Ислом цивилизациясида буюк алломаларимизнинг ҳиссани қандай?
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида илмий-амалий конференция ўтказилди
Марказий Осиё минтақаси минг йиллик бой тарихга эга. Турли даврларда улкан цивилизациялар вужудга келиб, ўзининг гўзал тарихини яратган. Айниқса Марказий Осиёда Ислом цивилизацияси алоҳида ўрин тутади. Ушбу бой меросни ўрганиш, илмий изланишлар олиб бориш, Ислом оламига оид манбаларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш, буюк алломаларимизнинг ислом динининг ривожланишига қўшган улкан ҳиссаларини ўрганиш мақсадида “Марказий Осиёда ислом цивилизацияси: ўтмиш ва ҳозирги замон” мавзусида VI халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Мазкур конференция Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (ИРCИCА) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Илмий ишим давомида шуни билдимки, бобурийларнинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси беқиёс. “Бобурнома”ни араб тилига таржима қилганимдан ғурурланаман, – дейди Миср Араб Республикаси Қоҳира университети Шарқ тиллари кафедраси профессори Жалол Саид Ҳафнавий.
– Ҳозирда Миср ва Ўзбекистон Президентларининг дўстона ва ижобий алоқалари янги босқичга кўтарилди. Зеро, бу ўлка мутафаккирлари тарихан Миср билан ҳар жабҳада дўстлик, илм-маърифат улашишда пешқадам бўлган. Биргина Аҳмад Фарғоний Нил дарёсидаги сув сатҳини ўлчайдиган Миқёси Нил иншоотини қуришда бошчилик қилган. Ушбу иншоот ўша давр учун жуда катта илмий янгиликка айланиб, минг йиллар давомида халқимиз учун хизмат қилиб келди. Қоҳирада Аҳмад Фарғонийга атаб қурилган ҳайкал ва боғ ҳам мавжуд. Бу ҳам халқларимиз ўртасидаги ўзаро муштараклик, эҳтиромнинг яна бир амалий кўринишидир. Дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, олим-у фузалолар етишиб чиққан бу заминга ташриф буюрганимдан жуда мамнунман.
Анжуманда Марказий Осиёнинг ислом цивилизацияси ривожидаги тарихий ўрни, минтақа алломаларининг илмий-маънавий меросини ўрганиш борасида олиб бораётган илмий тадқиқотлари ҳақида сўз борди. Ушбу тадбир доирасида Марказий Осиёда ислом цивилизациясига оид бўлган 160 га яқин мақолалар жам бўлган тўплам 100 нусхада нашр этилгани билан аҳамиятлидир.
Анъанавий тарзда 6 йилдан бери ўтказилаётган халқаро конференция нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё маданий меросини ўрганиш ва оммалаштириш ҳамда минтақа халқлари ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Диёра Равшанова
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0