Ҳар бир лаҳзадан ҳикмат излаб яшанг
Яқин танишим Аҳмадиллонинг шахсий ҳаётида кўп йўқотишлар бўлди. Камига яхшигина ойлик маош билан ишлаб турган ишхонасида раҳбарнинг турли бўлар-бўлмас босимлари. У бир муддат ҳаётнинг зарбаларидан эсанкираб қолди.
Кейин дўппини бир ерга қўйиб бошидан ўтган ишларни имконият, дея қабул қилиб, янги ишхонасида белини маҳкам боғлаб ишга шўнғиб кетди. Чунки яхши мутахассис ҳеч вақт кўчада қолмайди-да.
Ҳаш-паш дегунча аввалгидан кўра яхши маош олиб ҳаётини изга сола олди.
Аслида, бу каби синовлар ҳар бир кишининг бошига тушиши мумкин. Муҳими, ҳамма гап ана шу синовлар олдида ўзини йўқотиб қўймасликда.
Мутахассис психологларнинг билдиришича, ҳар бир сўз ўзининг куч ва қудратига, ҳисларига ва ҳаракатларига эга.
СИНОВ ва ИМКОНИЯТ сўзларини талаффуз қилиб кўринг. Ҳар бирини айтгандан сўнг, ичингиздаги ҳислар ва хаёлингиздаги ҳаракатларга эътибор беринг.
Нима ҳис қиляпсиз? Уларнинг куч ва қудратини сездингизми?
Кўпинча: «Синовли кунлар», «Энди бу ҳам синов», «Бу синовдан ўтиш керак», деймиз. Аслида, бу синов эмас, балки имконият.
Янги маррани эгаллаш ва янги ҳаёт яратиш учун имконият.
«Синов» сўзини айтганда, танамиз сергакланади, аммо яратиш имконияти ҳақида унута бошлаймиз. Гўё жазоланаётгандек ҳис қиламиз ва ўзимизга қаттиқ талаблар қўямиз: «Бу менга келган синов!», дея бошимизни қотирамиз
Аммо ИМКОНЯТ деганимизда яратамиз, қанақа бўлса хам имкон берилди. Яхшилик берилди, меҳр, севги берилди деган ҳислар уйғонади. Талабларсиз биз қандай хоҳласак шундай яратишни бошлаймиз.
Кўпинча бошимизга тушган синовлар тақдир томондан бизлар учун юборилган покловчи омил вазифасини бажаради. Аслида, бу синовлар ақл-шууримизга етказилаётган хабар ва огоҳлантириш.
Қанча ғам-ташвишнинг орқасида қувонч, қанча зарарнинг орқасида фойда, қанча қийинчиликлар ортида имкониятлар, мукофотлар борлигини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.
Шундай экан, ҳар кунги сўзларингизга эътибор беринг.
Ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасидан ҳикмат излаб яшанг.
Муҳими, ҳаётнинг ҳар бир синовини имконият ўрнида қабул қилинг. Фақат шундагина ўсасиз, ривожланасиз.
Анваржон ҲАЛИМОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0