйиб, бировга зиён-заҳмати тегмай, тинчгина кунини кўриб юраркан. Баногоҳ унинг ширин ошига пашша тушибди. Орага рашк балоси аралашибди. Рашкка хусумат доялик қилибди. Бунга етти ёт бегоналармас, ўзининг даҳрийлар сафига ўтиб кетган болаликдаги дўсти сабабчи бўлибди. У ёшлигида йигитнинг хушрўйгина рафиқасига ҳали турмушга чиқмасидан олдин совчи юборгану, бироқ рад жавобини олиб, доғда қолган экан. Энди олатасирдан фойдаланиб, ўч олмоқни дилига тугибди. Ўртоғи устидан бир дунё ёлғон-яшиқ тўқиб, махфий маҳкамага чақув хати йўллабди.


Шу баҳона, йигит бечорага орқаваротдан ноҳақ айб тақашибди. Уйида илоҳий китоб сақлаган одам, адирда боғи, қўрасида саккиз туёқ моли бор мулкдор сифатида сургун қилишни кўзлашибди. Иймони бут бир киши бу бедодликка бефарқ қаролмабди. Ярим тунда унинг эшигини қоқибди. ,,Навбат санга етди-ёв... Яшашни истасанг, қочиб қол!” дея шипшитибди.


Йигит фурсат ғаниматида кўч-кўронини аравага юклабди. Хотинини, бола-чақасини уйғотиб, дарҳол овулни тарк этибди. Қирдан қуйига эниб кетаверибди, кетаверибди. Йўл юрибди, йўл юрса ҳам, мўл юрибди. Тоғу тошлардан ўтибди, дала-даштлардан ошибди. Юриб-юриб, охири тентак шамол яйраган азим дарё ёқасидан чиқиб қолибди. Ён-верига мундоқ разм солса, бу қирғоқ одам юрса оёғи, қуш учса, қаноти куядиган саҳрога туташиб кетганмиш. У қирғоқда аждаҳо кирса, бадар кетадиган ботқоқлигу чангалзорлар ястаниб ётганмиш. Кафтдек ялангликда эса, ўзига ўхшаган бир гала одам уймалашиб ётганмиш. Улар ҳар жой-ҳар жойга капа тикиб ва калхоз тузиб, тўқайларни экинзорларга айлантираётганмишлар.


Йигит, таваккали Худо, дея шу ердан қўним топибди. Лой қориб, уй қурибди. Кўп қатори тер тўкиб, ер ўзлаштирибди. Қўш ҳайдаб, чигит экибди. Заҳмат чекиб, хирмон яратибди. Меҳнатсеварлиги, уддабурронлиги туфайли эл аро обрў-эътибор орттирибди. Одамлар унга катта ишонч билдириб, ўзларига бригадир этиб сайлашибди.


Машойихлар билиб айтишади: ,,Ҳар қандай дарднинг давоси – вақт!”. Ҳа-ю ҳайт дегунча, орадан ойлар ўтибди. Бир-бирини қувлаб, йиллар ўтибди. Эски яралар битиб, гина-кудуратлар унутилибди. Йигит ғам-андуҳларини эсидан чиқарибди. Жабр-жафолардан қутулиб, тинч-хотиржам ҳаёт кечира бошлабди. Аммо...


Онам бирров тин олади. Чироқнинг хира нурида юзимга синчков тикилади. Эртакни мижжа қоқмай, берилиб тинглаётганимга ишонч ҳосил қилгач, яна тилга киради:


– Афсус, минг афсус, камбағални туянинг устидаям ит қопиши ҳаққи рост экан. Иттифоқо, кеч кузнинг ёғинли-сочинли кунларидан бирида қишлоққа эгнига қора рангли узун чарм камзул, оёғига нағал пошнали хром этик кийган, белига тимқора ғилофли наган таққан бадқовоқ, нигоҳлари ўта совуқ одам кириб келибди. Калхоз идорасида бригадирни холи учратиб, ўзини таништирибди. Уни кўрибоқ, бригадирнинг ранг-рўйи қув ўчибди. Юраги шув этибди. Лаб-даҳани осилиб, ич-ичидан зил кетибди.


Бадқовоқ меҳмон пинак бузмабди. Авзойини ўзгартирмабди. Папкасидан битта сарғайган сурат чиқарибди. Сарғимтил ўлик кўзларини дам суратга, дам бригадирга қадаб, сўрабди:


– Бу ким?


Бригадир бояқиш нимаям қилсин?.. Бир боқишдаёқ ўз сиймосини танибди. Ғазабданми-ҳаяжонданми, манглайи тиришиб, беихтиёр муштлари тугилибди. Лаблари пирпираганча, тескари ўгирилибди. Нигоҳини ерга қадабди. Шу кўйи “Ўзинг ҳаммасини кўриб-билиб турибсан-ку, яна нимасини сўрайсан, иблис!” дегандай, бир нуқтага тикилганча, мум тишлаб ўтираверибди.


Бадқовоқ меҳмон отдан тушсаям, эгардан тушмабди.


– Тўғри, – дебди бригадирнинг дилидан кечган ҳадикни уққандай, – биз бор ҳақиқатни ойдинлаштирдик. Сизнинг номингиз палон йили қулоқлар рўйхатига тиркалган. Жуфтакни ростлаб қолганингиздан кейин эса, отувга ҳукм қилингансиз. Далил керак бўлса, марҳамат!


У уч киши имзолаган, бор-йўғи икки калимадан иборат бир энликкина ҳукмномани бригадирнинг олдига сурибди. Бригадир қоғозга бирров кўз қирини ташлабди-ю, дор остига олиб кетилаётган аристондай мунғайиб қолибди.


– Билардим, – дебди анчадан сўнг дудуқлана-дудуқлана. – Ойни этак билан ёпиб бўлмаслигини, кўза кунда эмас, кунида синишини билардим, – дебди аъзойи бадани қақшаб. – Бу жамиятда бир марта хатга тушган одам умрбод ўтга тушишини ҳам билардим. Баъзан тиканга ағанагандек, туни билан алаҳсираб чиқардим. Қачондир, кимдир қўлимга кишан уриб, олдига солиб кетишини тушларимда кўрардим. Бугун ўша фурсат етган кўринади... Начора, энди иложим қанча?.. Фақат бир ўтинчим, оилам билан охирги бор хайр-хушлашишимга ижозат берсангиз...


Шунда кутилмаган воқеа рўй берибди. Бадқовоқ меҳмоннинг лузумсиз кўзларида нур чақнаб, совуқ юзларига табассум ёйилибди. У бригадирга хайрихоҳлик ила боқибди.


Ўртоқ бригадир, – дебди ҳар сўзини чертиб-чертиб, – ўзингизни босинг. Мен бу ерга сизни ҳибсга олиш учунмас, балки фавқулодда бир хушхабарни етказиш учун келганман. Бошда айтдим-ку, биз ишни ҳар томонлама пухта-батафсил ўргандик. Пировардида ҳамкасбларимиз озгина шошқалоқлик қилишганини аниқладик. Сиз адоват қурбони бўлишингизга бир баҳя қолган экан. Аслида ҳалол, ишчан инсон экансиз. Исботи – неча йиллардан буён пахтадан мўл ҳосил етиштираётирсиз, фидокорона меҳнатингиз билан дунёда йўлчи юлдуз ҳисобланмиш мамлакатимиз қудратига қудрат қўшаётирсиз. Шунга мувофиқ, беайб деб топилдингиз ва сизга нисбатан қўзғатилган иш ҳаракатдан ётқизилди. Мана, гапимни исботловчи қарор!


Бригадир дабдурустдан қулоқларига ишонмабди. Ногаҳоний янгиликдан маст одамдай довдирабди. Ўзига келгач, сапчиб оёққа қалқибди. Меҳмон узатган ҳужжатни жонҳолатда унинг қўлидан юлқиб олибди. Тик турганича шоша-пиша ўқибди-ю, гўдак бола мисоли баралла ҳўнграб йиғлаб юборибди...


Таассуфки, Худо берса ҳам қўшқўллаб бераркан, урса ҳам қўшқўллаб ураркан. Бечоранинг рўшнолиги узоққа чўзилмабди. Ҳафта оёқлар-оёқламас, хотини иккови ўз уйида сирли равишда вафот этибди. Қишлоқда ,,Кимдир уларнинг овқатига заҳар қўшиб берганмиш”, деган миш-мишлар тарқалибди...


Худди шу лаҳза увада булутлар ой юзини тўсади. Осмонни зулмат чулғайди. Боягина деразамиздан тушиб турган нур қоронғулик қаърига сингиб кетади. Басма-басига шамол тағин-да авжига чиқади. Еру кўкни ямлагудек важоҳатда тинмай ҳуштак чалади. Хонага совуқ сукунат чўкади. Онамнинг бўғзига нимадир тиқилгандай бўлади. Гапиролмай, энтикади. Оғир сўлиш олиб, устма-уст уф тортади. Ҳар хўрсинганида елкалари билинар-билинмас титрайди. Кўзларида ҳалқаланган ёш шишасини тутун қоплаган чироқнинг ожиз нурида зўр-базўр товланади.


Мен онамнинг ғамга ботишини эртакдаги фожиа даҳшатига йўйаман. Йиғисини азбаройи эр-хотинга ачинганидан деб биламан. Кўпроқ бригадирнинг болалари тақдирига қизиқаман. Дилгир ўйлар гирдобидан чиқолмай, қўрқа-писа сўз қотаман:


– Улар омон қолишибдими?


– Кимлар?.. Болаларми? – дейди онам эс-ҳушини йиғиб олиб. – Шўртайгина опа-сингилларнинг тўнғичи ўн иккига, кенжаси тўққизга қадам қўйган, ўғил укалари ниҳояти етти ёшда экан. Хайриятки, улар ўша оқшом эртароқ овқатланиб, барвақт уйқуга кетган, оғу эса таомга кейинроқ қўшилган экан. Аммо биратўла ҳам отадан, ҳам онадан айрилиб қолишгач, тоза қийналибдилар. Бировларди молини боқибдилар, бировларди боғини қўрибдилар. Кимларнингдир боласига қараб, кир-чирларини ювибдилар, кимларнингдир томорқасида ишлаб, ҳовлисини супирибдилар. Хуллас, сағирликди неки азоби бор, барини тортибдилар. Бўйлари чўзилиб, суяклари қотгач, калхозга аъзо бўлибдилар. Пахта етиштирибдилар, пилла тутибдилар. Вақти-соати етиб, оила қуриб, ували-жували бўптилар. Аста-секин ўзларини ўнглаб обтилар.


– Анави, заҳар берганлар-чи, – дейман мен сабрим чидамай. Улар топилибдими?


– Йўқ! – Онам надомат-ла секин бош чайқайди. – Қанча сўраб-суриштиришмасин, қотиллар кимлигини аниқлай олишмабди. Лекин қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади деганлари рост экан. Қишлоқда бир вақтлар бригадирга девор-дармиён қўшни турган сўққабош қария яшаркан. У ўн беш-йигирма қовун пишиғининг нари-берисида бедаво дардга чалиниб, инисининг уйида тўшакка михланиб ётаркан. Омонатини топширар чоғи бригадирнинг зурриётларини ҳузурига чорлаб, кўпйиллик сирни ошкор қилибди. Сизларнинг ота-онангиз умрига, нобакор ўртоғимнинг қутқусига учиб, аслида мен зомин бўлгандим, уларнинг ҳол-аҳволидан хабар олгани кирган киши бўлиб, овқатларига заҳар қўшгандим. Бу қилмишимни ҳозирга довур яшириб келдим. Бир умр аросатда яшадим. Жазодан омон қолсам-да, виждон азобидан қочиб қутулолмадим. Буям камлик қилгандай, тузалмас дардга йўлиқдим”, дебди. Бугун паймонам тўлиб, сафарим қариб турибди. Бошимдан ўтгани ўзимга-ю, ёлғиз Худога аён”, деб тавба-тазарру қилибди. Уддасидан чиқа олсаларинг, гуноҳимдан кечинглар”, дея ялиниб-ёлворибди.


Онам тағин жим қолади. Ортидан чуқур хўрсинади. Мен жавдирабгина сўрайман:


– Опа-укалар уни кечиришибдими?


– Бошқа нимаям қилишарди... – Онамнинг титроқ овози узоқ-узоқлардан аранг эшитилаётгандай туюлади.


– Наҳотки?.. Ахир... – Мен ҳайратдан энтикиб қоламан.


Ўртага оқсоқоллар аралашибдилар. Қариндош-уруғлари чолнинг гуноҳидан ўтишларини сўрашибди. – Онам ўйчан қиёфада ўнг қўлини пешонамга босади. Қадоқ кафти билан беихтиёр юзларимни силайди. – Ўтар дунёнинг ишлари шунақа, ўғлим. Ножўя қилмиш ҳеч қачон жавобсиз қолмайди. Яратган Эгамнинг ўзи адашган бандасини тирноқдан қисса, устига- устак, тузалмас дардни бериб қўйса, бундан ортиқ жазо қайда бор?.. Буни бригадирнинг жигаргўшалари ҳам тушунишибди. Шунинг учун чолни ўлимидан кейин ҳам қарғашмабди.


– Нега?


– Марҳумларни ёмонлаш одобданмас. Чунки инсон боласи онадан фариштадай бегуноҳ туғилади. Ҳаётлигида нимаики яхши ёки ёмон иш қилса, ҳаммаси тупроқ устида қолади. Вужудни жон тарк этгач, қабрга қуруқ жасаднинг ўзи тушади. Мурдада айб бўлмайди.


Онам кўрпани устимга тортаркан, сўзига якун ясайди:


– Ана, айтмовдимми, мани эртагим сираям қизиқмас. Сан ҳали буни тушунмайсан. Бир кун улғайсанг, мавриди келиб, ҳаммасини ўзинг билиб оларсан. – У бир оз сукут сақлагач, қўшимча қилди. – Балки, ўшанда мани эртагимни давом эттирарсан. Балки, қаловини топиб, уни яхшилик билан тугатарсан, хўпми?


– Хўп! – Мен ўзим билмаган ҳолда ваъда бериб юбораман.


Онам бундан руҳланиб, елкамга оҳиста қоқади:


– Ўзим ўргилайин сандан, энди ухла, болам.


У бошқа сўз қотмайди. Пешонамдан ўпиб, ўрнидан қўзғалади. Ғамгин қиёфада чироқ сари юради. Унинг шишасини тозалаб, пилигини баландлатади. Сўнгра унсизгина одимлаб, тахмондаги эски сандиққа яқинлашади. Устидаги кўрпа-ёстиқларни туширгач, зил-замбил қопқоқни даст кўтаради. Сандиқни титкилаб, ичидан оқ сурпга ўралган, жигарранг муқовали қандайдир китобни чиқаради. Ғуборини енги билан артади. Саҳифаларини варақлашдан олдин кўзларига суртади. Шу асно лаблари изтиробли шивирлайди. Бармоқлари алланечук қалтирайди.


У шу кўйи ҳайкал янглиғ тош қотади. Миқ этмай ўтираверади, ўтираверади... Дераза токчасида яна ой шуъласи ўйнайди. Шамол тўхтаб, ҳаммаёқ сув қуйгандай тинчийди. Чироқ равшан нур соча бошлайди. Мен онамни кута-кута кўзим уйқуга қандай илинганини сезмай қоламан...


...Ажаб, онам ўша эртагини кейинчалик бирон мартаям қайта эсламади. Аксига олиб, мен ҳам ҳеч сўрамадим. Бироқ...


Мактабни битираётган йилим тасодифан аччиқ бир ҳақиқатдан огоҳ топдим: онам тилга олган мунгли воқеа чўпчак эмас, аслида унинг ўз бошидан кечирганлари экан. Хусуматга учраган йигит волида томонидан бобом, унинг чирқираб қолган фарзандлари эса холам, онам ва тоғам экан.


Буни етти авлодимизни тушунтираётиб, гап орасида отам айтиб қолди. Мен “Наҳотки!” дегандай, онамга юзландим. У индамади. Анча вақт нигоҳларини ерга қадаб ўтирди-ўтирди-да, охири ўрнидан сас-садосиз қўзғалиб, ҳамон эски сандиқ сақланаётган уйга кириб кетди. Мен унинг ортидан эргашишга журъат қилолмадим. Кейинчалик ҳам бу ҳақда сўрашга ботинолмадим. Шу важдан, онам тириклигида болалигимда унга берган ваъдамнинг устидан чиқолмадим. Ҳарчанд уринмай, онам айтган ҳикоятни давом эттириб, эзгулик билан тугатолмадим.


Ниҳоят, бу тонг уни шамол увиллаган, бўрон қутурган, олис-олисларда қолиб кетган аёзли қиш кечаси қай тарзда эшитган бўлсам, ўша ҳолича қоғозга туширдим. Ўзимдан ҳеч нарса қўшмадим, қўшолмадим... шундайлигича сизга илиндим. Негаки, бу етимлик азобини хўп тортган онамнинг эртаги... Ота-она меҳрига зор-интизор ўсган онамнинг ҳақиқатдан яралган эртаги... Унинг абадул-абад ушалмаган, мангу қароргоҳига ўзи билан бирга олиб кетган қалб армони...


Сиз нима дейсиз, билмадим. Лекин, менимча, оналарнинг дили тубидан чиққан калом иймон қадар муқаддас бўлади. Уни ўзгартириш, тўлдириш асло жоиз эмас. Айни чоғда, лоақал бирор сатрини тушириб қолдириш ҳам сира-сира мумкин эмас...


(Давоми бор)


Абдунаби ҲАЙДАРОВ


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид