Фарзандингизни қандай ўқитувчи ўқитишини хоҳлайсиз?
Боғот туманидаги ихтисослаштирилган таълим муассасасида 46 нафар педагог фаолият юритмоқда. Уларнинг 36 нафари олий , 10 нафари биринчи тоифага эга.
Муассасада таҳсил олаётган 479 нафар ўқувчининг ҳар бирига индивидуал ёндашув асосида иқтидор ва қобилиятларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. 2024–2025 ўқув йилида мактабни битирганларнинг 96 фоизи олий таълим муассасаларига киришга муваффақ бўлди.
Аҳамиятли жиҳати, таълим муассасасидаги барча ўқитувчилар миллий ва халқаро сертификатларга эга. Шу боис, улардан 35 нафари 10 миллион сўмдан зиёд маош олмоқда. Бундан ташқари, 300 нафар ўқувчи ҳам миллий ва халқаро сертификатга эга. Бу эса уларга замон талаблари асосида, юқори даражада таълим берилаётганидан далолат беради.
Касбидан фахрланувчи муаллим
– Ўн йилдан буён ўқитувчиман, – дейди муассасада математика фанидан дарс берадиган Неъматжон Камолов. – Бобом ҳам, ота-онам ҳам муаллим бўлишган. Мен дафтар-китоблар ичида улғайганман. Уларнинг меҳнатини, ҳалол ҳаётини кўриб, шу касбни танлаганман. Энди эса иш шароитим ва оладиган маошимни кўриб, улар менга ҳавас қилишади. Улар оғир шароитда, кам ҳақ эвазига меҳнат қилган бўлсалар, мен бугун 20 миллион сўмдан зиёд маош оляпман.
Неъматжон бу даражага тасодифан етишмаган. Урганч давлат университетида бакалавриат, Ўзбекистон Миллий университетида магистратура босқичини муваффақиятли тамомлаган. Ўз касбига садоқат билан ёндашиб, ўқувчиларнинг билим ва иқтидорини ривожлантиришни бурчи деб билади. Унинг фан олимпиадалари бўйича тайёрланган қўлланмалари кенг оммалашган, шогирдлари эса республика ва халқаро олимпиадалар ғолиблари қаторида.
– Севимли шогирдларимдан бири Мақсадбек Эгамбердиев билан биргаликда кўплаб ютуқларга эришдик. У 7-синфдаёқ Қўқон давлат педагогика институти грантини қўлга киритди. Бу биз учун катта мотивация бўлди. Ундан кейин бошқа ўқувчиларим ҳам қатор муваффақиятларга эришмоқда. Мақсадбек халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлиб, шу йил “Мард ўғлон” мукофоти билан тақдирланди. Яна бир шогирдим Абдураҳмон Шоназаров эса “Гарвардчилар мактаби” деб танилган Ал-Беруний номли халқаро мактабга қабул қилинди. Бу мактабга бутун республика бўйича бор-йўғи 60 нафар ўқувчи танлаб олинади. Улар орасида менинг шогирдим ҳам борлиги мен учун катта ифтихордир, – дейди устоз.
Неъматжон Камолов бугун ўқитувчи меҳнати муносиб қадрланаётганини мамнуният билан таъкидлайди:
– Ўқитувчилар учун яратилган имкониятлардан унумли фойдалансак, нафақат 1000, балки 2000 АҚШ долларига тенг ойлик маош олишимиз мумкин. Жорий йил Туркманистонда ўтказилган олимпиадада гуруҳ раҳбари сифатида қатнашдим. Вьетнамда бўлиб ўтган 25-халқаро мусобақада Ўзбекистон жамоасига раҳбарлик қилдим. Шуниси аниқки, бундай имкониятлар бўлмаганида, бу давлатларга боришни тасаввур ҳам қилмасдим.
"Ўз фарзандимни қандай ўқитувчига топширган бўлардим?"
– Яхши ўқитувчи бўлиш учун, аввало, ўз касбингни чин дилдан севиш ва ҳалол, таъмасиз меҳнат қилиш зарур, – дейди у. – Ҳар бир ота-она фарзандини энг яхши ўқитувчи қўлига топширишни истайди. Мен ўзимга ҳам бу саволни кўп бераман: “Неъматжон, сен ўз фарзандларингни қандай ўқитувчи ўқитишини хоҳлардинг?” Ушбу савол мени тинимсиз изланишга ундайди. Ўз идеалимдаги ўқитувчи бўлишга ҳаракат қиламан. Ўқитувчилик касби машаққатли, аммо шарафли. Ўқитувчилар сулоласи давомчили эканлигимдан ҳамиша фахрланаман.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/51
0
0
0
0