Биз яшаётган кўп қаватли уйлар учун мажбурий бадал суммаси уч бараварга кўтарилибди. Шу тўғрими?
— Кўп қаватли уйда истиқомат қиламиз. Бизга хизмат кўрсатадиган компаниянинг айтишича, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 15 апрелдаги 114-сон буйруғига асосан мажбурий бадал (таъриф) суммаси май ойидан бошлаб салкам уч бараварга кўтарилибди. Компания ҳеч қандай умумий йиғилиш қарорисиз мажбурий бадал суммасини ўзгартириш ҳуқуқига эгами?
Нодира Собижонова,
Тошкент шаҳри
Ушбу саволга ҳуқуқ бўйича мутахассис, эксперт Муҳаммадамин КАРИМЖОНОВ жавоб берди.
— Давлатимиз раҳбарининг “Кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 278-сон қарори асосида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг “Кўп квартирали уй-жой фонди умумий мулкни ва унга туташ ҳудудларни сақлаш учун мулкдорларнинг мажбурий бадаллари ёки тўловларининг энг кам миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди.
Айрим БСК (Бошқарув сервис компаниялари) мазкур буйруқни асос қилиб, мажбурий бадаллар ёки тўловлар миқдорини ғайриқонуний равишда оширмоқдалар!
Кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги муносабатлар “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Мазкур Қонуннинг 6-моддасига кўра, умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун жойлар мулкдорлари мажбурий бадалларининг ёки тўловларининг миқдори умумий йиғилиш қарори билан белгиланади.
Қонуннинг 28-моддасида кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан жойларнинг мулкдорлари ўртасида ҳар бир жой мулкдори билан ушбу Қонун талабларига мувофиқ ёзма шаклда, умумий йиғилиш қарорларида кўрсатилган шартлар асосида тузилиши белгиланган.
Ушбу модданинг учинчи қисмида кўп квартирали уйни бошқариш шартномасида шартнома нархини белгилаш тартиби, шунингдек тўловни тўлаб бериш тартиби кўрсатилган бўлиши кераклиги белгиланган.
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 356-моддасига кўра, шартномани бажарганлик учун тарафларнинг келишуви билан белгиланган баҳода ҳақ тўланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда тегишли ваколатга эга бўлган давлат органлари белгилайдиган ёки тартибга соладиган баҳолар (тарифлар, рассенкалар, ставкалар ва ҳ.к.) қўлланилади. Шартнома тузилганидан кейин баҳони ўзгартиришга қонунчилик ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда ва шартларда йўл қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг 2024 йил 15 апрелдаги 114-сон буйруғининг 3-бандида “жорий йилдан бошлаб кўп квартирали уйларнинг бошқариш органлари ҳамда мулкдорлар томонидан мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг умумий йиғилиш орқали юқоридаги низом талабларига асосан минимал ишлар рўйхатидан келиб чиқиб, белгиланишини назоратга олиш” қайд этилган.
Юқоридагиларга асосан, мажбурий тўловларнинг миқдорини ўзгартириш учун умумий йиғилиш ўтказилиши ва мажбурий тўловларнинг миқдорини ўзгартириш бўйича тегишли қарор қабул қилиниши ҳамда мазкур умумий йиғилиш қарорида кўрсатилган шартлар асосида ҳар бир мулкдор билан тузилган кўп квартирали уйни бошқариш шартномасига тегишли ўзгартириш киритилиши лозим (шартномада шартнома баҳосига бир томонлама ўзгартириш киритиш назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).
Мазкур тартибга амал қилинмасдан, компания томонидан мажбурий тўловларнинг миқдори бир томонлама ўзгартирилган бўлса, оширилган миқдордаги мажбурий тўловларни тўлашга мажбур эмассиз.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0